Ҳар томчиси азиз
  • 19 Март 2016

Ҳар томчиси азиз

Маълумотларга кўра, Ер шарининг 71 фоизи сув билан қопланган бўлса-да, унинг атиги 2 фоизи истеъмолга яроқли. Устига-устак сўнгги 40 йил мобайнида жаҳонда киши бошига тўғри келадиган чучук сув миқдори 60 фоиз камайган. Яқин 25 йил ичида бу кўрсаткич яна 2 баробар озайиши тахмин қилинмоқда. Шу боис бутун дунёда обиҳаётдан тежаб-тергаб фойдаланиш масаласига жиддий аҳамият берилаяпти.

Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан 1993 йилдан буён 22 март — “Бутунжаҳон сув ресурслари куни” сифатида нишонлаб келинмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, сув ресурслари билан боғлиқ муаммоларнинг ўта муҳимлиги ва улардан оқилона фойдаланиш лозимлигини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда ҳукуматлар, ташкилотлар, жамоалар, қўйингки, ҳар бир инсоннинг эътиборини мазкур масалага қаратишдан иборатдир. 

Пойтахтимизда  Ўзбекистон экологик ҳаракати ташаббуси билан  “Сув — бебаҳо неъмат” мавзуида ташкил этилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз юритилди.  Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг масъул ходимлари, Экоҳаракатнинг “Ёшлар қаноти” фаоллари, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Таъкидландики, келгусида дунё аҳолиси ўсиб бориши ва саноатнинг жадал тараққий этиши туфайли сув ресурсларига бўлган эҳтиёж янада ошади. Бу эса уларни муҳофаза қилиш ҳамда фойдаланиш борасида масъулиятни юксалтириш, жаҳон ҳамжамияти олдига ишлаб чиқаришга инновацион ишланмаларни татбиқ этиш вазифасини қўймоқда.   

Тадбирда барқарор тараққиёт учун муҳим аҳамият касб этувчи обиҳаётдан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини, сув ресурсларини комплекс бошқаришнинг қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, сувнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги  ўрни ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Шу билан бирга, давра суҳбатида, сувдан оқилона фойдаланишда давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва илм-фан муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар томонидан ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича амалий таклифлар берилиб, атроф-муҳитда юз бераётган ўзгаришлар шароитида қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа эҳтиёжлар учун сув ресурсларини унумли ишлатиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди. 

У. Дилшодов.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn