Сунь Лицзе: Наврўз — тинчлик, бағрикенглик, саховат ва меҳр-мурувват айёми
  • 15 Март 2016

Сунь Лицзе: Наврўз — тинчлик, бағрикенглик, саховат ва меҳр-мурувват айёми

Йилнинг энг ажиб ва гўзал фасли баҳор кириб келди. Баҳорда табиат уйғониб, бутун борлиқ жонланади. Халқимизнинг қадимий байрами Наврўз яқинлашмоқда. У барчамизга қувонч, янги орзу-умидлар улашади. Мамлакатимизда Наврўз умумхалқ байрамини юксак даражада нишонлаш мақсадида кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Наврўз арафасида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси СУНЬ Лицзе ЎзА мухбирига ушбу байрамимиз ҳақидаги таассуротларини сўзлаб берди:

— Наврўз — табиатнинг янгиланиши ва ўзгариши, қадимий ҳамда энг севимли умумхалқ байрамларидандир. У азалдан тинчлик, бағрикенглик, яхшилик, саховат ва меҳр-мурувват рамзи бўлиб келган. Гўзаллик ҳамда нафосат тимсоли бўлган ушбу байрамни барча орзиқиб кутади.

Мазкур айёмни яна Ўзбекистон халқи билан бирга нишонлаётганимдан ғоят хурсандман. Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, барча миллат ва элат вакиллари ўртасидаги дўстлик ҳамда аҳиллик Наврўзнинг қувончли кунларида янада яққолроқ намоён бўлади. Беморлар, ёлғиз инсонлар ва боқувчисини йўқотганлар, эҳтиёжманд одамларга кўмак берилмоқда, кексаларга алоҳида меҳр-эътибор кўрсатилаётир.    

Мен Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудида бўлганман ва шуни айтишим мумкинки, ҳар бир шаҳар гўзаллиги ҳамда ўзига хослиги билан катта таассурот уйғотади. Ўзбекистонликлар ягона оила бўлиб ушбу ажойиб байрамни халқ сайиллари шаклида кўтаринки руҳда, шоду хуррамлик билан нишонлаши кишига қувонч бағишлайди. Файзли дастурхонлар анъанавий ва инсонга қувват бағишлайдиган сумалак, ҳалим, кўк -сомса каби баҳорий таомлар билан безатилиб, унинг атрофида яқин қариндошлар, дўсту ёрлар, қўни-қўшнилар тўпланади.

Ўзбекистонда ҳар йили Наврўз арафасида шаҳар ва қишлоқларда кўп сонли янги иншоотларнинг фойдаланишга топширилиши юксак эътирофга лойиқ. Ушбу хайрли ишлар замирида Ўзбекистон тараққиёти, аҳоли турмуш даражасини янада юксалтириш каби олижаноб мақсадлар мужассам.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Наврўз байрами катта тантана билан нишонланиши гўзал анъанадир. Санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг Ватан, -мустақиллик, Наврўз, баҳор, меҳр-муҳаббатни мадҳ этувчи чиқишлари, жаҳон классик куй-қўшиқлари барчага завқ-шавқ улашади. Халқ урф-одатларини акс эттирадиган лапарлар, жозибадор рақслар, театрлаштирилган томошалар, миллий спорт ўйинлари байрамга янада кўтаринкилик бағишлайди.    

Ўзбек халқининг бой ва серқирра маданияти, анъана ҳамда урф-одатлари бутун дунёга машҳурлигини алоҳида қайд этмоқчиман. Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида кўп асрлик маънавий анъаналарни тиклаш ва ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, шунингдек, ёшларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовордир.

Халқларимиз ўртасида ўхшаш жиҳатлар кўп. Ўзбек халқининг эзгулик ва меҳр-мурувват, бағрикенглик, меҳмондўстлик каби фазилатлари, ўз тарихи ҳамда бугунги кунидан фахрланиш туйғуси хитойликларга ҳам хосдир. Наврўз арафасида умумхалқ ҳашарлари ташкил этилиб, ҳудудлар янада ободонлаштирилиши ўрнак олса арзигуликдир. Бундай яхши анъаналар инсонларни жипслаштириб, жамиятда тинчлик ва тотувлик, меҳр-мурувват ҳамда яратувчанлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади.   

Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятим даврида турли соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарадорлиги, халқингизнинг яратувчанлик салоҳиятига гувоҳ бўлдим. Президент Ислом Каримов раҳнамолигида ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотларни янада жадаллаштириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Минтақада тинчлик ҳамда барқарорликни мустаҳкамлаш,   халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари самарасида Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда. Зеро, тотувлик, эзгулик ва ҳалол меҳнат қадрланадиган юртда доимо фаровон ҳаёт ҳукм суради.   

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан чин қалбимдан -муборакбод этаман. Тинчлик-осойишталик, бахт-саодат ва янада юксак тараққиёт тилайман.

 

ЎзА мухбири 

Ирода УМАРОВА

ёзиб олди. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn