Тадбиркорлик ҳаракатига кенг йўл
  • 18 Март 2016

Тадбиркорлик ҳаракатига кенг йўл

Мамлакатимизда тадбиркорликка қўл уриб, иқтисодиётимиз равнақига муносиб ҳисса қўшаётган ишбилармонлар сони тобора кўпаймоқда. 

Кичик бизнес, фермерлик ҳаракати ва ҳунармандчиликни ривожлантириш учун барча шарт-шароит яратиб берилиб, уларнинг фидокорона меҳнати муносиб рағбатлантирилаётгани бунда муҳим омил бўлаяпти. 

Мазкур соҳа вакиллари эришаётган ютуқлар эса Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус — 2016” кўрик-танловида кенг намойиш қилинаётир.

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ. Оролбўйи ҳудудида кўрик-танловнинг қуйи босқичлари жуда қизғин кечди. Чунки кичик бизнесни жадал тараққий топтириш, иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини ошириш, тадбиркорлик фаолиятига илғор тажрибаларни татбиқ этиш мақсадида ўтказиб келинаётган ушбу танлов иштирокчилари сони йилдан-йилга ортмоқда. Бу гал улар орасидан энг илғор, энг ташаббускор 44 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд якуний босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун беллашди.

— Ўтган йили бизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги ҳиссаси 64,6 фоизга етди, — дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Хўжамурат Қайипназаров. — Бундай натижага, албатта, охирги бир йилда соҳага 494 миллиард 283 миллион сўмлик банк кредитлари йўналтирилиб, 5487 та истиқболли лойиҳа амалга оширилгани туфайли эришилди.  

Танлов қатнашчилари маҳсулотлари кўргазмаси эса савдо-ярмарка тусини олди. Якунда Нукус шаҳридаги “Muratbek mebel” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муратбек Тангирбергенов “Энг яхши тадбиркор”, Тахтакўпир туманидаги “Qaharman-Taxta” фермер хўжалиги раҳбари Жангир Адилов “Энг яхши фермер”, Кегейли туманилик Дилназ Адилчаева “Энг яхши ҳунарманд” деб топилди.    

БУХОРО. Анъанавий равишда уюштирилаётган “Ташаббус” кўрик-танлови ишбилармону фермерлар, халқ амалий санъати усталари, кенг жамоатчилик вакилларининг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда. Бухоро шаҳридаги  муҳташам “Семурғ” мажмуасида ўтказилган ушбу тадбирнинг вилоят босқичида ҳудуддаги энг сара ишбилармонлар ўз маҳсулотлари билан  иштирок этди.

— Мустақиллик шарофати билан миллий ҳунармандчилигимиз, том маънода, равнақ топди, — дейди кандакор Шавкат ўуломов. — Халқ амалий санъати билан шуғулланаётган ҳар бир кишига яратиб берилаётган шарт-шароитлар хорижликларнинг ҳам ҳавасини келтираяпти. Кўплаб халқаро кўргазмалар иштирокчиси сифатида бунга мен кўп бор гувоҳ бўлганман. 

Маҳорат ва тажриба синови вазифасини ўтаётган мазкур кўрик-танлов натижаларига кўра, Вобкент туманидаги “Баҳор пластикс” қўшма корхонаси раҳбари Жамшид Муродов “Энг яхши тадбиркор”, Когон туманидаги “Азамат Алишер замини” фермер хўжалиги раҳбари Райима Саидова “Энг яхши фермер”, Бухоро шаҳрилик кандакор-уста Шавкат ўуломов “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида биринчи ўринни қўлга киритди.

НАМАНГАН. Кўрик-танловнинг вилоят босқичи қатнашчилари маҳсулотларининг кўргазмаси жадал равнақ топаётган ҳудуд иқтисодиётининг чинакам кўзгусига айланди. Сабаби, бугунги кунда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг катта қисми кичик бизнес субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Ялпи ҳудудий маҳсулотда ушбу соҳанинг улуши 80,2, аҳоли бандлигида 83,4 фоизни ташкил этаётгани бунинг яққол тасдиғидир. 

— Бундай юқори натижаларга эришилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиладиган “Ташаббус” кўрик-танлови муҳим аҳамиятга эга, — дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Иброҳим Сатторов. — Чунки у иқтисодиётнинг турли йўналишларида илғор ишбилармонлар тажрибасини кенг ёйиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаяпти. 

“Ташаббус — 2016” кўрик-танловининг  вилоят босқичида “Энг яхши тадбиркор” йўналишида Наманган туманидаги “Aisha home textile” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жобир Камолиддинов ғолибликни қўлга киритган бўлса, шу тумандаги “Аҳмадбек саховати” фермер хўжалиги раҳбари Рустам Қозоқбоев “Энг яхши фермер”, янгиқўрғонлик Гулнора Қурбонова “Энг яхши ҳунарманд” деган шарафли номга сазовор бўлди. 

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ. “Ташаббус” кўрик-танлови тадбиркор, фермер ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касб маҳорати ва билимини юксалтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шу орқали мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини жадал ривожлантиришга қаратилган. Пировардида унинг нуфузи йил сайин ортиб, иштирокчилар сафи ҳам кенгаймоқда. Танловнинг бу галги вилоят босқичида эса 393 нафар қатнашчи орасидан саралаб олинган тадбиркорлар ўзаро соғлом рақобатга киришдилар.

Янгийўл туманидаги мева-сабзавотни қайта ишлашга ихтисослаштирилган “Master Global Plus” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Одилжон Собиржонов “Энг яхши тадбиркор” деб эътироф этилди.

— Бугунги танлов ютуқларимизни сарҳисоб қилиш баробарида, навбатдаги мақсад ва марраларни белгилаб олишимизда жуда қўл келади, — дейди О. Собиржонов. — Хусусан, биз келгусида маҳсулотлар турини кўпайтириб, иш ўринлари сонини 200 тага етказишни режалаштирганмиз. 

Бекобод туманидаги “Бекобод қўрғони” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Исматилла Дадабоев “Энг яхши фермер” номига муносиб топилган бўлса, “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида Юқори Чирчиқ туманилик Муроджон Ўрмонов ғолибга айланди.

ХОРАЗМ. Урганч шаҳрида ташкил этилган “Ташаббус — 2016” кўрик-танловининг вилоят босқичида 32 нафар тадбиркор, фермер ва ҳунарманд ўзларининг энг сара маҳсулотлари билан қатнашди. Уларнинг фаолиятини баҳолашда иш самарадорлиги, инвестиция жалб этиб, қўшимча тармоқлар йўлга қўйилгани, яратилган янги иш ўринлари, маҳаллийлаштириш кўлами, экспорт кўрсаткичлари асосий мезон қилиб олинди. 

Якунда Қўшкўпир туманидаги “Қўшкўпир агроинвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жасур Аҳмедов “Энг яхши тадбиркор”, Ҳазорасп туманидаги “ўофур-Руҳия” фермер хўжалиги раҳбари  ўуломбек Исмоилов “Энг яхши фермер”, Хива туманилик уста-ҳунарманд Темур Абдуллаев “Энг яхши ҳунарманд” деб топилиб,  кўрик-танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. 

«Халқ сўзи» мухбирлари 

хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn