Инновацион ғоялар ва ишланмалар тақдимоти
  • 18 Март 2016

Инновацион ғоялар ва ишланмалар тақдимоти

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ўтказилган “Инновацион ғоялар” кўрик-танловида ёш тадқиқотчи Нажибулла Қалиев тураржойларни иситишда фойдаланиладиган қурилмасини намойиш қилди. Унинг ўзига хослиги шундаки, 1 кубометр табиий газ ҳисобига анъанавий усулга нисбатан олти баравар зиёд самарадорликка эришиш имконини беради. Ўз навбатида, ёнилғи тежалади.

— Мен таклиф этаётган ишланманинг яна бир қанча афзалликлари мавжуд, — дейди Н. Қалиев. — Масалан, унинг ёрдамида бир вақтнинг ўзида бино ва иншоотларни иситиш баробарида, иссиқ сув билан таъминлаш мумкин. Бу ҳам сарф-харажатларни қисқартиришга замин яратади.

Айтиш жоизки, ҳар бир соҳани ривожлантиришга ёшларни кенг жалб этиш, уларнинг иқтидори, илмий салоҳиятини юзага чиқариш ва рағбатлантиришда мазкур танловнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Бу галги тадбирда “Энергетика, энергия ва ресурс тежамкорлиги, муқобил энергия манбаларини яратиш ҳамда ривожлантириш”, “Ахборот ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш”, “Қишлоқ хўжалиги, биотехнология, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси”, “Кимё технологияси, озиқ-овқат саноати, тиббиёт ва фармакология” каби қатор йўналишлар бўйича 40 дан зиёд ишланмалар намойиш қилинди.

Юқори қувватли электр двигатели самарадорлигини ошириш, тупроқ шўрланган шароитда топинамбур ўсимлигини етиштириш, фосфорли ўғит олиш технологиясини ишлаб чиқиш каби бир қанча лойиҳалар муаллифлари эътироф этилди. Улар танловнинг кейинги босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритишди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn