Эзгу қадриятлар ифодаси
  • 15 Март 2016

Эзгу қадриятлар ифодаси

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 4 мартдаги фармойиши билан жорий йилнинг март — апрель ойлари мамлакатимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги ҳамда 12-13 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари, деб эълон қилиниб, унинг доирасида кенг кўламли бунёдкорлик, эзгу саховат тадбирлари амалга оширилмоқда. Хусусан, бўлиб ўтган умумхалқ хайрия ҳашарида юртдошларимиз саъй-ҳаракати билан қишлоқ ва шаҳарларимиз янада чирой очиб, неча-неча кўнгилларга хурсандчилик улашилди.

Ушбу хайрли ишларни рўёбга чиқаришда фуқаролар йиғинлари, “Камолот” ЁИҲ, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, корхона ва ташкилотлар ходимлари, таълим муассасалари ўқитувчилари, ўқувчи ҳамда талабалари — кенг жамоатчилик вакиллари фаоллик кўрсатди.

— Умумхалқ хайрия ҳашарида 18,4 миллион нафардан ортиқ аҳоли, шу жумладан, 11,5 миллион нафарга яқин ёшлар фаол қатнашди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари Д. Усмонов. — Икки кун мобайнида улар томонидан 43,7 минг гектардан зиёд майдон ободонлаштирилди, 27,7 минг километрлик ариқ ва лотоклар тозаланди, 8,8 мингта қабристон ҳамда 800 га яқин зиёратгоҳ тартибга келтирилди. Шу билан бирга, 12 миллионга яқин манзарали, 10 миллиондан зиёд мевали дарахт кўчатлари экилди. Кўчалар ва йўлларни янада кўркамлаштириш мақсадида 14 миллиондан ортиқ гул кўчатлари ўтқазилди. 

Ҳашар кунларида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, 21 мингдан зиёд оилаларнинг уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирланди. 26 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилалар, шу жумладан, 11 мингдан кўпроқ ногирон ва ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Мазкур хайрия тадбирлари учун жами 3 миллиард 600 миллион сўмликка яқин маблағ сарфланди.

Фориш туманидаги “Нурак” маҳалласи фаоллари ташаббусидан ҳудудда яшовчи уруш қатнашчиси Н. Аясовнинг кўнгли тоғдек кўтарилди. Отахон уйининг таъмири учун “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан 3 миллион сўмлик моддий ёрдам ажратилди. Жиззах вилояти бўйича 1745 нафар уруш ва меҳнат фахрийсига, муҳтож оилалар, ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий кўмак берилди.

Бу йўналишдаги ишлар Андижонда ҳам изчил олиб борилди. Икки кун давомида бу ерда 1700 нафардан зиёд ёлғиз, боқувчисини йўқотган ҳамда ногиронларга уй-жойларини таъмирлашга маблағ ажратилди. 

— Наврўз байрами шукуҳи кезаётган айни дамларда ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари кунларида навоийликлар ҳам янги-янги ташаббусларга қўл урди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Навоий вилояти бўлими масъул котиби С. Туробов. — Жумладан, Кармана туманидаги “Деҳқон” маҳалла фуқаролар йиғини янги бинога кўчиб ўтди. Фонднинг 270 миллион сўм маблағи ва маҳалла тадбиркорлари ҳомийлиги ҳисобидан бунёд этилган кўркам иншоот атрофига мевали ҳамда манзарали дарахтлар ниҳоллари ва гул кўчатлари ўтқазилди. 

Ҳашар кунлари ижтимоий объектларни фойдаланишга топшириш ва шу орқали янги иш ўринлари яратиш, болалар спорт майдончаларини қуриш, боғлар барпо этиш билан боғлиқ эзгу ишлар ҳам анъанага айланган. 

Шу жумладан, республика бўйича маҳаллаларда ижтимоий, савдо ва маиший объектлар — 19 та маҳалла идораси ҳамда гузари, 22 та болалар майдончаси, 95 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, 14 та ишлаб чиқариш цехи фойдаланишга топширилди.

— Маҳалламизда тўрт минг нафардан зиёд кишилар истиқомат қилади, — дейди пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Д. Камолова. — Ҳашар кунларида уларнинг кўмагида катта ҳажмдаги ишлар уддаланди. Мисол учун, тадбиркорларимизнинг ёрдами билан маҳалламизда болалар майдончаси ташкил қилдик. Бундан мурғак қалб эгалари қанчалик севинганини кўрсангиз эди. 

Умуман, умумхалқ хайрия ҳашари юртимизнинг барча ҳудудида ана шундай бунёдкорлик, яратувчанлик ҳамда меҳр-мурувват тадбирларига бой бўлди. 

Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги доирасидаги бундай эзгу саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn