Байрам дастурхони файзи
  • 19 Март 2016

Байрам дастурхони файзи

Шу кунларда юртимизда янгиланиш ва яшариш айёми — Наврўзни нишонлашга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Ҳар бир байрамни ўзига хос тарзда кутиб олиш — халқимизга хос хислат.

Шу маънода,  баҳорнинг дастлабки кунларидан бошлаб республикамиз бозорларида ташкил этилган савдо-ярмаркалари ушбу шодиёнага муносиб туҳфалиги айни ҳақиқат. Зеро, бундай ярмаркаларда таклиф этилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари арзон ва сифатлилиги билан барчага манзур бўлаяпти.

“Тошбозорсавдо” уюшмасидан олинган маълумотларга кўра, пойтахтимиз бозорларидаги савдо-ярмаркалари ҳам аҳолининг байрам дастурхони янада файзли бўлишида муҳим аҳамият касб этаяпти.

Чунки уларда “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар, хусусий ишлаб чиқарувчилар ҳамда фермер -хўжаликлари фаол қатнашмоқда. 

Мазкур ярмаркалар Вазирлар Маҳкамасининг Тошкент шаҳар деҳқон бозорларини тартибга солиш, санитария ҳолатини яхшилаш, асосий турдаги озиқ-овқат ва  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархини барқарор сақлашни таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар режаси асосида ўтказилаётир.

— Биз байрам ярмаркаларига  12 та корхонани жалб этганмиз, — дейди “Фарҳод” деҳқон бозори” акциядорлик жамияти директори ўринбосари Фазлиддин Ҳамзаев. —  Бунинг учун қўшимча равишда 78 та савдо растаси ажратилди. Шунингдек, гўшт ва -салқин ичимликларни сақлаш учун иккита совиткич ҳам улар ихтиёрига берилган бўлиб, сотувчилар зарур жиҳозлар билан таъминланган.

— Чиндан ҳам, Наврўз арафасида бозорларимиз янада файзли тусга кирган, — дейди учтепалик харидор Раъно Дўстхўжаева. — Бозорга келиб, бунга яна бир карра амин бўлдим. Сотилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сархил ва сифатли. Нархлари ҳам анча арзон. Бунинг  учун ташкилотчилару  деҳқонларимиздан жуда миннатдормиз.

— Пойтахт аҳлига бир ҳафтадан буён хизмат кўрсатаяпмиз, — дейди Гурлан туманидаги “Собир Хўжа ўғли”  фермер хўжалиги вакили Шахбоз Каримов. — Хўжалигимизда ғалла ва пахтадан ташқари шоли ҳам парваришланиб, йилига ўртача 60 тоннагача ҳосил йиғиб оламиз.  Байрам ярмаркаси сабаб гуручнинг бир қисмини тўғридан-тўғри тошкентлик харидорларга сотиш имкониятига эга бўлдик. Айниқса, бизга бу ерда ҳамма қулайлик яратиб берилгани эътиборга моликдир.

Байрам ярмаркалари 5 апрелгача давом этади.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn