Шаҳарсозликдаги «яшил қурилиш»
  • 17 Март 2016

Шаҳарсозликдаги «яшил қурилиш»

атроф-муҳит ободлиги, турмуш фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга

Кейинги йилларда йирик аҳоли ҳудудларида кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширишда, умуман, бунёдкорлик ва  шаҳарсозлик жараёнида  “яшил қурилиш” атамасига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу бежиз эмас, албатта.  Чунки “яшил қурилиш” ҳар хил тупроқ-иқлим шароитига мос боғ ҳамда хиёбонларни яратиш, архитектура-қурилиш  иншоотлари, сув ҳавзалари, йўллар, яшил майдончалар, ландшафтлар учун ўсимлик турларини оптималлаштириш, гуруҳлаш ҳамда уларни экиб, парваришлаш ишларини ўз ичига олади. Қолаверса, дарахтзорлар, яшил ҳудудлар атмосфера ҳавосини кислород билан бойитиш ва заҳарли газлардан тозалашнинг муҳим воситаси сифатида экотизим барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Олимларнинг айтишича, фотосинтез жараёнида бир гектар ердаги дов-дарахт ва ўсимликлар 200 нафар одамнинг нафас олишига етарли бўлган кислородни ишлаб чиқариш баробарида, бир соат мобайнида ҳаводаги 8 килограмм карбонат ангидридни ўзлаштиради. Бошқача айтганда, шаҳарда бир инсон нафас олиши учун зарур бўлган мўътадил ҳаво таркибини 50 квадрат метр ҳудуддаги яшил майдонлар таъминлаб беради. Лекин атмосферада карбонат ангидриднинг аксарият қисми тарқалиб кетади ва кўп бўлмаган қисмигина “яшил қалқон”лар томонидан ўзлаштирилади.

Дарахт ҳамда бута турларининг газ-ҳаво алмашинувидаги ўрни бир хил эмас. Мисол учун,  оддий арча дарахтининг ҳавони тозалаш самарасини 100 фоиз деб олсак, қарағай 164, йирик баргли жўкада 254, эманда 450 фоизга етади.

Таъкидлаш жоизки, пойтахтимиз — Тошкент шаҳри истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан юксак маданият ва бой коммуникация имкониятига эга, гўзал, экологик жиҳатдан тоза, аҳоли истиқомат қилиши учун ҳар тарафлама қулай шаҳри азимга айланди. Келажакни кўзлаб амалга оширилаётган бу каби ишлар натижасида бугунги кунда пойтахтни кўкаламзорлаштириш даражаси дунёнинг жуда кўп шаҳарларига нисбатан юқори бўлиб турибди. Бунда босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилган қонунлар, Фармон ва қарорлар, манзилли дастурларнинг аҳамияти катта бўлди.

Бундан чорак аср олдин, яъни 1990 йилнинг 20 январида Юртбошимиз Тошкент шаҳри фаоллари билан ўтказилган учрашувдаги сўзида “...Тошкентнинг шуҳратини оширишимиз, ҳар бир хонадон ва ҳар бир маҳаллада, ҳар бир корхона ва ташкилотда, катта ва кичик  ҳар  бир  кўчада  тартиб  ўрнатишимиз лозим.  Хуллас,  Тошкентни  юксак  маданият  шаҳрига айлантиришимиз керак, замондошларимизгина эмас, фарзандларимиз  ва  набираларимиз  ҳам  у  билан  ҳақли  равишда  фахрланадиган  бўлсинлар.  Ҳозир  ҳам  биз  кўҳна  Тошкент  билан,  унинг  тарихи, маданияти билан, унинг ажойиб ўтмиши билан фахрланамиз”, деб таъкидлаган эди. Бугун англаб етишимиз керакки, Тошкент шаҳрини дунёнинг энг гўзал пойтахтларидан бирига айлантириш ҳаракати аслида ўша йиллардан бошланганди. Ўтган даврда пойтахтимизда ушбу мақсадларни рўёбга чиқариш учун асрларга татигулик бунёдкорлик ишлари билан бир қаторда, кенг қамровли кўкаламзорлаштириш тадбирлари ҳам амалга оширилди. Бетон ва асфальт кенгликлар ўрнида ям-яшил майдонлар барпо этилди. Бундай ҳудудлар атрофидаги майсазорлар узра турли мамлакатлардан келтирилган камёб дарахтлар, буталар ва гуллар экилиши эса уларнинг кўркига кўрк бағишлаш баробарида, шаҳар иқлимини мўътадил сақлашга хизмат қилаётир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўрнатган меъёрлар бўйича шаҳарлар ҳудудининг камида 15 – 20 фоизи кўкаламзор ерлардан иборат бўлиши керак. Шунда аҳолининг тоза ҳаводан нафас олишига, мўътадил иқлимни сақлаб туришга замин яратилади.

Бугунги кунда Тошкентнинг 15200 гектари яшилликдан иборат. Бундан ташқари, шаҳар ҳудудида 66 гектар жойни эгаллаган “Ботаника” боғи ва умумий майдони 158,4 гектарни ташкил этувчи 18 та маданият ва истироҳат боғлари мавжуд. Яшил ҳудудлар шаҳар умумий майдонининг 30 фоизини ташкил этади. Демак, пойтахтимиз бу жиҳатдан амалдаги меъёрларга нисбатан қарийб икки баробар кўп кўкаламзорлаштирилган ҳудудга эгалиги билан ажралиб туради. Ваҳолонки, мустақилликнинг илк йилларида шаҳарда киши бошига бор-йўғи 21 квадрат метр яшил майдон тўғри келарди, холос. Ҳозирги кунда ушбу кўрсаткич 70 квадрат метрга етган.  

Дарҳақиқат, пойтахтда ўсимликларнинг  иқлимлаштирилиши  яхши  йўлга  қўйилганлиги шаҳар ҳудудини  кўкаламзорлаштиришда  манзарали дарахт турларини кўпайтиришга, янгича ландшафтлар яратилишига, пировардида пойтахт қиёфасини бутунлай ўзгартиришга олиб келди. Тошкент шаҳрида ажойиб композицияли кўркам маданият ва истироҳат боғлари, сайилгоҳлар барпо этишда манзарали дарахт ҳамда бута турларини тўғри танлаш, оптималлаштириш, манзарали дарахтларни экиш схемаларини ўрганиш, айниқса, аҳоли саломатлигига ижобий таъсир этувчи ўсимлик турларини танлашга алоҳида аҳамият берилди. Шу билан бирга, аҳоли саломатлигига салбий таъсир этувчи, аллергик ҳолатларга ҳамда хазонрезгилиги бўйича узоқ вақт ҳудуднинг ифлосланишига ва ёнғинга сабаб бўлувчи дарахтлар ўрнини алмашлаб экиш ҳисобига кўп миқдорда кислород ажратувчи дарахт ҳамда буталар, экзотик флора турлари режали равишда босқичма-босқич эгаллаб бормоқда.

Айни пайтда пойтахтимизда дарахт ва буталарнинг 220 дан ортиқ тури парваришланаяпти. Шаҳар шароитига мос, чидамли, кўп йиллик, соябоп ва манзарали бўлган япон софораси, лола дарахти, жўка, сохта каштан, каталпа, эман, заранг, четан, граб каби дарахтларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хиёбонларда экилган Канада қора қарағайи, Қрим қарағайи, виргин арчаси, туя каби нинабаргли дарахтлар йилнинг ҳар фаслида ҳам шаҳарга ўзгача кўриниш бахш этмоқда. 

Шаҳар майдонларини безатишда эса тобулғи, учқат, жасмин,  настарин, дейция, ирғайнинг манзарали турлари, форзициялар, бирючина, сариқ акация, зарғалдоқ, қорағат ва бошқаларнинг аҳамияти беқиёс бўлмоқда. Бундай ўсимликларнинг  ўзига хослиги шундаки, улар нафақат  тез  ўсади, балки шаҳарнинг экологик  шароитига мослашувчанлиги ва манзараси билан алоҳида ажралиб туради.

Умуман олганда, мустақиллик йилларида Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштириш, шу орқали атроф-муҳит мусаффолиги, иқлим мўътадиллигини сақлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Айтиш жоизки, 2012 йилда Буюк Британиянинг нуфузли “Экономист” журнали бўлинмаси — “Economist Intelligence Unit” (EIU) команияси эълон қилган рейтингда Тошкент дунёнинг яшаш учун қулай бўлган шаҳарлари орасида 58-ўриндан жой олгани бу каби улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари кўлами  нечоғли юқори эканлигидан далолатдир.

 

И. ХУШВАҚТОВ, Х. ГАППОРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутатлари, 

Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn