Ахборот-коммуникация технологиялари: Меҳнат унумдорлиги ва тараққиёт
  • 15 Март 2016

Ахборот-коммуникация технологиялари: Меҳнат унумдорлиги ва тараққиёт

Ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ҳаётимизга шунчалик сингиб кетдики, бугунги кунда нафақат кундалик фаолиятимиз, балки ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожини ҳам уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Зотан, бундай технологиялар ахборотлашган жамият негизини ташкил этиб, одамларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилмоқда.

Буни 2015 йилда дунёда интернетдан фойдаланувчилар сони 2000 йилдагига нисбатан 7 марта кўпайиб, 3,2 миллиардга, мобиль телефон абонентлари эса 7 миллиардга етгани тасдиқлаб турибди. 

Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида ушбу масалага тўхталиб, ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши мамлакатнинг рақобатдошлик даражасига таъсир кўрсатиши, катта ҳажмда ахборот тўплаш ва уни умумлаштириш имконини бериши, бошқаришни стратегик -даражада ташкил этиш учун кенг имкониятлар яратишини унутмаслигимиз зарурлигига эътибор қаратди.

Бугунги кунда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг тахминан 5,5 фоизи АКТ соҳасига тўғри келмоқда. Нуфузли халқаро экспертларнинг фикрига кўра, 2020 йилда бу кўрсаткич 9 фоиздан ортади. Масалан, Корея Республикасининг ялпи ички маҳсулотида мазкур соҳанинг улуши 11,8 фоиздан ошиши кутилаяпти. Чунки ушбу мамлакатдаги “Иннополис”  технологик паркига жалб қилинган 54 та илмий тадқиқот институти, 25 та университет, 37 та агентлик ва 3327 компания мутахассислари ҳамда 29 мингга яқин фан докторларининг изланишлари шу соҳа равнақига қаратилган.

Дарҳақиқат, ҳозирги пайтда АКТ ривожланган давлатлар иқтисодиётининг локомотивига айланган. Мазкур соҳа глобал инқироз шароитида ҳам фаол ривожланаётгани диққатга сазовор. Яъни АҚШда ўтказилган тадқиқотлар натижасига қараганда, айни шу даврда интернетни тараққий эттиришга йўналтирилган бир доллар мамлакат иқтисодиётига 10 доллар бўлиб қайтгани кузатилди. Шу боис инвесторларнинг бу сердаромад тармоққа бўлган қизиқиши янада кучайиб, жалб қилинаётган сармоялар ҳажми оширилмоқда. Бунинг эвазига ўтган йили Европа Иттифоқида 1 миллиондан ортиқ иш ўринлари яратиш, 850 миллиард евро даромад кўришга эришилди. 

АКТнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, ундан фойдаланиш глобал характерга эга. Бу, айниқса, бошқарув тизимида меҳнат унумдорлиги, иқтисодий самарадорликни оширишга хизмат қилади. Дунёда биринчи бўлиб иқтисодиёт соҳаларини оптик толали тармоқ билан тўлиқ таъминлаган Сингапур, Швеция давлатларида қўлга киритилаётган муваффақиятлар бунга мисол бўла олади.  

Республикамиз иқтисодиётига ҳам АКТни босқичма-босқич жорий қилиш, ахборотлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Истиқлол йилларида соҳанинг ҳуқуқий асоси яратилиб, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонунлар, Президентимизнинг 2012 йил 21 мартдаги “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2013 йил 20 сентябрдаги “Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари бунда дастуриламал бўлаяпти. Натижада биргина 2015 йил давомида 1800 км. узунликдаги оптик толали алоқа тармоқлари бунёд этилиб, инфратузилмани ривожлантириш, интернетдан самарали фойдаланишга эришилди. 

Бироқ давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, сўнгги йилларда иқтисодиётимизнинг мазкур тармоғи жадал суръатлар билан ривожланиб бораётганига қарамасдан, ҳозирги вақтда биз бу борада дастлабки босқичда турганимизни тан олишимиз даркор. Яъни мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 2 фоизга яқини ахборот-коммуникация технологиялари ҳиссасига тўғри келмоқда. 

Уни таркибий жиҳатдан таҳлил қиладиган бўлсак, 89 фоизи алоқа ва ахборотлаштириш, 4 фоизи дастурий таъминот ишлаб чиқариш, 7 фоизи электрон маҳсулотлар ҳамда компьютерлар тайёрлаш тармоқлари улушига тўғри келади. 

Айтиш жоизки, ялпи ички маҳсулот таркибида АКТ ҳиссаси  ошиши бевосита бошқа соҳалар ривожига ҳам кенг йўл очади. Мисол учун, Ҳиндистонда мазкур индустриянинг тараққий этиши туфайли АКТ аутсорсинг хизматлари иқтисодиётнинг турли тармоқларини қамраб олди. Пировардида 2015 йилда бизнес жараёнлар аутсорсингидан олинган даромад 150 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди.

Шу маънода, юртимизда хизматлар кўрсатиш соҳасида алоқа ва ахборотлаштириш тармоғининг ҳиссаси тобора ортиб бораётгани қувонарлидир. Гап шундаки, ўтган йили тизим корхоналари томонидан кўрсатилган хизматлар 15,4 фоиз ўсди. Аҳолига кўрсатилган хизматлар 17,5 фоиз, компьютер ва дастурлаш хизматлари 13,4 фоиз ошди.  Қолаверса, республикамизда 320 та давлат ахборот ресурси рўйхатдан ўтган бўлиб, бу борада аввалги йилдагига нисбатан 23 фоиз ўсишга эришилган. Худди шу даврда давлат органларининг 466 таси ахборот тизими рўйхатидан ўтказилди. Буларнинг барчаси юқори интеллектуал билимларни талаб қиладиган АКТ соҳаси тобора равнақ топиб, -соғлом рақобат муҳити вужудга келганидан яққол далолат беради. 

АКТнинг асосий таркибий қисмларидан ҳисобланмиш шахсий компьютерларни -ишлаб чиқариш ва бошқарув соҳасида қўллаётганлар сони кейинги беш йилда 1,6 баробар кўпайиб, 620 минг 212 тани ташкил қилди. Жумладан, 3338 та корхона фаолиятида дастурий воситаларнинг деярли барча турларидан кенг фойдаланилмоқда. Яъни  уларнинг 2151 тасида антивирус, 1253 тасида электрон шаклда молиявий ҳисоб-китоб-ларни бажариш, 724 тасида электрон ҳуқуқий-маълумотнома тизимлари, 550 тасида ташкилий, бошқарув ва иқтисодий вазифаларни ечиш, 284 тасида эса товарларни сотиш ва сотиб олишни бошқариш дастурлари қўлланилмоқда. Бу ижобий ҳолат, албатта. 

Дастурий воситаларни танлашга ҳам жиддий эътибор қаратилиши зарур. Чунки бундай маҳсулотларнинг замонавийсидан фойдаланилмаса, АКТга киритилаётган инвестициялар ўзининг иқтисодий самарасини бермаслиги мумкин. Бинобарин, юртимизда 328 та микрофирма ва корхона дастурий маҳсулотларни лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқиш билан шуғулланади. 

Президентимизнинг 2012 йил 16 июлдаги “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармонига мувофиқ, Давлат статистика қўмитасида ҳам барча статистик ҳисобот шакллари тўлиқ электрон шаклда тақдим этиш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида тадбиркорлик субъектлари “е-Stat 2.0” автоматлаштирилган ахборот тизими асосида ойлик, чораклик ва йиллик статистика ҳисоботларини тўлиқ электрон шаклда топширишмоқда. Бу тадбиркорлар учун қўшимча қулайлик яратиб, вақт ва моддий ресурсларни тежаш имконини бераяпти. -Дастлабки ҳисоб-китоблар фақат 5 та статистик ҳисобот шаклларини бир ҳисобот даврида электрон кўринишда тақдим қилиниши натижасида қарийб 1,4 миллиард сўм миқдорида иқтисодий самарадорликка эришиш мумкинлигини кўрсатаётгани бунинг яққол -далилидир. 

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига Ягона интерактив давлат -хизматлари портали орқали 260 дан ортиқ турдаги замонавий хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасидаги муносабатларнинг электрон шаклга ўтказилиши натижасида 2015 йил давомида 42,8 мингта хўжалик юритувчи субъект интернет орқали рўйхатдан ўтказилгани эътиборга молик. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига АКТ татбиқ этилиши жараёнида ташкилий ўзгаришлар амалга оширилиб, инновациялар оқилона қўлланилса, самарадорлик янада юқори бўлади. Бу борада Жанубий Корея, Хитой, Финляндия каби мамлакатлар тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Сабаби ушбу давлатларда  соҳага бошқаларга нисбатан 2 марта кўп сармоя сарфланиб, у, асосан, зарур қурилмалар, дастурий таъминот, телекоммуникация маҳсулотлари ва ахборот хизматлари ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Бу бежиз эмас. Нега деганда, ҳозирги пайтда ривожланган мамлакатларнинг иқтисодий ўсиши, авваламбор, билимлар ва интеллектуал салоҳият ҳисобига таъминланаяпти. Шунинг учун ҳам бу жабҳага киритилаётган инвестициялар миқдори асосий фондлардагига қараганда жадал ўсиб бормоқда. Масалан, Жаҳон банкининг 2015 йилдаги тадқиқотларига мувофиқ, биргина тезкор интернет -фойдаланувчилари сонини 10 фоизга ошириш орқали мамлакат ялпи ички маҳсулотини 1,3-2 фоиз, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадларни эса 1,2 фоиз юксалтиришга эришиш мумкин экан.

Хулоса ўрнида айтганда, АКТнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишга таъсири ниҳоятда юқори бўлиб, бу, энг аввало, меҳнат унумдорлигининг ўсиши, рақобатдошлик таъминланиши, янги иш ўринлари яратилиши, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш харажатлари камайишида намоён бўлади. Пировардида саноат салоҳияти юксалиб, ташқи бозорларга чиқиш, янги савдо йўналишлари очиш имконияти кенгайиб бораверади.

Баҳодир БЕГАЛОВ,

иқтисод фанлари доктори, профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn