Баҳор неъматлари
  • 22 Март 2016

Баҳор неъматлари

Ўзбек пазандачилиги ошкўк ва зираворлар кўп ишлатилиши билан ҳам шуҳрат қозонган. Чунки улар таомларни лаззатли, тўйимли қилибгина қолмасдан, хўрандаларга қувват ҳамда шифо бахш этади.

Эътиборли томони, юртимиз табиати бундай неъматларга жуда бой. Айни кўклам чоғида улар асосида турли егуликлар тайёрлаб истеъмол қилинса, киши организмининг дармондориларга бўлган талаби қондирилади.

Қуйида шундай наботот намуналари, уларнинг шифобахш хусусиятлари ҳақида маълумот берамиз.

Мафтункор чечак

Баҳор даракчиси бинафша — серхосият ўсимлик. Унинг илдизи ва поясидан турли малҳамлар тайёрланади.

Мисол учун, ўпка касалликлари, айниқса, изтиробли йўтал ҳамда кўкйўтални даволашда ушбу чечак илдизи қайнатмаси қўлланилади. Шунингдек, у буйрак ва қовуқдаги тошлардан фориғ бўлишга ҳам ёрдам беради.

Қайнатма қуйидагича тайёрланади: 2 гр. бинафша илдизи 200 гр. сувга солиниб, 15 дақиқа давомида паст оловда қайнатилади. У сузиб олиниб, 2-3 ош қошиқдан кунига 3 маҳал ичилади.

Мазкур қайнатма ўпка эмфиземаси, бод ҳамда пешоб тута олмаслик ҳолларини бартараф этишда ҳам самарали ҳисобланади. Муртак безлари яллиғланган ёки гриппга чалинган кишилар ушбу қайнатма билан оғиз чайса, кифоя.

Бинафша гулбарги ва бандининг шарбатига 3 мисқол (1 мисқол — 4,25 гр.) шакар қўшиб истеъмол қилинса, сафродан халос этади, ичак фаолиятини яхшилаб, томоқнинг нохуш қичишига барҳам беради.

Шафтоли гулидан...

Шафтоли гулидан тайёрланган чучварани еганмисиз? Йўқса, ҳозир айни мавриди.

Бунинг учун шафтоли гуллари териб олиниб, ювилади, қиймаланган гўшт ёки думба ёғига аралаштирилиб, чучвара тугилади. Сўнгра сувда пишириб олинади. Тайёр бўлган таом қатиқ ёки қаймоқ билан дастурхонга тортилади.

Мазкур чучвара нафақат мазали, балки шифобахш ҳамдир.

У организмга осонгина сингиб, ошқозон-ичак йўлини равонлаштиради. Сурункали қабзиятдан халос этади.

Тенги йўқ малҳам

Асаби тез бузиладиган, жиззаки кишилар баҳор неъмати — каръафс (сельдерей) кўкатидан кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилади.

Бунинг учун ўсимлик илдизи шарбатига тенг миқдорда асал қўшилиб, кунига чой қошиқда 5 маҳал ичиб турилса, асаб тизимлари фаолиятини маромига келтиради.

Халқ табобатида теридаги иллатли яраларни даволашда ҳам каръафсдан фойдаланилади. Бунинг учун бир ош қошиқ каръафс илдизи 1,5 стакан совуқ сувда 4 соат мобайнида тиндириб қўйилади. Сузиб олингач, кунига бир ош қошиқдан 3 маҳал ичилади.

Каръафсли дориворлар сариқ касаллиги, бод, камқонлик, буйрак хасталикларида ҳам қўлланилади.

Бодраб чиққан гиёҳ

Кўклам келиши билан қир-адирларда бодраб чиқадиган гулқоқининг шифобахш хусусиятлари кўп.

Унинг таркибида В2, С витаминлари, органик кислоталар, ошловчи моддалар, каучук, маъданли унсурлар жамламаси мавжуд. Шунинг учун ушбу гиёҳдан халқ табобатида кенг фойдаланилади.

Абу Али ибн Сино истисқо ва жигар касалликларини даволашда ушбу ўсимлик ширасини қўллаган бўлса, чаён чаққан жойга сут ширасини суртишни тавсия қилган. Шунингдек, иситма чиққанида, шамоллаганда гулқоқи қайнатмасини ичишни буюрган.

Маннон НАБИЕВ, 

доришунос.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn