Ҳар кунингиз наврўз бўлсин!
  • 22 Март 2016

Ҳар кунингиз наврўз бўлсин!

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида бўлиб ўтган Наврўз байрами тантаналаридан репортаж 

Шарқона янги йилнинг бошланиши, меҳр-оқибат рамзи, бағрикенглик, саховат, тинчлик ва фаровонлик ифодаси, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўзи оламнинг ташрифи қалбларимизга олам-олам қувонч бахш этаётир. Табиат уйғониб, борлиқ ям-яшил тусга кирган, кўнгилда эзгу ниятлар куртак ёзаётган ана шундай фараҳбахш дамларда мазкур бебаҳо айёмни соғинганимизни теран англаймиз. 

Шу боис бугун юртимиз узра катта хурсандчилик билан тантана қилинаётган байрамга “Хуш келибсан, ўлкамизга Наврўз, қадаминг қутлуғ бўлсин!” дея пешвоз чиқмоқдамиз.

Аслида, одамзод ва табиатни бир-биридан айро ҳолда тасаввур этиш мушкул. Зеро, ҳар баҳорда табиат ўзининг кўрку чиройи, уйғониши билан инсон хатти-ҳаракатларига ҳам таъсир қилади. Буни шу кунларда юртдошларимизнинг ободонлаштиришу кўкаламзорлаштириш юмушларига астойдил киришиб, амалга ошираётган хайрли ишларидан билиш мумкин.

Наврўз нафақат яшариш ва янгиланиш айёми, шу билан бирга, она-Ватанга наф келтириш, эл-юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишдек улуғвор ниятларни рўёбга чиқариш шодиёнаси сифатида ҳам қадрлидир. Бу бетакрор айёмимиз истиқлол туфайли қайта тикланди. Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, азал-азалдан халқимизнинг эзгу ҳамда гўзал анъаналарини, унинг олижаноб орзу-интилишларини ўзида мужассамлаб, аждодларимиздан бизга ўлмас мерос сифатида безавол ўтиб келаётган Наврўзи олам мустақиллик йилларида мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ватандошларимиз орзиқиб кутадиган, том маънодаги умумхалқ байрамига айланиб қолди.

Шодлигимизнинг яна бир сабаби шуки, жорий йилда жонажон Ўзбекистонимиз -мустақиллигининг қутлуғ йигирма беш йиллигини кенг нишонлаймиз. Ўтган йилларда эришилган ютуқларимиз бугунги фаровон ҳаётимиз, шунингдек, буюк келажагимизнинг -мустаҳкам пойдеворидир. Қўлга киритилган улкан муваффақиятлар инсон ва унинг -манфаатларига хизмат қилаётганини ҳар биримиз ўз ҳаётимиз мисолида кўриб, ҳис қилиб турибмиз.

Ушбу байрам муносабати билан айни пайтда мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлганидек, пойтахтимиз кўчалари, маҳаллалари ҳам кўркам қиёфага кирган. Хусусан, -Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи энг ардоқли айёмга хос безатилган.

Боғ йўлаклари бўйлаб турли қандолат, ноз-неъматлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши ташкил қилинган. Сумалак, ҳалим, кўксомса сингари Наврўз таомлари тайёрланган. Сочларига гулчамбар таққан қизалоқлар кулгиси, дўпписию чопони, белбоғи ўзига ярашган йигитлар суҳбати, ҳаётнинг пасту баландини кўп кўрган, шу дориламон -кунларга етказгани учун шукроналар айтаётган нуронийлар каломида Ватанга бўлган юксак муҳаббат мужассам. Булар юртимиздаги фаровонлик, файзу бараканинг ўзига хос ифодаларидир.

21 март. Муаззам майдонга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, фан, маданият, санъат, спорт намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, отахону онахонлар, турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз, ёшлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар вакиллари таклиф этилган.

Соат 10:30. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Миллий боғга ташриф буюради. Йиғилганлар давлатимиз раҳбарини гулдурос қарсаклар билан кутиб олади.

Чорлов мусиқаси янграйди.

Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти 

Ислом Каримовга берилади. Юртбошимиз халқимизни қутлуғ айём — Наврўз билан муборакбод этади.

Карнай-сурнай садоси янграб, байрам тантаналари бошланади. Шўх-шодон наволарда ҳаёт абадийлиги ва гўзаллиги васф этилади. Оҳангларга уйғун тарзда муҳташам саҳнада ўрнатилган улкан мониторларда серқуёш диёримизнинг мафтункор ҳамда гўзал табиати, яшнаган чаманзорлар жамоли, шошқалоқ жилғалар акс этганини кўриб, осмони мусаффо, -замини ҳосилдор, суви зилол, тупроғи табаррук шундай гўзал юртда яшаётганинг билан -фахрланасан, киши.

Нафақат марказий шаҳарлар, балки энг чекка қишлоқларда ҳам қад ростлаётган -замонавий бинолар, тураржойлар, мактаб, академик лицей ва коллежлар, спорт мажмуалари халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти ифодасидир. Мана шундай янгиланишлар, мустақил Ўзбекистонимизнинг босиб ўтган тараққиёт йўлида эришилган, дунё жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ҳамда марралар, турмушимиз фаровонлиги йилдан-йилга юксалиб бораётгани чуқур ва пухта ўйланган мақсад-муддаолар, бошқача айтганда, “ўзбек модели” деб ном олган ўзимизга хос ҳамда мос йўл нақадар тўғри эканининг тасдиғи ҳисобланади.

Зеро, давлатимиз раҳбари мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, иқтисодиётимизни таркибий ўзгартириш, тармоқларни модернизация қилиш, техник ҳамда технологик янгилашга доир лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилиш борасида бажарилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ.

2015 йилда ана шу мақсадларга молиялаштириш манбалари ҳисобидан 15 миллиард 800 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестициялар жалб этилди ва ўзлаштирилди. Бу 2014 йилдагига нисбатан 9,5 фоиз кўп деганидир. Жами инвестицияларнинг 3 миллиард 300 миллион доллардан зиёди ёки 21 фоиздан ортиғи хорижий инвестициялар бўлиб, шунинг 73 фоизи тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларидир.

Инвестицияларнинг 67,1 фоизи янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга йўналтирилди. Бу эса 2015 йилда умумий қиймати 7 миллиард 400 миллион доллар бўлган 158 та йирик ишлаб чиқариш объекти қурилишини якунлаш ва фойдаланишга топшириш имконини берди. Масалан, Тошкент иссиқлик электр станциясида 370 мегаватт қувватга эга бўлган буғ-газ қурилмаси барпо этилди, Чорвоқ ГЭСи гидрогенераторлари модернизация қилинди, Қўнғирот сода заводида кальцийлаштирилган сода ишлаб чиқариш кенгайтирилди, “Самарқандкимё” акциядорлик жамиятида 240 минг тонна қувватга эга бўлган мураккаб таркибли янги ўғитлар ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди.

...Кўркам боғ узра баҳор элчиси — қалдирғочлар “чуғур-чуғури”, шаршара садоси, булбуллар хониши эшитилади, гуллар очилишини ифодаловчи рамзий лавҳалар кўзга -ташланади.

Президентимиз таклифи билан 2016 йил юртимизда “Соғлом она ва бола йили” деб номланди. Бундай эзгу ташаббус халқимиз, кенг жамоатчилик томонидан катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Бу бежиз эмас. Негаки, соғлом фарзанд оила қувончи, -жамият таянчидир. Оналар ва болалар саломатлигини муҳофазалаш, жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, даволаш муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадларни амалга оширишда Юртбошимиз томонидан жорий йилнинг 9 февралида тасдиқланган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг ўрни беқиёс.

Таъкидлаш жоизки, бебаҳо бойлик бўлган саломатликни муҳофаза қилиш мақсадида ўтган йили 141 тиббиёт муассасасини қуриш, реконструкциялаш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш учун қарийб 500 миллиард сўм сарфланди. Жумладан, Республика болалар суяк-сил касалликлари санаторийси, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали, Андижон ва Бухоро шаҳарларидаги вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари, Қарши ҳамда Самарқанд шаҳарларида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари, шунингдек, мамлакатимизнинг кўплаб туманларида тиббиёт бирлашмалари реконструкция қилиниб, -фойдаланишга топширилди. Қишлоқ врачлик пунктларини оптималлаштириш ва замонавий диагноз ҳамда даволаш ускуналари билан жиҳозлаш ишлари ниҳоясига етказилди.

...Майдон саҳнасида бахтли авлод — болажонлар беғубор орзуларни, ҳаёт нашидасини баралла куйлашади.

Истиқлолнинг илк кунлариданоқ таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш борасидаги вазифалар давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги, “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил татбиқ этилаётганлиги туфайли бугун фарзандларимизнинг замонавий билим олиши, касб-ҳунар эгаллаб, эл-юрти, оиласига наф келтириши учун барча шарт-шароит яратилди. Айтиш жоизки, юртимизда таълим соҳасига ҳар йили сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10 — 12 фоизни ташкил этмоқда. Бу ЮНЕСКОнинг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун таълимга йўналтирилиши зарур бўлган инвестициялар миқдори бўйича тегишли тавсияларидан, яъни 6-7 фоиздан қарийб 2 баробар кўпдир. Бинобарин, 2015 йилда ҳам ушбу йўналишда 384 та объектнинг моддий-техника базасини янада ривожлантириш ва -мустаҳкамлаш бўйича қиймати 423 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди. Намунавий лойиҳалар асосида 29 та янги умумтаълим мактаби барпо этилди, 219 та мактаб рекон-

струкция қилиниб, 136 таси капитал таъмирланди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 2 минг 200 талабага мўлжалланган янги замонавий ўқув корпуси, спорт мажмуи, шунингдек, ўқув жараёнига жалб этилган хорижлик мутахассислар учун меҳмонхона қурилди. Навоий давлат кончилик институтида янги ўқув биноси қурилиши -ниҳоясига етказилди. Олий таълим соҳасида олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчиларини мунтазам қайта тайёрлаш бўйича мутлақо янги, такомиллаштирилган тизим жорий қилинди. 15 та таянч олий ўқув юртида олий таълим муассасалари раҳбарлари ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш курслари ташкил этилди.

Асосийси, бу соҳадаги ютуқларимиз дунёда тан олинаяпти. Халқаро миқёсда катта нуфузга эга бўлган Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича сайёрамиздаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани барчамизни беҳад қувонтиради.

Наврўз эзгу тантаналар шодиёнаси, шу билан бирга, яратиш, яшнатиш, бунёдкорлик айёми ҳамдир. Шу маънода, 2015 йилда ҳам улкан дастур ҳамда лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Масалан, Жанубий кореялик инвестор ва мутахассислар билан ҳамкорликда Сурғил кони негизида барпо қилинган Устюрт газ-кимё мажмуаси дунёдаги энг замонавий, юқори технологиялар асосида ишлайдиган, йирик корхоналардан бири саналади. Мажмуанинг ишга туширилиши йилига 83 минг тонна ноёб полипропилен маҳсулотини ишлаб чиқариш имконини беради. Ваҳолонки, бу маҳсулот илгари мамлакатимизга четдан, катта валюта ҳисобига олиб келинар эди.

Ўзбекистон дунёдаги автомобиль ишлаб чиқарувчи саноқли давлатлардан биридир. Машиналаримиз жаҳонга машҳур компаниялар автоуловлари билан бемалол рақобатлаша олади. Шунинг учун сифати, қулайлиги, кўркам дизайни билан ном қозонган, кўчаларимизни тўлдирган бу транспорт воситаларига хорижий мамлакатларда ҳам талаб ортиб бормоқда. Хоразм вилоятида “Женерал моторс — Ўзбекистон” акциядорлик жамиятида умумий қиймати қарийб 

6 миллион долларлик лойиҳа асосида “Шевроле Лабо” кичик юк машинаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ерда йилига фермерларимиз ва хусусий тадбиркорларимиз учун жуда зарур бўлган 5 мингта ана шундай машина конвейердан чиқарилади. Таъкидлаш жоизки, ушбу модель янги “Хоразм авто” заводида тайёрланаётган “Дамас” ва “Орландо” автомобилларидан кейинги учинчи турдаги автомобиль бўлди. “Самарқанд — Қарши” темир йўл участкасида юқори тезликда ҳаракатланадиган “Афросиёб” электр поезди қатнови йўлга қўйилди. Бу “Тошкент — Қарши” йўналиши бўйича йўловчи ташиш сифати ва суръатини ошириш имконини бераяпти. Натижада пойтахтимиздан Қашқадарё вилоятига ҳамда Қаршидан Тошкентга йўловчилар ташиш вақти икки баробар қисқарди.

Қолаверса, ҳадемай “Ангрен — Поп” йўналиши бўйича поезд қатнови йўлга қўйилади. Ҳеч шубҳасиз, бу жорий йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири бўлади.

Наврўз — экин-тикин мавсуми. Бинобарин, бободеҳқонларимиз шу кунларда яхши ниятлар билан ерга уруғ қадаб, ҳосилнинг баракали бўлишини тиламоқдалар. Ана шундай эзгу ниятли деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати ва омилкорлиги туфайли ўтган йили мамлакатимизда мўл ҳосил етиштирилди. Жумладан, 7 миллион 500 минг тоннадан зиёд ғалла, 3 миллион 350 минг тоннадан ортиқ пахта хирмони барпо этилди. Шу билан бирга, 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ҳамда картошка, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум, 2 миллион 731 минг тонна мева етиштирилди. 2015 йилда мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилди.

Саҳнада ана шундай улкан муваффақиятлар, эришилаётган салмоқли натижалар -Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларнинг турли бадиий гуруҳлари чиқишлари орқали намойиш этилади. Дилбар хонишларда Ватан, ободлик, осуда ва бахтли ҳаёт улуғланади.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов ғояси ҳамда ташаббуси асосида пойтахтимизнинг меъморий қиёфаси янгиланиб бормоқда. Замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида режали ривожлантиришга қаратилган бундай изчил ишлар самарасида Тошкент дунёдаги экологик жиҳатдан тоза ва кўркам қиёфага эга етакчи пойтахт шаҳарлар қаторидан ўрин олди. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, кейинги йилларда барпо қилинган “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи, “Маърифат маркази”, “Пойтахт” бизнес маркази, “Бунёдкор” спорт мажмуи сингари кўплаб иншоотлар шаҳар кўркига ўзгача жозиба бағишлаб турибди.

Ўтган йили Тошкентда Себзор кўчаси бўйлаб Абдулла Қодирий кўчаси устидан ўтадиган янги кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилгани эса бунёдкорлик салоҳиятимиз янада юксалиб, кўприксозликда бой тажриба тўпланганининг амалий тасдиғи бўлди.

Юртбошимиз бу муҳташам кўприк билан танишув чоғида айтиб ўтганидек, авваллари бирор иншоот ёки кўприк қуриш керак бўлса, кимни ёрдамга чақиришни ўйлардик. Битта кўприк қуриш учун икки-уч йил вақт кетарди. Энди мамлакатимизда замонавий шаҳарсозлик, йўлсозлик тажрибаси тўла шаклланди, кўприксозлик соҳаси пайдо бўлди. Мана шундай замонавий, муҳташам кўприкни 8 ойда бунёд этганимиз мамлакатимизнинг жадал ривожланиб бораётгани, халқимиз нақадар улкан ютуқ ва марраларга эришаётганини кўрсатади.

Гап шундаки, Себзор кўчасининг ўтказувчанлик имконияти соатига 3200 автомобилдан 9800 тага етказилди. Бундан ташқари, Абдулла Қодирий кўчасида ҳам автомобиллар қатнови 2400 тадан 5600 тага кўпайди. Натижада чорраҳадаги тирбандлик бартараф этилиб, Нурафшон, Абай, Олмазор, Зулфияхоним, Қорасарой, Сағбон, Зарқайнар, Навоий, Сақичмон кўчаларида қатновнинг равонлашишига замин яратилди.

Жумладан, кўприкка ҳамоҳанг унинг икки томонида узунлиги 102 ва 111 метрлик пиёдаларнинг иккита ер усти, шунингдек, битта ер ости ўтиш йўлаги барпо этилди. Ўзида қурувчиликнинг замонавий намуналарини мужассамлаган мазкур иншоотлар барча қулайликка эгалиги билан шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига манзур бўлмоқда. Хусусан, ёғин-сочинли кунларда ҳимояланиш мосламалари, чиқиб-тушиш учун зинапоядан ташқари, эскалаторлар ҳам ўрнатилган. Ушбу эскалаторлар очиқ жойларда ишлатишга мўлжалланган бўлиб, соатига 6700 нафар йўловчини ўтказиш қувватига эга.

“Ободлик кўнгилдан бошланади”, деганларидек, бугун пойтахт марказидаги мазкур мажмуада яратилган шарт-шароитлар, жумладан, ландшафт дизайни, гўзал фавворалар, анвойи гуллар, райҳонлар ва манзарали дарахтлар унга зеб бериб, янада кўркам қиёфа касб этганки, бу халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳиятидан дарак бериб турибди. -Буларнинг барчаси ташриф буюрувчиларнинг қалбига ўзгача ҳузур бағишлаб, эртанги кунга бўлган ишончини тобора мустаҳкамламоқда.

Наврўз тантаналарида жўшқинлик, ёшлик, шижоат тараннум этилган қўшиқлар барча-барчани рақсга чорлайди.

Инсон қадри улуғланган, хайру саховатли, меҳр-мурувватли элдан барака кетмайди. Бу ҳаётий ҳақиқат ўтган йили амалга оширилган савобли ишларда ҳам кўзга яққол ташланди. Хусусан, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига биноан эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий ғамхўрлик янада кучайтирилди. Нуроний отахону онахонларимизга эътибор кўрсатишни бундан-да яхшилаш мақсадида ушбу дастурни амалга оширишга вазирлик ва идоралар, иқтисодиётимизнинг барча тармоғига тегишли корхона ҳамда ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, биринчи навбатда, “Нуроний” жамғармаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди кенг жалб этилди.

Ўтган йили 215 мингдан зиёд муҳтарам фахрийларимиз бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Эҳтиёжманд ногиронларга 11 мингдан ортиқ юқори сифатли протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари бепул топширилди. 70 мингга яқин кекса авлод вакиллари тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди ҳамда стационар ва санаторий-курорт муассасаларида ўз соғлиғини тиклади. 100 ёшга тўлган нуронийларнинг пенсиясига энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида устамалар қўшиб берилди.

Халқимиз турмуш даражаси кундан-кунга яхшиланиб бораётганини ушбу мисоллар ҳам яққол ифодалайди: бугунги кунда ҳар 100 оиланинг 42 таси енгил автомобилларга эга бўлиб, бу беш йил аввалги кўрсаткичдан 1,5 баробар кўп, 47 та оила шахсий компьютерлар билан таъминланган ва бу даврда ўсиш 3,9 баробарни ташкил қилди. Шунингдек, ҳар 100 та оиладан 31 таси кондиционерга эга ёки бу борадаги ўсиш 1,7 баробарга тенг, ҳар 100 та оилага 234 та мобиль телефон тўғри келмоқда ёки бу соҳадаги ўсиш 1,6 баробарни ташкил этмоқда.

Озод ва обод юртимизда амалга оширилаётган бундай эзгу ислоҳотлар муваффақияти, аҳоли турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини юксалтириш бўйича эришилган ютуқлар етакчи халқаро ташкилотлар ҳамда экспертлар ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилиб, холисона баҳоланмоқда. Чунончи, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳомийлигида мустақил ташкилотлар гуруҳи ва халқаро экспертлар иштирокида 2015 йилда 158 та давлатда “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” деган мавзуда тадқиқот ўтказилди. Ҳар қайси мамлакатнинг ўз фуқароларини бахтли ҳаёт билан таъминлаш қобилиятини ифода этадиган ушбу индекс бўйича Ўзбекистон 44-ўринни эгаллади.

...Наврўзни миллий анъаналаримизни намойиш этувчи кўзгу деймиз. Бунинг исботи тариқасида Наврўз удумлари — арқон тортиш, чиллак, “Оқ теракми, кўк терак?” сингари азалий ўйинлар ижро этилади. Қўғирчоқбозлар, ёғоч от ўйнатувчилар ҳам ўз истеъдодларини кўрсатадилар. Эл ардоғидаги санъаткорлар куйлаган халқ қўшиқлари, лапар, айтишувлар, ёр-ёру яллалар ёшлар ижросида талқин этилади. Катта ашулалар ижро қилинади.

Оилалар мустаҳкамлиги, юрт ободлиги, ижтимоий фаровонлик, жумладан, умр кўриш -давомийлиги борасида ҳам Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўзгалар ҳавас қиладиган ўринни мустаҳкам эгаллаган. Халқимиз манфаатини ўйлаб, узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсат, ғамхўрлик эвазига қўлга киритилган бундай ютуқлардан, Президентимиз -таъкидлаганидек, ҳар биримиз ғурурланиб, бошимизни баланд кўтариб яшашга ҳақлимиз. Зеро, амалга оширилаётган ислоҳотлар, маънавий қадриятларимизга эътибор, келажак ворислари учун яратилаётган шарт-шароитлар, аҳоли саломатлигини асраш  борасидаги туб -бурилиш — буларнинг барчаси МУСТАҚИЛЛИК шарофатидандир. Наврўз байрамининг бугунги жозибаси ҳамда шукуҳи ҳам, шак-шубҳасиз, истиқлол туфайлидир.

Ватан ва мустақиллик, тинчлик ҳамда дўстлик қўшиқ, мусиқа ва рақсларда баралла мадҳ этилади. Тароналар, байрам жозибаси дилларга битмас-туганмас шодлик улашади. Наврўз таровати бутун юрт узра, қалблардан-қалбларга кўчиб юраверади. 

 

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn