Обод юртнинг гўзал баҳори
  • 18 Март 2016

Обод юртнинг гўзал баҳори

Фасллар ичида баҳорнинг ўзгача таровати бор. Боғу роғлар, далаю дашт ҳамда хиёбонларнинг ажиб гўзаллигидан дил яйрайди. Атрофдаги турфа гиёҳлар, гулларнинг ифори димоғни қитиқлаб, кишига хушкайфият улашади. Айниқса, истиқлолимиз туфайли мамлакатимизнинг барча ҳудудида юз бераётган беқиёс ўзгариш ва янгиланишлар фасли навбаҳорга ҳамоҳанг тарзда ўзига хос жозиба касб этмоқда.

Юртдошларимизнинг ҳаёти фаровон, эртанги кунга бўлган ишончи мустаҳкам. Бу эса уларни она-Ватанимиз равнақи йўлида фидойилик билан меҳнат қилишга ундаяпти.

Наврўзи олам шукуҳи кезиб юрган айни кунларда пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари, хусусан, Мустақиллик майдони ҳар қачонгидан ҳам гавжум. Ушбу муаззам масканга ташриф буюрганларнинг дилида ва тилида шукрона. Улар билан суҳбатлашсангиз, истиқлолимиз, тинч ҳамда осойишта ҳаётимиз қадри ҳақида гапиришади.

Юнус ИБОДОВ, Яшнобод тумани, “Наврўз” маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси:

— Киши ҳар баҳорда яшаради. Янги куч, қувват олади. Асл миллий ва ардоқли байрамимиз — Наврўзи олам эса дилларга олам-олам қувонч олиб келади. Боиси, ушбу тантананинг замирида энг эзгу тилаклар, орзулар ижобати мужассам. Истиқлолимиз туфайли Наврўз удумлари тикланди, халқимиз маънавий ҳаётининг ажралмас бўлагига айланди. Чунки у тинчлик, омонлик ҳамда аҳиллик айёмидир. 

Ушбу байрам биз каби ёши улуғ кишиларга алоҳида сурур бағишлайди. Наврўз билан боғлиқ турли анъаналар, маросимларни кўриб, шодланамиз. Гўёки, юрагимизга ёшлик шижоати, куч-ғайрати ингандай бўлади.

Энг муҳими, мустақиллик шарофати билан қаддимиз тик, қадримиз юксак. Бугун ҳар бир юртдошимизнинг қалби чексиз ғурур ва ифтихорга тўла. Чунки ҳаётимиз чароғон, орзуларимизнинг ижобатини кўриб яшаяпмиз.

Касбим геолог бўлгани учун табиатга қизиқаман. Диёримизнинг саховатли замини, унинг бойликлари ҳақида набираларимга гапириб бераман. Улар замонавий шароитларда, ҳеч кимдан кам бўлмай камол топаяпти. Биз, кексалар нуридийдаларимизнинг иқболи бундан-да порлоқ бўлсин, деб дуо қиламиз ҳамиша.

Мустақиллик майдонига тез-тез бориб тураман. Айни кунларда ушбу сўлим гўша янада гўзал қиёфа касб этган. Ҳар ён яшилликка бурканган. Наврўзи олам барчага бахт ва омад, эзгуликлар олиб келсин. 

Абдулҳамид АСҚАРОВ, Фарғона вилояти, Учкўприк тумани, “Наврўз” қишлоқ фуқаролар йиғини фаоли:

— Мустақиллик майдонини томоша қилиб, юрагим ўзгача туйғуларга лиммо-лим бўлди. Тўғри-да, бу гўзал ва бетакрор маскан ҳар биримизни тўлқинлантиради. Истиқлолимиз шарофати билан мамлакатимизнинг барча ҳудуди кун сайин чирой очмоқда. Сўлим хиёбонлар, маҳобатли бино ҳамда иншоотлар, спорт мажмуалари қад ростлаяпти. Энг асосийси, юртдошларимиз дориламон кунларда шоду хуррам умргузаронлик қилаётир.

Албатта, бу каби улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари, халқимизнинг эмин-эркин яшаши мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик шарофатидандир. Президентимизнинг узоқни кўзлаб амалга ошираётган сиёсати, аввало, ана шу улуғ неъматни кўз қорачиғидай асрашга қаратилган. Бу саъй-ҳаракатлар эса халқаро миқёсда ҳам ўз эътирофини топаяпти. Жумладан, жаҳондаги нуфузли институтлардан бири томонидан “Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси” мавзуида 2015 йилда ўтказилган ва эълон қилинган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонимиз 141 мамлакат ичида 2-ўринни эгаллагани барчамизга чексиз ғурур бағишлайди.

Тинч ҳаёт қадри айни байрам кунларида янада яққол намоён бўлаётир. Республикамизнинг шаҳарлари ҳамда олис қишлоқларида юртдошларимиз кўчат экиш, ободонлаштириш юмушлари билан банд. Ёшларимиз, кексаларимиз, ҳамма-ҳамма Наврўзни ўзгача хурсандчилик билан кутиб олмоқда.

Мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларнинг ҳаёт даражасини юксалтириш борасида ибратли ишлар амалга оширилаяпти. Биз, қарияларнинг саломатлиги доимий муҳофазада. Моддий-маънавий томондан беқиёс ғамхўрлик кўрсатилаётир. Шундай имкониятларни яратиб бераётган Юртбошимизга минг раҳмат!

Барнохон ОТАБЕКОВА, Гулистон туманидаги 70-махсус мактаб-интернат тарбиячиси:

— Бахтимиз шуки, озод ва обод юртда яшаяпмиз. Ҳаётимиз тинч, турмушимиз фаровон. Бинобарин, барча соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, замонавий таълим муассасалари, спорт иншоотлари, сув ҳавзалари, тиббиёт масканлари фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук бўлиб камол топишларида муҳим аҳамият касб этаётир. Барчанинг ҳавасини келтирадиган бундай қулайликлар ёшларимизни янада пухта билим олишга ундаяпти. Шу билан бирга, улар халқаро миқёсдаги фестиваллар, олимпиада ҳамда мусобақаларда жаҳондаги тенгдошларидан кам эмасликларини намойиш этишмоқда. Яқиндагина Кипр Республикасининг Протарас шаҳрида математика фани бўйича бўлиб ўтган “SEEMOUS — 2016” халқаро олимпиадасида Ўзбекистон ёшлари иккита олтин медални қўлга киритгани ҳам фикримизнинг яққол тасдиғидир. Бундай ютуқлар ҳар биримизни қувонтиради, қалбимизга чексиз фахр бағишлайди.

«Халқ сўзи» мухбири

Дилмурод СОДИҚОВ

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn