Аёлга эҳтиромнинг юксак намунаси
  • 12 Март 2016

Аёлга эҳтиромнинг юксак намунаси

Президентимизнинг Ўзбекистон хотин-қизларига йўллаган байрам табригида опа-сингилларимизнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнидаги иштироки ва қўлга киритаётган натижалари чуқур таҳлил қилинди. Айни чоғда қатор долзарб вазифаларнинг ечимини топишда улар энг яқин маслаҳатчи, салоҳиятли сафдош сифатида эътироф этилди. Ана шундай самимий тилаклар битилган табрик юртдошларимиз, жумладан, аёлларимиз томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди. Мухбиримиз улардан айримларининг дил сўзларини ёзиб олди.

Раъно ҲАЙИТҚУЛОВА, Ангрен шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия -масалалари бўйича маслаҳатчиси, “Шуҳрат” медали соҳибаси:

— Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз хотин-қизларига йўллаган байрам табриги юртимиз аёлларига билдирилган меҳр-муҳаббат, ғамхўрлигу эътиборнинг олий ифодаси бўлди. 

Унда жамиятимиз тараққиётини бугунги юксак босқичга кўтаришда маҳалла маслаҳатчиларининг ҳам беқиёс ҳиссаси борлиги, уларнинг соғлом муҳитни ҳамда оилаларни мустаҳкамлаш, шу жумладан, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга ошираётган ишлари алоҳида таъкидлангани бизга чексиз  ғурур бағишлади. 

Айтиш жоизки, жамият бошқарувининг ўзига хос модели бўлган маҳалла тизими жаҳоннинг ривожланган давлатларида катта қизиқиш ва ҳавас уйғотмоқда. Бугунги кунда маҳалла фуқаролик жамияти барпо этишда энг фаол ҳамда таъсирчан куч сифатида майдонга чиқаётир. 

Буни бизнинг маҳалла мисолида ҳам кўриш мумкин. Уч минг саккиз юз нафардан зиёд киши истиқомат қилаётган фуқаролар йиғинида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилаларда соғлом муҳит ва репродуктив саломатликни таъминлаш ишлари изчил амалга оширилаяпти.

Фаолиятимизда хотин-қизлар бандлигига алоҳида эътибор қаратилиши бежиз эмас. Чунки севимли машғулоти билан шуғулланадиган, рўзғорига фойдаси тегадиган аёлнинг кайфияти кўтаринки, оиласи мустаҳкам бўлади. Бу эса оила маънавиятига, фарзандлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади. Хусусан, баҳорнинг дастлабки кунларида маҳалламизда иш бошлаган тикувчилик корхонасида 24 нафар хотин-қизнинг бандлиги -таъминланди. 

Давлатимиз раҳбарининг табригида билдирилган фикр-мулоҳазалар бизни руҳлантирди ҳамда ишимизга бўлган масъулиятни янада оширишга ундади.

Дилором ЗОҲИДОВА, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Наманган вилояти бўлими бош мутахассиси:

— Халқаро хотин-қизлар куни арафасида наманганлик бир гуруҳ фаол дугоналарим билан пойтахтимизга ташриф буюриб, байрам тантаналарида қатнашдик.

Президентимизнинг Ўзбекистон хотин-қизларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилганда, қалбим қувонч ва ҳаяжонга тўлди. Чунки унда мен фаолият кўрса-таётган соҳа вакилларининг меҳнати алоҳида эътироф этилди. 

Вилоятимизда фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида бугунги кунда 769 нафар обрўли ҳамда фаол хотин-қиз фаолият кўрсатмоқда. Биргина 2015 йил мисолида айтадиган бўлсак, улар томонидан фуқаролар йиғинларида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, она-юртга муҳаббат, -истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини сингдиришга йўналтирилган 26 мингга яқин маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Маслаҳатчиларнинг профилактика инспекторлари ва бошқа давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширган ишлари туфайли ўтган йили вилоятимиздаги 360 та фуқаролар йиғинида умуман жиноят содир этилмади. Улар бугунги кунда фуқаролар йиғинлари қошидаги жамоатчилик комиссиялари ишини самарали ташкил қилишда ҳам фаол қатнашмоқда. 

Соғлом она ва бола йилида олдимизда талайгина вазифалар турибди. Жумладан, тиббиёт муассасалари вакиллари билан ҳамкорликда оналик ва болаликни муҳофазалаш, никоҳланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича 600 мингдан ортиқ учрашув ҳамда давра суҳбатлари ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, 500 мингга яқин ёш оилаларни тиббий кўрикдан ўтказишга кўмаклашилади. Умуман, табрикда билдирилган фикрлардан ўзимиз учун қатор вазифаларни белгилаб олдик.

З. ХОЛТЎРАЕВ ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn