Энг фаол ишбилармонлар кўриги
  • 17 Март 2016

Энг фаол ишбилармонлар кўриги

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ташкил этилаётган “Ташаббус — 2016” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 1996 йилда асос солиниб, шундан буён анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танлови юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона меҳнат қилаётган ишбилармонларни рағбатлантириш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш борасида энг муҳим тадбирга айланди. Айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни  тадбиркорликка кенгроқ жалб этиш, уларнинг ишбилармонлик қобилиятини юзага чиқариш, шунингдек, соҳалараро кооперация алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. Негаки, танлов доирасида иштирокчилар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазма-ярмаркаси ташкил этилаётгани, турли учрашувлар, тақдимот маросимлари ва маҳорат дарслари уюштирилаётгани бизнес фаолиятини бошлаш ниятидаги юртдошларимиз учун айни муддао бўлаётир.

Натижада кичик бизнес субъектлари сони йил сайин кўпайиб, уларнинг ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт ҳажмини ошириш, аҳоли бандлиги ва турмуш фаровонлигини таъминлашдаги ҳиссаси ортмоқда. 

Қувонарлиси, юртимиз ишбилармонлари томонидан таклиф этилаётган маҳсулотлар ўзининг сифат кўрсаткичлари билан бемалол рақобатга кириша олади. Бунга “Ташаббус — 2016” республика кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи иштирокчилари фаолияти билан яқиндан танишган киши яна бир карра ишонч ҳосил қилади. 

Дарҳақиқат, танловнинг қуйи босқичида юзлаб ишбилармонлар орасида ғолибликни қўлга киритган 22 нафар энг илғор тадбиркор ва ҳунарманд маҳсулотлари кўргазмаси бу соҳа вакиллари иқтисодиётимизда етакчи куч сифатида тўла шаклланганидан далолат бермоқда. Улар томонидан тақдим этилаётган турфа хилдаги маҳсулотлар хорижникидан асло қолишмайди. Маҳаллий хом ашё асосида ишлаб чиқарилаётган саноат ва халқ истеъмоли молларининг сифати юқорилиги боис ташқи бозорларда ҳам тобора харидоргир бўлиб бораяпти. Мисол учун, “Magnus Industrial Group” масъулияти чекланган жамиятида тайёрланаётган маҳсулотнинг 95 фоизи МДҲ мамлакатларига экспорт қилинмоқда.  

— Биз диаметри 2 мм.дан 42 мм.гача бўлган мис қувурлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз, — дейди мазкур жамият раҳбари Анвар Нодирхонов. — Бунинг учун 2011 йилда 6 минг АҚШ доллари миқдоридаги инвестицияни жалб этиб, АҚШ ва Хитой каби давлатлардан энг замонавий ускуналарни олиб келдик. Натижада автомобилсозлик, электротехника, қурилиш материаллари саноатида талаб юқори бўлган муҳим материал ишлаб чиқаришни ўзлаштирдик. Келгусида қиймати 1,5 минг АҚШ долларилик яна бир инвестициявий лойиҳани амалга ошириб, мис фитинглар тайёрлаш ниятидамиз.

Тадбир қатнашчилари ва меҳмонларида “Statura” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотлари ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Сабаби, ушбу корхонада Италия технологияси асосида электр сув иситиш ускуналари, дудбурон ва бошқа импорт ўрнини босувчи жиҳозлар ишлаб чиқарилмоқда. Корхона раҳбари Булат Содиқовнинг айтишича, биргина электр сув иситиш ускуналаридан йилига 25 минг дона тайёрланиб,  қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган уй-жойларга етказиб берилаяпти.

Пойтахтлик ҳунармандлар эришаётган ютуқлар ҳам эътиборга лойиқ. Айтайлик, уста ҳунарманд Алишер Убайдуллаев кандакорлик, ўймакорлик ва миниатюра унсурларини моҳирона уйғунлаштириб, санъат асарлари яратаётган бўлса, каштадўз Мадина Қосимбоева Тошкент каштачилик мактабини қайта тиклашга муяссар бўлди. 

— Тошкент каштачилигининг ўзига хослиги шундаки, у игна ёрдамида тикилиб, матонинг очиқ жойи қолмайди, — дейди ҳунарманд. — Шу боис битта палак тикиш учун ўртача олти ой вақтимиз кетади. Бугунги кунга қадар ойпалак, юлдузпалак, тоғорапалак каби тўққизта қадимий сўзана нусхасини қайта тикладик. Уларнинг нақшлари асосида чопон, ёстиқ, пойабзал ва сумкалар тайёрлашни ҳам йўлга қўйдик. Бу каби маҳсулотларимиз Италия, АҚШ, Жанубий Корея сингари кўплаб хорижий давлатларда ўтказилган халқаро кўргазма ва танловларда юқори баҳоланмоқда. 

Ташкилотчиларнинг айтишича, бу йилги танлов қатнашчилари фаолиятини баҳолашда нафақат ишлаб чиқариш кўрсаткичи, балки фаолиятига татбиқ этган янгиликлари, яратган қўшимча иш ўринлари, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйгани каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада  “Энг яхши тадбиркор” йўналишида Чилонзор туманидаги “Magnus Industrial Group” корхонаси раҳбари Анвар Нодирхонов,  “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида эса Олмазор туманилик моҳир каштадўз Мадина Қосимбоева биринчи ўринни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичига йўлланма олди.

Тадбирда, шунингдек, қўшимча номинациялар бўйича совриндорлар ҳам аниқланиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. 

 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn