Қувватбахш ва фойдали
  • 12 Март 2016

Қувватбахш ва фойдали

Баҳорнинг илк неъматларидан бири — семизўт. Номига муносиб ўсимлик юртимиз ўтлоқларида, далаларида, экин майдонларида учрайди.

Айни “илигузилди” паллада ундан егуликлар тайёрлаб истеъмол қилинса, кишига қувват бериб, кўпгина хасталиклардан фориғ этади. 

Мазкур бир йиллик ўсимлик таркибида кўп миқдорда С витамини, қанд, гликозидлар, фосфор, кальций унсури бор. Шу боис у халқ табобатида қадим замонлардан бери фойдаланиб келинади. 

Абу Али ибн Сино қон кетиши, кўз ва жигар касалликларини даволашда семизўт ширасидан фойдаланган. Агар у шароб билан аралаштирилиб, бошдаги яраларга қўйилса, малҳам бўлади, дамламаси буйрак, қовуқ оғриқларидан халос этади. 

Халқ табобатида ҳароратни туширувчи, кукун ҳолидагиси эса ич кетишини тўхтатувчи омил сифатида тавсия қилинади. Бавосилни даволашда семизўт ва баргизубнинг шарбатидан яхшироқ восита йўқ. Ўсимлик поясида норадреналин таъсирига эга модда борлиги туфайли томирларни торайтириб, қон босимини кўтариш -хусусиятига эга.

Ушбу гиёҳни барра ҳолида, ялпиз, исмалоқ, жағжағ каби кўкатлар билан аралаштириб истеъмол қилингани маъқул.

Доно ХЎЖАЕВА,

олий тоифадаги доришунос.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn