Наврўз умумхалқ байрами Тошкентдаги дипломатия корпуси вакиллари нигоҳида
  • 23 Март 2016

Наврўз умумхалқ байрами Тошкентдаги дипломатия корпуси вакиллари нигоҳида

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантаналарнинг дипломатия корпуси вакилларидан иборат фахрий меҳмонлари “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбирларига ушбу айём ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини сўзлаб беришди.

Юрий ШТЕРК, Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари:

— Табиат уйғониши рамзи бўлган мазкур ажойиб ва гўзал байрамда катта мамнуният билан иштирок этдим. Наврўз дунёнинг қатор мамлакатларида нишонланади, бироқ у айнан Ўзбекистонда алоҳида, кенг қамровли шодиёна сифатида қарши олинади. 

Фурсатдан фойдаланиб, барча ўзбекистонликларга фаровонлик ва ободлик ёр бўлишини тилайман.

 

Найтхарт ХЁФЕР-ВИССИНГ, Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси: 

— Мен Наврўз айёмига бағишланган байрам тадбирида ҳамиша иштирок этаман. Бу ўзбек халқи маданияти билан бевосита ошно бўлиш, республиканинг турли минтақаларидаги урф-одатлар билан яқиндан ташишиш ва бетакрор куй-қўшиқлардан баҳра олиш учун ўзига хос ажойиб имкониятдир. Мамлакатингизда фаолият юритар эканман, Наврўз ўзбекистонликлар учун фақатгина баҳор кириб келиши байрами эмас, балки у халқнинг кўп асрлик миллий қадрият ҳамда урф-одатларига нисбатан ҳурмати ва муҳаббатининг ифодаси эканлигини англадим. 

Дунёнинг кўпгина ҳудудларида беқарор вазият ҳукм суриб турган, низо ва қарама-қаршиликлар давом этаётган бир шароитда Ўзбекистон тинчлик ҳамда осойишталик муҳитида ушбу баҳор шодиёнасини нишонламоқда. Бу мамлакат раҳбарияти томонидан юритилаётган оқилона сиёсатнинг натижасидир. Ўзбекистон ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли ҳамкорлик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга ошира бориб, халқаро майдонда юксак обрў-эътибор қозонди.

 

Риккардо МАНАРА, Италия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Наврўз йилнинг энг муҳим байрамларидан бири. У табиат уйғониши рамзи ҳисобланади. Бу айём ўзбек халқининг тарихи ва маданиятини ўзида мужассам этган. Мен ўзбекистонликларга ўзимнинг энг эзгу тилакларимни билдираман. 

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, республика иқтисодиёти изчил ўсиб, ривожланмоқда. Автомобилсозлик тармоғи бунга мисол бўладиган соҳалардан бири ҳисобланади.  

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги муносабатларнинг изчил равнақ топаётганини алоҳида қайд этишни истар эдим. Жумладан, мамлакатимиз ташқи ишлар вазирининг ўтган йил ноябрь ойида Тошкентга ташрифи бунинг тасдиғидир.

 

Эдгарс БОНДАРС, Латвия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси: 

— Наврўз байрами муносабати билан ўтказиладиган тантаналарда учинчи маротаба қатнашаётганим мен учун катта шарафдир. Бу айём, том маънода, умумхалқ байрами эканлигини ҳар йили чуқур ҳис этаман. Наврўз нафақат табиат уйғониши ва одамлар қалбидаги янгиланишлар, балки мамлакат ҳаётининг барча жабҳасида янги ташаббуслар рамзи ҳамдир.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқига туганмас бахту иқбол, фаровонлик, тараққиёт ҳамда ҳар бир хонадонга тинчлик-хотиржамлик тилайман.

 

Петер САНТО, Венгриянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси: 

— Мен яқиндагина ўз миссиямни бажаришга киришган бўлсам-да, юртингизни жуда ёқтириб қолганимни айтишни истар эдим. Ўзбек халқи ўзининг дўстона самимияти ва меҳмондўстлиги билан ажралиб туради.  

Наврўз байрамига бағишланган тантаналарни биринчи маротаба кузатар эканман,  ушбу тадбирнинг маҳобати ҳамда гўзаллиги, миллий либосларнинг ноёблиги, маросим иштирокчиларининг кўзларида акс этган самимийликдан қаттиқ таъсирландим. Ўзбекистонда Наврўз сингари ажойиб байрам, миллий анъана ва урф-одатлар шу қадар юқори даражада асраб-авайланаётгани, улар янада бойитилаётгани билан яқиндан танишиш менга катта мамнуният бағишлайди. 

Президент Ислом Каримовнинг Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзини алоҳида қизиқиш билан тингладим. Наврўз фаслида турли низо ва адоватлар, гина ҳамда аразлар унутилиб, одамлар, миллат ва элатлар ўртасида оқибат, мурувват, ҳамжиҳатлик каби инсоний туйғулар янада кучайиши ҳақидаги фикрлар диққатга сазовордир. Меҳр-муҳаббат, бағрикенглик ҳамда олийҳимматлилик фазилатлари барча миллат ва халқ учун янада яқин бўлиб бормоқда.

Шундай гўзал ҳамда муҳим байрам гувоҳига айланганимдан мамнунман. Шу боис ўзбекистонликларни мазкур айём билан табриклаб, уларга муваффақиятлар, мустаҳкам соғлиқ ва албатта, хушкайфият тилайман.

 

Фумихико КАТО, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси: 

— Наврўз инсонпарварлик руҳи билан тўлиб-тошган. У дўстлик, ҳамжиҳатлик, маънавий комиллик, анъаналарга содиқлик сингари умуминсоний қадриятларни ўзида мужассам этган. Айнан шунинг учун ҳам у кўп миллатли Ўзбекистон халқининг қалбларида ўз ифодасини топган. Мамлакат халқи Наврўзни интиқиб кутади ва уни катта завқ-шавқ билан нишонлайди.

Ушбу байрам муносабати билан ўтказилган тантанада иштирок этиш мен учун шарафдир. Президент Ислом Каримовнинг Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги самимиятга йўғрилган табрик сўзи менда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон раҳбарининг ўзбек халқига, энг аввало, тинчлик ва омонлик керак, деб айтган сўзлари бугунги кунда дунёда ҳукм сураётган беқарорлик вазиятида жуда долзарб аҳамиятга эгадир. 

 

Сунь ЛИЦЗЕ, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси: 

— Ассалому алайкум. Бу ажойиб байрам тантаналарида бир неча маротаба иштирок этмоқдаман. Наврўз хотиржамлик, эзгулик ва тинчлик, бахтли ҳаёт ҳамда баҳор кириб келиши рамзидир. Ўзбекистоннинг ноз-неъматларга бой заминида яшаётганларнинг барчаси Наврўзни хушкайфият ва катта завқу шавқ билан кутиб олади. 

Мамлакатингизда бўлгани сингари Хитойда ҳам худди шунга ўхшаш баҳор байрами кенг нишонланади. Бу тантанада қатнашиш менга катта мамнуният бағишлайди. Ўзбек халқини ажойиб айём — Наврўз билан самимий муборакбод этишни, унга янада катта фаровонлик, бахту иқбол ва фароғат тилашни истар эдим. Буюк ўзбек шоири Алишер Навоий айтганидек, “Ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!”

 

Владимир ТЮРДЕНЕВ, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси: 

— Мен бу ажойиб байрамда бир неча бор қатнашганман. Ўзбеклар ва дунёнинг бошқа халқлари ўртасида нишонланадиган ушбу айёмнинг келиб чиқиши асрларга бориб туташади. Ўзбекистонда эзгу анъаналарни бойитишга, бой тарихий ҳамда маданий меросни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 1990 йилдаёқ республика Президенти 21 март — Наврўз айёмини умумхалқ байрами, деб эълон қилиш тўғрисидаги Фармонни имзолагани бу фикрнинг тасдиғидир. Шундан буён Наврўз мунтазам равишда кенг миқёсда қарши олинмоқда. Бу тантана — кўклам айёми, табиат уйғониши, тун ва кун тенглигининг рамзи бўлган Наврўзи олам киши қалбида чуқур ҳис-туйғуларни уйғотади.  

Театрлаштирилган саҳна чиқишлари ҳамиша ажойиб тарзда ташкил этилади. Биз ҳар сафар янги ва қизиқарли концерт дастурларини кутамиз ҳамда кутганларимиз ҳамиша рўёбга чиқади. Шуниси қувонарлики, тантаналарда борган сари ёшлар кўпроқ иштирок этаяпти. Ўзбекистонда баркамол авлодни тарбиялашга йўналтирилган сиёсатга катта эътибор қаратилмоқда. Яқинда давлат раҳбари раислигида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтгани ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин тасдиғидир. Бундай ёндашув жуда узоқни кўзлаган сиёсат юритилаётганини билдиради, чунки навқирон авлод ҳар қандай мамлакатнинг келажагидир. 

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқини Наврўзи олам билан табриклайман, мамлакат аҳолисига бахт-саодат, фаровонлик тилаб, ўзимнинг энг эзгу тилакларимни изҳор этаман. 

 

Риаз Ҳуссайин БУХАРИ, Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси: 

— Покистон халқи номидан Ўзбекистон аҳолисини баҳор айёми — Наврўз байрами билан самимий муборакбод этаман. Ўзбекистонликларга тинчлик-хотиржамлик, тараққиёт ва фаровонлик тилайман.

Шу кунларда бутун Ўзбекистон бўйлаб ўтаётган байрам тантаналари давлатнинг бирдамлигидан, бу табаррук заминда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик ришталари мустаҳкам эканлигидан далолат беради. 

Бу шодиёна Ўзбекистон аҳолиси учун орзиқиб кутиладиган сана ҳисобланади. Чунки Наврўз янгиланиш ҳамда баҳорий уйғониш рамзидир. Бугун ушбу майдонда туриб, Наврўзнинг қудрати ва руҳини яна бир карра чуқур ҳис қилдим. У сўзда эмас, балки амалда халқларни бирлаштиради.

Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар бундан кейин ҳам изчил ривожланиши ва мустаҳкамланишига ишончим комил.

 

Анак САНТИКА, Индонезия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси: 

— Мен Индонезиянинг элчиси сифатида гўзал Наврўз байрами муносабати билан мана шундай ажойиб тантанада иккинчи маротаба иштирок этишга муяссар бўлдим. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқига ва раҳбариятига ўзимнинг энг эзгу тилакларимни йўллайман. 

Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, бугунги кунда мамлакатингиз иқтисодиёт тармоқларида ва бошқа соҳаларда улкан натижаларни намойиш этмоқда. 

Қолаверса, Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида муносабатларни янада чуқурлаштириш, жумладан, ўзаро иқтисодий ҳамкорлик кўламларини кенгайтириш юзасидан катта салоҳият мавжуд эканлигини таъкидлашни истар эдим. 

Халқларимиз ўртасида янада яқин алоқаларнинг ўрнатилиши мамлакатимиз учун муҳим аҳамиятга эгадир.  

 

Насер БУШЕРИТ, Жазоир Халқ Демократик Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:  

— Кун ва тун тенг бўладиган санада нишонланадиган баҳор айёми — Наврўз байрами қиш интиҳоси ва баҳор кириб келиши, табиат янгиланиши ҳамда бутун тирик мавжудот уйғониши рамзидир. Миллати, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар, бу табаррук заминда яшайдиган ҳар бир инсон Наврўзни энг ёрқин сана сифатида кўтаринки кайфият билан қарши олади. 

Шуни айтиш ўринлики, Наврўз кунлари турли миллат вакиллари ўртасидаги тинч-осойишта ҳаёт, дўстлик, ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик янада кўпроқ қадрланади ҳамда улуғланади. Шу боис ушбу табаррук заминдаги барқарорлик бундан кейин ҳам фақат мустаҳкамланажагига умид билдираман.

Ўзбек халқини Наврўз байрами билан қутлаш, ўзимнинг чуқур ҳурматимни ва энг эзгу тилакларимни изҳор этиш менга катта мамнуният бағишлайди. 

 

Зулкифли ибн БАХАРУДДИН, Сингапур Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Сингапур шаҳрида):    

— Ўзбек халқи билан бирга ушбу тантаналарда яна қатнашаётганим ва баҳорнинг кириб келишини нишонлаётганим менга катта мамнуният бағишлайди. Наврўз фақат табиат уйғониши ҳамда гўзаллик байрамигина эмас, балки ўзбек халқининг асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, янги мазмун-моҳият билан бойиб бораётган беқиёс маданияти ва анъаналарининг бир қисмидир. 

Бу ажойиб кунда одамлар бир-бирларига алоҳида ҳурмат ва мурувват кўрсатишади, хасталар ҳамда ёрдамга муҳтож кишилар қўллаб-қувватланади. Наврўзнинг яна бир бетакрор, ўзига хос жиҳати шундаки, у ҳар бир мамлакатда, бутун дунёда тинчлик ҳамда хотиржамликни сақлашга даъват этади. Қадим замонлардаёқ Наврўз айёми кунлари гина ва аразлар унутилган, низо ҳамда урушлар тўхтатилган. 

Бугунги тантанада иштирок этар эканман, ўзбек маданияти гўзал ва ноёб эканлигига яна бир бор амин бўлдим. Бу ерда намойиш этилган ашула ва рақслар, меҳмонларга таклиф қилинган миллий таомлар — сомса, турли қуруқ мевалар ҳамда ширинликлар ва албатта, сумалак узоқ вақт хотирамизда қолади.

 

Эдуардо МЕНЬЕЗ, Филиппин Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Манила шаҳрида):

— Наврўз байрамида илк бор иштирок этдим. Ушбу тантана менда унутилмас таассурот қолдирди. Филиппин халқи ҳам баҳорнинг кириб келишини кенг нишонлайди. Бироқ Ўзбекистонда, ўзим амин бўлганимдек, бу айём ўзгача муҳит ва катта миқёсда байрам қилинар экан. 

Дарҳақиқат, қайси миллат ва элат вакили бўлишидан қатъи назар, Наврўз барча ўзбекистонликларнинг севимли байрами бўлиб, у тинчлик ва ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва бир-бирини ўзаро тўғри тушунишнинг рамзи ҳисобланади. Бу жиҳат намойиш этилган концерт дастурида ҳам ўз ифодасини топди. Турли тилларда ижро қилинган ашулалар мамлакатда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик, инсоний қадриятларни намоён қилгани баробарида, Ўзбекистондаги эркинлик ва тинчликни, халқлар дўстлигини, баҳор ҳамда муҳаббатни тараннум этди. 

Шуниси қувонарлики, ўзбекистонликлар ушбу қутлуғ байрамни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда эришилган улкан муваффақиятлар билан кутиб олмоқда. Республика, шубҳасиз, янги чўққиларни забт қилгани ҳолда, ўзи танлаган йўлдан олдинга томон ҳаракатланишда давом этади. 

 

Лэсли ВИГУРИ, Америка Қўшма Штатлари дипломатия миссияси раҳбарининг ўринбосари: 

— АҚШнинг Ўзбекистондаги дипломатия ваколатхонаси номидан Ўзбекистон халқини гўзал Наврўз байрами билан табриклашга ижозат берсангиз. Бугун бу ерда бўлаётган мана шундай ажойиб тантанада иштирок этганимдан жуда мамнунман. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро муносабатлар қатор йўналишларни, жумладан, савдо, илм-фан, инновация технологиялари ва бошқа соҳаларни қамраб олаётганини таъкидлашни истар эдим. 

 

Епископ Ежи МАЦУЛЕВИЧ, Ўзбекистондаги рим-католик маъмуриятининг маслаҳатчиси:

— Ўзбекистон халқини чин дилимдан ажойиб айём — Наврўз билан қутлаш ва ўзимнинг энг эзгу тилакларимни билдириш менга улкан қувонч бағишлайди. 

Ўзбекистон халқи табиат уйғониши ва шарқона янги йилнинг бошланишини ўзида мужассам этган энг севимли байрамларидан бирини нишонламоқда. Маълумки, Наврўзнинг келиб чиқиши инсоният тарихида ёзув кашф этилгунга қадар бўлган ўтмиш даврига бориб тақалади. 

Бу байрамнинг ўрни ва аҳамияти фақат инсон ва табиат уйғунлигида сезилибгина қолмай, жамиятда инсонпарварлик, эзгулик ҳамда меҳр-шафқат, яхши қўшничилик ва бағрикенглик, ёш авлодни миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда ҳам ўз тасдиғини топаётганида кўринади. 

Шуниси қувонарлики, Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар вакиллари ўзаро дўстлик, тинчлик ва фаровонликда яшамоқда, мамлакатда ҳамжиҳатлик ҳамда миллатлараро тотувлик ҳукм сураяпти. 

 

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn