Декларациялаш тизимининг ўзига хос хусусиятлари
  • 19 Март 2016

Декларациялаш тизимининг ўзига хос хусусиятлари

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан жисмоний шахсларнинг даромадларини декларация асосида солиққа тортиш тартиби ҳамда жорий йилдан бошлаб бу борада солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятига бағишланган “Жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадларини декларациялаш тизимининг ўзига хос хусусиятлари” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2015 йил 22 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорига биноан, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, жисмоний шахсларнинг даромадларини ошириш мақсадида бир қатор солиқ ва мажбурий тўловларнинг ставкалари пасайтирилиб, қонун ҳужжатларига асосан -берилган имтиёзлар муддати узайтирилди. Яъни жисмоний шахслар даромадларига солиқ юкини пасайтириш мақсадида жорий йилнинг 1 январидан бошлаб улардан олинадиган даромад солиғи ставкасининг иккинчи шкаласи (энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда) ўтган йилдаги 8,5 фоиздан 1 фоизли пунктга камайтирилиб, 7,5 фоиз этиб белгиланди.

Амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, жисмоний шахслар асосий иш жойидан ташқари, бошқа корхона, ташкилотларда ўриндошлик асосида ишлаш ҳамда ўзига тегишли мол-мулкни ижарага бериш орқали ва қонунчиликда тақиқланмаган фаолиятлар билан шуғулланиб, чекланмаган миқдорда даромад олишлари мумкин. Олинган даромадларга эса қонун бўйича белгиланган тартибда декларация асосида солиқ солинади. Жисмоний шахсларнинг даромадларни декларация асосида солиққа тортиш муносабатлари Солиқ кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар асосида тартибга солинади. 

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 189-моддасига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари (агар унга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса), фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлари, асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадлари, икки ёки ундан кўп манбадан олинган солиқ солинадиган даромадлари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлари, солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлари декларация асосида солиқ солинадиган даромадлар сирасига киради. 

Жисмоний шахслар ушбу даромадлари бўйича жами йиллик декларацияни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этиши лозим. Декларация доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига шахсан бориб ёки почта орқали буюртма хат тарзида, шунингдек, электрон шаклда топширилиши мумкин. 

Бундан  ташқари, жисмоний шахсларга жами йиллик даромадлар тўғрисидаги декларацияни ўзлари учун қулай бўлган жойда ва куннинг исталган вақтида Давлат солиқ қўмитаси расмий www.soliq.uz сайтида кўрсатиладиган “Электрон солиқ -декларациялари” давлат интерактив хизмати орқали электрон шаклда топшириш имконияти ҳам мавжуд. Ушбу интерактив давлат хизмати солиқ декларацияларини хатосиз тўлдиришда ёрдам бериши билан бирга, жуда оддий. Бунинг учун фақат электрон рақамли имзога эга бўлиш кифоя.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, агар жисмоний шахснинг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадидан унинг аризасига кўра, солиқ энг юқори ставка асосида ушлаб қолинган бўлса, декларация тақдим этилмайди.

Мол-мулкни ижарага бериш орқали даромад олаётган жисмоний шахслар томонидан ижарадан даромадлар пайдо бўлган кундан эътиборан, биринчи ой тугаганидан кейин беш кунлик муддатда дастлабки декларация ҳамда ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация тақдим этилиши лозим. Мол-мулкни ижарга беришдан даромад олиш тугаган тақдирда, жисмоний шахс бу ҳақда солиқ органини ёзма хабардор қилиши керак. 

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 181-моддасига биноан, мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг белгиланган 7,5 ставкаси бўйича солиқ солинади.

Жисмоний шахсга даромад солиғидан имтиёз олиш ҳуқуқи айнан декларация асосида берилади. Бундан кўринадики, жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларациянинг тақдим этилиши фақат фуқароларнинг манфаати учун хизмат қилади.

Фуқаролик кодексининг 574 ва 603-моддаларига ҳамда Уй-жой кодексининг 86-моддасига мувофиқ, фуқаролар ўртасида тузилган кўчмас мулкни — уй-жойни ва нотураржойни ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланиши шарт. Ижара -шартномасининг йўқлиги ёки унинг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя қилмаслик энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Жисмоний шахслар даромадлари тўғрисидаги декларация асосида ҳисоблаб чиқилган даромад солиғини ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлашлари зарур. Декларация ўз вақтида тақдим этилмаган тақдирда эса, давлат солиқ хизмати органи ўзидаги мавжуд маълумотлар асосида жисмоний шахс томонидан тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини энг юқори ставка бўйича ҳисоблаши ва  бу хусусда билдиришнома бериш ҳуқуқига эга. 

Д. ЖУМАБОЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn