Инсон манфаатлари устувор
  • 15 Март 2016

Инсон манфаатлари устувор

Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, жамиятда инсон манфаати устуворлигини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида иқтисодиётимиз барқарор ривожланиб, ҳаётимиз ҳар томонлама тўкис бўлиб бораяпти. Айниқса, савдо шохобчалари сифатли молларга тўлдирилиб, хизматлар кўлами кенгаяётгани эътиборга лойиқ. Бу, ўз навбатида, рақобат муҳитини шакллантириш баробарида,  маҳсулот харид қилиш ёки хизмат кўрсатишда масъулиятли бўлишни талаб этаяпти.

Кеча пойтахтимизда Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун 15 март — Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни муносабати билан ташкил этилган анжуманда ана шулар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидландики, бугунги кунда федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш борасида аниқ чора-тадбирлар кўрилаётир.  Хусусан, федерацияга 7501 ариза ҳамда шикоят келиб тушган бўлса, шундан 92,4 фоизи ижобий ҳал қилиниб, қарийб 3 миллиард сўмлик зарар истеъмолчилар фойдасига ундириб берилгани бунинг тасдиғидир. 

Мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг аксарияти коммунал, савдо, транспорт, алоқа ва бошқа соҳаларга тўғри келаяпти.

Буни ҳисобга олган ҳолда, федерация тегишли вазирлик ҳамда идоралар, назорат қилувчи органлар, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, биргаликда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу, табиийки, ўз самарасини бераётир.  Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда қисқа рақамли “Ишонч телефони” — “1091” ишга туширилгани туфайли истеъмолчилар мурожаатларини қабул қилиш янада такомиллашди. 

Бундан ташқари, кейинги йилларда федерация Малайзия, Франция, Германия, Хитой, Вьетнам сингари давлатлар мутахассислари билан тажриба алмашиб, алоқаларни кенгайтираётгани ҳам тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этаётир. 

Маълумот сифатида айтиб ўтиш жоиз, 2002 йилда ташкил этилган федерация -тизимида ҳозирги кунда 14 та ҳудудий бирлашма, 193 та туман (шаҳар) жамияти ҳамда 5515 та таянч гуруҳи мавжуд  бўлиб, уларга 426 минг нафар истеъмолчи аъзо. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида соҳадаги муносабатлар тартибга солинган.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn