Ватанга садоқат намунаси
  • 23 Март 2016

Ватанга садоқат намунаси

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, яқиндагина чақирув ёшига етган йигитлар муддатли ҳарбий хизматга кузатилган эди.

Аскарлик либосини кийиб, бошланғич ҳарбий ҳамда умумқўшин тайёргарлик машғулотларида армия ҳақида муайян тасаввурга эга бўлган, ўзига билдирилган ишончни чуқур ҳис этган ана шу мард ўғлонлар куни кеча ҳарбий қасамёд қабул қилишди.

Шу муносабат билан жойларда ўтказилган тантанали маросимларда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вакиллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда ота-оналар қатнашди.

Тадбирларда таъкидланганидек, ўтган даврда қабул қилинган ва чуқур ўйланган ислоҳотлар дастурини амалга ошириш натижасида Ўзбекистонда профессионал тайёргарликка эга бўлган, мамлакатимиз хавфсизлиги ҳамда ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир миллий армия барпо этилди. Бугунги кунда Қуролли Кучларимиз сафларига мустақиллик йилларида туғилиб вояга етган, юртимиздаги замонавий лицей ва коллежларда таълим-тарбия олган, ахборот-коммуникация технологиялари, хорижий тилларни пухта биладиган, энг асосийси, ҳаёт ҳақида ўзининг мустақил фикри ва қарашига, ахлоқий-маънавий қадриятларига эга ёшлар кириб келаяпти. Улар халқимизнинг ишончи ҳамда таянчидир.

Пойтахтимиздаги “Ватанга қасамёд” монументи олдида ташкил этилган ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросими ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Айтиш жоизки, ушбу монумент юртимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга бел боғлаган фидойи ўғлонларимиз шарафига қўйилган обидадир.

— Миллий армиямизда хизмат қилиш — ҳар бир йигитнинг орзуси, — дейди пойтахтимиздаги ҳарбий қисмлардан бирида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган оддий аскар Шоҳжаҳон Қосимов. — Мен ана шу ниятимга эришганимдан фахрланаман. Бугун мана бу улуғвор, ўзида чуқур маънони ифода этган мажмуа олдида ҳарбий қасамёд қабул қилганим эса ҳаётимдаги энг унутилмас кунлардан бири бўлиб қолиши, шубҳасиз. Аҳдимда қатъий туриб, жонажон Ўзбекистонимизга чин юракдан хизмат қиламан.

Ғурур, садоқат ва ориятни энг олий қадрият, деб биладиган халқимиз учун бу шунчаки расмий тадбир эмас, балки йигитлик шаъни, ор-номусини ўртага қўйиб, ўз зиммасидаги масъулиятли ҳамда шарафли бурчни адо этишга бел боғлаш, аҳд-паймон қилиш маросимидир. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округда ўтказилган тадбирда ҳам ана шу жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

— Ўғлим Муҳриддинжон бир гуруҳ сафдошлари қаторида ҳарбий қасамёд қабул қилганини кўриб беҳад қувондим, — дейди тантанали маросимга Марғилон шаҳридан келган Муҳайё Мусаева.— Ўз навбатида, командирлари у ҳақда илиқ фикрлар билдирди. Бундан ғурурланиб кетдим. Бу — ота-она учун энг катта бахт. Ҳарбий қисмда фарзандларимиз учун яратилган шароитлар билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик. Ҳаммаси рисоладагидек. Кенг ва шинам хоналар, ошхоналар. Таомларнинг тўйимлилиги, мазалилигини айтмайсизми!? Бунинг учун давлатимиздан миннатдормиз.

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманилик Абдуҳамид Дадахонов оила аъзолари билан ўғли Баҳодирнинг ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимида иштирок этиш учун Фарғонага борди.

— Юртимизда Наврўз байрами шукуҳи кезиб юрибди, — дейди у. — Тўю тантаналар қизғин давом этаяпти, одамлар хурсандчилик қилиб, бир-бирларини шарқона янги йил билан қутлашмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикдан. Шундай дориламон кунларда боламни бағримга босиб, табрикладим. Баҳодир бокс бўйича республика чемпионатида икки бор ғолиб чиққан. Аъло баҳоларга ўқиган. Муддатли ҳарбий хизматни ҳам юқори даражада ўтаб, зиммасидаги масъулиятни муносиб даражада адо этишига ишонаман. Маросим байрамона тарзда ташкил қилинибди. Жуда хурсанд бўлдик. Фарзандимга, унинг сафдошларига мусаффо осмонимизни асраб-авайлаш йўлида куч-қувват, мустаҳкам соғлиқ тиладик.

Аскарларнинг ҳарбий қасамёд қабул қилишига бағишланган маросимлар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам катта тантана билан ўтказилди.

 

Саиджон МАХСУМОВ,

Нормурод ТЕМИРОВ,

Маъмур МУСУЛМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn