Агросаноат ютуқлари ва самарали ҳамкорлик
  • 17 Март 2016

Агросаноат ютуқлари ва самарали ҳамкорлик

Мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган

Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида эътироф этилганидек, республикамиз қишлоқ хўжалигида ҳам чуқур таркибий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Деҳқону фермерларимиз ғайрат-шижоати туфайли қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги ортиб, хом ашёни чуқур қайта ишлаш, етиштирилган маҳсулотларни сақлаш инфратузилмаси ҳам тобора ривожланаяпти.

Жумладан, ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган 230 та корхона, 77 минг 800 тонна сиғимга эга бўлган 114 та янги совитиш камераси ташкил этилди ва модернизация қилинди. Мева-сабзавотларни сақлашнинг умумий қуввати 832 минг тоннага етказилди. Бу эса йил давомида нархларнинг ошиб кетмаслиги, аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, экспорт ҳажмини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этаяпти. 

Дарҳақиқат, бу каби ютуқлар бизга қувонч бахш этиши билан бирга, хорижий ишбилармон ва сармоядорлар эътиборини ҳам жалб қилмоқда. Кеча пойтахтимизда иш бошлаган “WorldFood Uzbekistan — 2016”  ва “AgroWorld — 2016” халқаро кўргазмалари бунинг яққол тасдиғидир. Негаки, ушбу тадбирларда маҳаллий етиштирувчи ҳамда ишлаб чиқарувчилардан ташқари, АҚШ, Хитой, Германия, Испания, Италия, Франция, Португалия, Буюк Британия, Польша, Индонезия, Малайзия, Болгария, Словакия, Литва сингари  30 га яқин давлатларнинг  160 дан зиёд компания ва фирмалари вакиллари қатнашмоқда.

Халқаро кўргазмалар Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари,  “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Савдо-саноат палатаси ҳамда “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси томонидан ташкил этилган бўлиб, хусусан, “WorldFood Uzbekistan —2016”  тўртта — “Озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлари”, “Совитиш ва ресторан ускуналари”, “Қадоқлаш технологиялари”  ҳамда “Қайта ишлаш ускуналари”  йўналишларини қамраб олган. Уларда намойиш этилаётган маҳсулотлар эса турфа хил. Масалан, мамлакатимизда фаолият юритаётган “Тарози Класс” корхонаси замонавий тарозиларини таклиф этаётган бўлса, “United Food Machinery” компанияси иштирокчиларни қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологиялари билан яқиндан таништираяпти. 

Шунингдек, Словакиянинг “PSS Svidnik”, Италиянинг “Pietribiasi”,  Хитойнинг “Shanghai Triowin” компаниялари қайта ишлаш ускуналари ҳам қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. 

— Ўзбекистонда бошқа соҳалар қаторида қишлоқ хўжалиги ҳам жадал ривожланаяпти, — дейди Малайзиянинг “Malaysian Palm Oil Council” кенгаши вакили Зариф Аҳмад. — Бунга бир неча йиллардан буён ушбу кўргазмада иштирок этиш давомида гувоҳ бўлаяпмиз. Айниқса, юртингиз заминида етиштирилаётган мевалар мазаси ва сифати билан алоҳида ажралиб туради. Бундан ташқари, бу ерда қайта ишлаш саноати ҳам анча тараққий топмоқда.

Биласиз, ҳозирги кунда дунё озиқ-овқат саноатида палма ёғига талаб юқори. Нега деганда, у инсон соғлиги учун фойдалидир. Шу боис биз  кўргазмада иштирокчиларга ушбу маҳсулотимизни таклиф қилаяпмиз. Ўтган даврда бир қатор  ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан алоқа ўрнатган бўлсак, мазкур кўргазма эса ўзаро ҳамкорлигимизни янада кенгайтириш учун ўзига хос восита бўлишига ишонамиз.     

“AgroWorld — 2016” халқаро кўргазмаси ҳам экспозицияга бойлиги билан диққатни тортади. Унинг “Паррандачилик”, “Чорвачилик”, “Донни қайта ишлаш ва сақлаш ускуналари”, “Омихта ем ишлаб чиқариш ускуналари”, “Ветеринария”, “Қишлоқ хўжалиги техникаси” бўлимларидан жаҳоннинг энг илғор компания ва фирмаларидан келтирилган технологиялар жой олган. Шу маънода, бу кўргазма фермерларимиз учун ҳам фойдалидир. Чунки унда қишлоқ мулкдорлари экинни парваришлашдан тортиб, қайта ишлашгача — барча жараён учун замонавий ишланмалар билан танишишлари, уларни харид қилиш бўйича келишувга эришишлари мумкин. 

— Чиндан ҳам, кўргазма биз учун катта имкониятлар эшигини очиб беради, — дейди Пахтаобод туманидаги “Ҳожиматов Шерзод” фермер хўжалиги раҳбари Маҳамадбоқи Ҳожиматов. — Айтайлик, биз бир неча йил илгари пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослаштирилган хўжалигимизда боғдорчиликни ҳам йўлга қўйган эдик. Боғимиз бу йил тўлиқ ҳосилга кирди. Шу боис меваларни қайта ишловчи ускуна сотиб олиш мақсадида кўргазмага келдик. Хўжалигимизни кўп тармоқли ишлаб чиқариш субъектига айлантиришимиз учун шароит ҳам, имконият ҳам етарли. Халқаро кўргазмалар 18 мартгача давом этади.

 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn