Келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори
  • 19 Март 2016

Келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори

Мустақиллигимизнинг илк йилларидан бошлаб Ўзбекистонимизни тараққий этган давлатлар қаторига олиб чиқиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётимизда рўй бераётган янгиланишлар, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Бу ҳақда Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

Юртимиз истиқболини белгилаб берган ушбу маъруза жамоатчилик томонидан кўтаринкилик билан кутиб олинди. Бу бежиз эмас. Зеро, ўтаётган йиллар, тарих қатига муҳрланаётган умримиз давомида “Биз шу юрт, шу Ватан равнақига қандай ҳисса қўшдик?” деган дилдаги саволларга жавоб топдик, десак, асло муболаға эмас. 

Биргина таълим тизимига қаратилаётган юксак эътибор, унинг истиқболи учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар, йирик лойиҳалар ўзининг улкан миқёси, сарфланган ва сарфланиши кўзда тутилган маблағлар ҳажми, умуман, тизимдаги оламшумул ишлар нафақат фахр-ифтихор бағишлайди, балки ғайрат-шижоат кўрсатиб меҳнат қилишга ундайди. 

“Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури республикамизда таълим ислоҳотларининг, илм-фан тараққиётининг мустаҳкам пойдеворига айланди. 

Айтиш жоизки, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ҳаётга татбиқ этишдан мақсад таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни ўтмишдан қолган мафкуравий қарашлар ва -сарқитлардан тўла халос этиш, ривожланган демократик давлатлар даражасида, юксак маънавий ҳамда ахлоқий талабларга жавоб берувчи юқори малакали кадрлар тайёрлаш -миллий тизимини яратишдан иборат. Ундаги мақсад ва вазифаларни тадрижий, яъни -босқичма-босқич рўёбга чиқариш кўзда тутилди. Биринчи босқични 4 йил давомида (1997 — 2001), иккинчи босқични 2001 — 2005 йилларда, учинчи босқични эса 2005 йилдан кейинги йилларда амалга ошириш белгилаб берилди.

“Биз шошилмасдан, асосий мақсаддан оғишмай, изчиллик билан Миллий дастурни амалга оширишимиз лозим. Шундагина у умумий маданиятни юксалтиришга, фарзандларимизнинг жамиятда ўз муносиб ўрнини топишга хизмат қилади. Уларнинг касбий ва таълимий дастурларини онгли равишда танлаш ва эгаллашлари учун ҳуқуқий меъёрларни, ташкилий руҳий педагогик шарт-шароитларни таъминлашга кўмаклашади. Йигит-қизларимизни жамият, давлат, оила олдида ўз масъулиятини чуқур англаб етувчи шахслар этиб тарбиялашга замин бўлиб хизмат қилади”, дея Миллий дастурнинг мақсад ва моҳиятини тушунтириб берган эди Президентимиз.

Дастурнинг бугунги амалий натижаларига эътибор қаратадиган бўлсак, қисқа фурсатда мамлакатимиз таълим-тарбия тизимининг такомиллашиб, унинг мазмуни миллийлашиб бораётганига гувоҳ бўламиз. Эски 11 йиллик умумий таълим тизимидан воз кечилиб, 9+3 схемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизимига ўтилди. Умумтаълим дастурлари ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим тизими дастурлари билан ўзаро уйғунлашиб, узлуксиз таълим тизимини ўзида ифода этади.

Ёшларимиз умумтаълим мактабидаги 9 йиллик ўқишдан сўнг ўз хоҳиш-иродаси ва -интилишларига қараб, 3 йил давомида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таҳсил олишади. Буларни тугатганлар эса олий ўқув муассасаларига киришда бир хил ҳуқуқларга эга бўлади.

2012 йил 16-17 февраль кунлари Тошкентда ўтказилган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзуидаги халқаро -конференцияда 40 дан зиёд давлатлардан ташриф буюрган вакиллар Ўзбекистоннинг ёш -авлод таълим-тарбияси борасида тўплаган тажрибаси ҳар томонлама андоза олишга -арзигулик эканини эътироф этишди. Буни халқаро бизнес мактабларидан бири  “ИНСЕАД” томонидан 2012 йилда инсон капиталининг тараққиёт даражаси бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон 141 мамлакат орасида 53-ўринни, таълим мақсадлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича эса дунёда бешинчи ўринни эгаллагани ҳам яна бир карра тасдиқлади.

Албатта, бундай эътироф ҳар бир юртдошимизни чексиз қувонтиради. Аммо бунга ўз-ўзидан эришилдими? 

Жаҳонда бўлаётган айрим иқтисодий, сиёсий ва маънавий таназзулнинг таъсирига қарамасдан, юртимизда таълим-тарбия соҳасига ҳар йили сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10 — 12 фоизни ташкил этмоқда. Бу ЮНЕСКОнинг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун таълимга йўналтирилиши зарур бўлган инвестициялар миқдори бўйича тегишли тавсияларидан, яъни 6-7 фоиздан қарийб 2 баробар кўпдир. Очиғи, бир вақтлар буни хаёлимизга ҳам келтира олмаганмиз. Бугун эса республикамизнинг барча ҳудудида барпо этилаётган мактаблар, лицей ва коллежлар, олий таълим муассасаларини кўриб ҳайратга тушасан, киши. Яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, фаннинг нозик чўққиларини, хорижий тилларни, -касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, Ватанимизга муносиб бўлиб вояга етаётган ёшларни дунё тан олмоқда. 

Эътибор қилинг-а, фақатгина 2015 йилнинг ўзида ушбу соҳада қиймати 423 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилди. Энг замонавий лойиҳалар асосида 29 та янги мактаб қурилди, 219 та мактаб реконструкция қилинди, 136 таси эса капитал таъмирланди.

Президентимизнинг 2011 йил 20 майдаги “Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини  мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ўқитиш сифатини юқори босқичга олиб чиқишда қанчалик муҳим аҳамият касб этаётган бўлса, 2015 йил 12 июнда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони таълим соҳаси ходимлари салоҳиятини ошириш жараёнини яхшилашда шунчалик долзарбдир. 

2015 йил якунларига бағишланган мажлисда жорий йилда 13 та олий таълим муассасаси, жумладан, Қорақалпоғистон, Бухоро, Самарқанд давлат университетлари, Фарғона политехника институтидаги қурилиш ва реконструкция ишларига 355 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилаётганлиги, шунингдек, Тошкент давлат стоматология институти бинолари, Тошкент шаҳридаги Инха университети ва Сингапур менежментни ривожлантириш институти филиалларининг янги ўқув бинолари қурилиши таъкидланди. Қолаверса, сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида салмоқли ишлар амалга оширилганлигини кўриш мумкин. Жумладан, олий таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, уларда жами 6 250 нафар талаба сиғимига эга бўлган 11 янги объект қурилиб, фойдаланишга топширилди. 43 399 нафар талаба сиғимига эга бўлган 43 та мавжуд объект реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди.

Буларнинг барчаси ёш авлодга кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик ифодасидир. Зеро, фарзандларимиз камолини кўриш, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмасдан билим олиши, ҳунар эгаллаши, пировардида ҳаётда муносиб ўрин эгаллашларини таъминлаш ислоҳотлардан кўзланган улуғвор мақсад сифатида янада қадрлидир. 

Норбой КАРИМОВ, 

иқтисод фанлари доктори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn