Саодатли кун мўъжизалари
  • 22 Март 2016

Саодатли кун мўъжизалари

Наврўз — қадимий ҳамда бетакрор байрам. У халқимиз бадиий тафаккурининг маҳсули бўлган халқ оғзаки ижодининг деярли барча жанрини ўзида мужассам этган. Мазкур айёмда ўтказиладиган урф-одатлар ва халқ ўйинлари эса маданиятимиз ҳамда маънавиятимизнинг нақадар юксаклигидан дарак беради.

Шарқона йилбоши — Наврўз кунларида болалар орасида “Варрак учириш”, “Чики-даста”, “Қулоқ чўзма”, “Жон-жон”, “Жун тепди” (“Қараб теп” ёки “Ланка”), “Жамбил” ўйинлари, қиз болалар орасида эса “Тўп тош”, “Ҳайинчак учиш”, “Арғимчоқда сакраш”, “Лаппак” ўйинлари машҳур бўлган. Шунингдек, катталар орасида туя, қўчқор, хўроз, бедана уриштириш, кўпкари каби ўйинлар ўтказилган.

Ўзбек фольклорининг катта қисмини ташкил этувчи болалар ўйинлари ўз таркибида муайян ритмик изчилликка асосланган хатти-ҳаракат, рамзий маъно касб этувчи этнографик деталлар, поэтик фольклор намуналари, оҳанг ва томошавийлик кўринишларини яхлит ҳолда мужассамлаштирган.

Халқ ўйинлари болаларни фаолликка, зийракликка ўргатади. Жумладан, Наврўз сайлида жам бўлган зийрак болажонлар томонидан “Яшин-топалоқ”, “Тез айтиш” сингари ўйинларда қуйидаги “санама”лар айтилган:

Бир, икки, уч, тўрт,

Беш, олти, етти, саккиз,

Ўну ўн...

Тулкига тўн,

Тулки тўнининг баҳоси,

Бир-икки сўм!

Айёмда сочига толпопуклар тақиб, қошига ўсмалар қўйган қиз-жувонлар сайил куни тўпланиб, боғ сайрига чиқишган. Дарахтларнинг бақувват шохларига арқон ташлаб,  -ҳайинчаклар ясаб, навбати билан учишган. Шунингдек, кекса момолар “Наврўзда арғимчоқ учсак, оғирлигимиз ерга тўкилади, қушдек енгил бўламиз!” деб, ҳазил-ҳузул қилган бўлса, набиралари момомизнинг ёшига етайлик, деган эзгу ниятда арғимчоқнинг ипидан тутиб ҳаракатлантирган. Турмушга чиқмаган қизлар, келинчаклар арғимчоқни баландлатиб, ҳаволатиб учишган. Улар ҳар гал шўх кулги билан ўрикнинг энг баланд шохидаги оппоқ гуллар орасидан эндигина бўртиб чиққан япроқларни узиб олишга интилган. Ҳайинчак учиш чоғида қуйидаги қўшиқ жўр бўлиб айтилган:

Ҳайинчагим ҳайла,

Отинг толга бойла.

Отинг толга турмаса,

Гулхайрига бойла.

Бундай урф-одатлар Наврўз кунларида ҳаётни севишга, 

уни қадрлашга, кўклам мўъжизаларидан баҳра олишга ундайди. Шу маънода, Наврўз орзуларимиз ушалишига йўл очадиган саодатли кундир.

 

Шаҳодатбону 

ИМОМНАЗАРОВА,

фольклоршунос.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Байрам дастурхони файзи Баҳор неъматлари »