“Биз — буюк юрт фарзандларимиз!”
  • 19 Март 2016

“Биз — буюк юрт фарзандларимиз!”

Мамлакатимизнинг барча ҳудудида ана шу шиор остида анъанавий фестиваль ўтказилади. Ушбу йирик акция олдидан кеча пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида матбуот -анжумани ташкил этилди.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари, жамоат ташкилотлари, маънавият ҳамда маърифат соҳаси вакиллари, иқтидорли йигит-қизлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашган мазкур тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олиши, спорт билан шуғулланиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, билим ва салоҳиятини намоён этиши учун барча шароит ҳамда имкониятлар яратилаётгани алоҳида таъкидланди.

Чунончи, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида рўёбга чиқарилаётган ишлар бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Ушбу ҳужжат асосида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилиб келинаётир. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари ҳамда бошқа ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликдаги “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” фестивали ҳам ана шундай йирик тадбирлардан биридир. Жорий йилда мазкур ёшлар байрами 23 мартдан бошланиб, 28 майгача давом этади.

Фестивалдан кўзланган мақсад навқирон авлодни республикамизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, бу жараёнларга нисбатан дахлдорлик, шукроналик туйғуларини шакллантириш, ёшларни “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан асраш, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашдан иборат.

Эътиборлиси, “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” фестивали доирасидаги лойиҳалар сони йилдан-йилга ортмоқда. Буни бу галги акцияда 18 йўналишда тадбирлар ўтказилиши режалаштирилгани ҳам яққол тасдиқлайди. Қолаверса, анжуманга уч миллиондан ортиқ ёшлар қамраб олиниши кўзда тутилган.

Ёшлар фестивалида эртамиз эгаларига кўрсатилаётган улкан ғамхўрлик, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилади. “Депутат ва ёшлар”, “Замонамиз қаҳрамонлари”, “Камолот” кутубхонаси”, “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти” каби мавзулардаги лойиҳа ҳамда учрашувларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси -депутатлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, таниқли санъаткорлар томонидан ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, бандлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари, парламентимиз томонидан қабул қилинаётган қонунлар ҳамда уларнинг аҳамияти, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида маълумотлар берилади.

Матбуот анжуманида “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” номли қўшиқнинг -тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn