Ўзбекистон ва Япония ишбилармонлари учрашуви
  • 16 Март 2016

Ўзбекистон ва Япония ишбилармонлари учрашуви

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 15 март куни қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Япония ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи компания ҳамда концернлари раҳбарлари, мутахассислар қатнашди. 

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ўринбосари Б. Сулаймонов, Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф. Като ҳамда бошқалар Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишда изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар бунда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил февраль ойида Японияга расмий ташрифи, Япония Бош вазири Шиндзо Абэнинг 2015 йил октябрь ойида мамлакатимизга расмий ташрифи ўзаро муносабатларга янги суръат бағишлади. 

Япония Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорларидан. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот, Ўзбекистон ҳамда Япония ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот асосида изчил ривожланаётир. 

Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан. Япония ҳукумати республикамизда 1995 йилдан буён бошқа соҳалар қатори қишлоқ хўжалигини ҳам қамраб олган кичик ҳажмдаги -лойиҳаларга беғараз ёрдам дастурини амалга ошириб келаяпти. Ўтган даврда мазкур дастур доирасида умумий қиймати 23 миллион 380 минг доллардан ортиқ 352 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди.

Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида сув хўжалигини бошқариш, ирригация тизимларини такомиллаштириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва бошқа соҳаларда амалга оширилган лойиҳалар ўз самараларини бермоқда. Айни пайтда мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш, мутахассислар малакасини ошириш каби  йўналишларда ҳамкорлик қилинаётир.

Анжуманда Ўзбекистонда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда эришилаётган натижалар юқори баҳоланди. Меҳмонларга аграр тармоқда фаолият юритаётган корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. 

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Ўтган йили мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш қарийб 7 фоиз ошди. Бундай маҳсулотларни қайта ишлайдиган 230 корхона, 77 минг 800 тонна сиғимга эга 114 янги совитиш камераси барпо этилди ҳамда модернизация қилинди. Натижада мева-сабзавотларни сақлаш қуввати 832 минг тоннага етказилди. Бу йил давомида аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, маҳсулотларни экспорт қилишни кенгайтириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш имконини бермоқда.

Тадбирда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига хорижий инвестицияларни жалб этиш -борасида олиб борилаётган ишлар, чет эллик сармоядорларга яратилган қулай имкониятлар хусусида сўз юритилди. Соҳага инвестициялар жалб этилаётгани самарасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш муттасил кенгайиб бораётир. Ўзбекистоннинг аграр соҳа вакиллари Япония, АҚШ, Жанубий Корея, Швейцария, Бразилия, Таиланд, Германия ва бошқа мамлакатларнинг йирик ишлаб чиқарувчилари билан тажриба алмашиб, ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. 

— Мамлакатимиз Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор билан қарайди, — деди Япония Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги вазирлигининг халқаро алоқалар департаменти бош директори ўринбосари Татцуя Каджишима. — Япониялик ишбилармонларнинг Ўзбекистон бизнес вакиллари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга қизиқиши катта. Делегациямиз таркибида қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш, қурилиш ва ахборот технологияларига оид компаниялар вакиллари  бор. Ўзбекистондаги қулай сармоявий муҳит ва юксак иқтисодий имкониятлар савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг равнақ топишида муҳим омил бўлмоқда. Мамлакатингизнинг қишлоқ хўжалиги бўйича ўқув муассасалари, компания ва фирмалари фаолияти билан танишишни режалаштирганмиз.

Йиғилишда Ўзбекистон билан Япония ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги аҳволи таҳлил қилиниб, уни янада ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ресурстежамкор технологияларни татбиқ этиш, мева-сабзавот ва чорва маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича замонавий технологияларни жалб қилиш, тармоқда янги лойиҳаларни амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашувни фаоллаштириш, янги қўшма корхоналар очиш орқали икки мамлакат бизнес вакилларининг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди. 

Шу куни Ўзбекистон ва Япониянинг ихтисослаштирилган компания ҳамда корхоналари вакиллари иштирокида кооперацион биржа бўлиб ўтди.

 

Нодира МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn