Қизингизни узатишга шошилманг
  • 12 Март 2016

Қизингизни узатишга шошилманг

Ёш авлод камолоти давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бу борадаги вазифалар ижросига жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари ҳам кенг жалб этилмоқда. Мазкур жараёнда келажагимиз эгалари қалбида Ватан, оила, ота-онага садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш, мустақил ҳаётга тайёргарлик кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Зеро, фарзандлар таълим-тарбияси — мураккаб, айни пайтда шарафли юмуш. Айниқса, қизларни жисмонан ва маънан етук вояга етказиш катта масъулият талаб қилиши сир эмас. Негаки, уларнинг одоби ҳамда ҳаёси миллат шаънига қиёсланади. Давлатимиз томонидан қизларимизнинг саломатлигини таъминлаш, таълим олиши, ҳунар ўрганиши учун шарт-шароит яратиш, уларни турли ёт ғоя ва иллатлар таъсиридан сақлаш, эрта никоҳнинг олдини олиш каби масалаларга жиддий аҳамият берилаётгани замирида ҳам миллат генофондини асраб-авайлашдек эзгу мақсад мужассам. 

Айтиш керакки, мамлакатимизда жорий этилган ўн икки йиллик мажбурий таълим ёшлар келажаги учун қўйилган мустаҳкам пойдевор бўлиб, фарзандларимизни мустақил ҳаётга тайёрлаш борасида кенг имкониятларни очиб бермоқда. Чунончи, эртамиз эгалари бу даврда илм-фан сирларини эгаллаш баробарида, ота-она ва устозларидан ибрат сабоғини олмоқдалар. Бинобарин, ана шу жараёнда “оила — мактаб — маҳалла” -ҳамкорлиги ҳал қилувчи ўрин тутаётир. Натижада дилбандларимизни катта ҳаётга ҳозирлаш билан бирга, эрта никоҳнинг олдини олишга эришаяпмиз. Чунки оила ихтиёрий, давлат томонидан қўйилган талабларга монанд равишда тузилса, унинг мустаҳкамлиги кафолатланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, эрта турмуш қуриш айни пайтда ўз ечимини кутаётган муаммолардан бири бўлиб қолаяпти. Боиси, “Тенги чиқса, текинга бер”, дея фарзандини барвақт узатиб юбораётганлар орамизда 

учраб турибди. Мисол учун, кейинги пайтларда Наманган шаҳридан М. Валихонова, М. Маматхонова, Тўрақўрғон туманидан М. Алиматова, Норин туманидан 

Р. Абдураҳмонованинг никоҳ тўйи муддатини кечиктиришга тўғри келди. Негаки, улар касб-ҳунар коллежларининг иккинчи-учинчи босқич ўқувчилари бўлиб, мутахассислик сабоғини олиш билан банд эдилар. Бу қизларнинг яқинлари билан маҳалла фаоллари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида суҳбат ўтказилиб, масала моҳияти атрофлича тушунтирилди. Гапларимизни самимий қабул қилишди. 

Тўғри, катталар тўйни тезлатиш орқали зиммасидаги мажбуриятни вақтлироқ бажаришни кўзлаб иш тутганлари тайин. Бироқ масалага ҳали тўлиқ улғайиб улгурмаган қизнинг эртанги куни, рўзғор ишлари, фарзандни дунёга келтириш, тарбиялашга жисмоний ва маънавий жиҳатдан тайёргарлигига эътибор қаратилса, унинг нақадар жиддийлиги ойдинлашади. Эътироф этиш жоизки, қўмитамиз вилоятдаги бир қатор ташкилотлар, жумладан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ЁИҲ, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказаётган учрашув, жонли мулоқотларда айни шу масалаларни қамраб олишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг натижаси ижобий кўрсаткичларда намоён бўлаяпти. 

Жумладан, Наманган шаҳридаги таълим муассасаларида ўсмир қизлар иштирокида давра суҳбатлари ташкил қилинди. Катта ҳаёт тажрибасига эга кайвонилар, шифокорлар, адлия ва диний идоралар вакиллари жалб этилган мулоқотлар чоғида қизлар ҳам ўз саволлари, мулоҳазалари билан қатнашишди. Худди шундай тадбирлар Косонсой, Уйчи, Янгиқўрғон ва бошқа туманлардаги ўрта махсус таълим муассасаларида ҳам уюштирилди. Бинобарин, мактаб ва коллежлар қошида сингилларимизни катта ҳаётга тайёрлаш, маънавий-маърифий, иқтисодий, соғлом турмуш тарзи асослари юзасидан билимларини бойитиш мақсадида йўлга қўйилган “Ораста қизлар” тўгараклари фаолиятининг самараси катта бўлаётир. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги 3 минг 447 та шундай тўгаракда 58 минг 398 нафар, халқ таълими тизимидаги 13 минг 281 тўгаракда 176 минг 593 нафар қиз билан давра суҳбатлари ва очиқ мулоқотлар ўтказилди. Уларга ўқитувчилар билан биргаликда тиббиёт, психология соҳалари мутахассислари ҳам таклиф этилаётгани, айниқса, қўл келмоқда. Шунингдек, тиббиёт бирлашмалари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари ҳамкорлигида ёшларни никоҳгача тиббий кўрикдан ўтказиш, соғлом оилани шакллантириш борасида олиб борилаётган ишлар ўз натижасини бераётир. Пировардида жойларда қизларни барвақт турмушга бериш ҳолатлари сезиларли даражада камаймоқда. Касб-ҳунар таълими тизимида таҳсил олаётган биринчи босқич ўқувчилари ўртасида эрта никоҳга умуман чек қўйилди. Бироқ юқори босқичда таҳсил олаётганлар орасида бундай ҳолатлар йўқ эмас. Шундан келиб чиқиб, олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишларимиз қамровини янада кенгайтириш ва таъсирчанлигини ошириш пайидан бўлаяпмиз. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида бундай муассасаларда ўқиётган 121 нафар қизга эрта никоҳнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тушунтирилди. Улардан айримларининг никоҳдан ўтиши ўқув юртини тугатганларидан кейинги саналарга кўчирилди. Таҳлилларга қараганда, фарзандларини эрта турмушга бериш Наманган шаҳрида кўпроқ кузатилади. Лекин айрим туманларда ҳам шундай ҳолат учраб тургани тушунтириш ишларини янада кучайтиришимиз лозимлигини кўрсатмоқда. 

Шифокорлар хулосасига кўра, қиз бола 17-18, ҳатто 19 ёшга кирган паллада ҳам физиологик ва психологик жиҳатдан оила қуришга, она бўлишга тўла-тўкис тайёр бўлмайди. Эрта турмушга чиққанларда ҳомиладорлик даврида токсикоз жараёни жуда оғир кечгани, гипертензия кўрсаткичи юқори бўлиб, аксарият ҳолларда муддатидан илгари туғуруқ рўй бериши амалда бу фикрнинг тўғрилигини тасдиқлайди. Боз устига, ёш келинлар ҳомиладорлик пайтида кўпроқ камқонлик ва йод етишмовчилиги, сийдик йўли касалликларини бошдан кечиришади. Хаста она ҳеч қачон соғлом болани дунёга келтира олмаслиги эса айни ҳақиқат. Бундан ҳам ачинарлиси, улар эрта туғуруқдан сўнг қайта фарзанд кўриш бахтидан мосуво бўлишаяпти. Бу туфайли келиб чиқаётган оилавий ажралишларни айтмайсизми?!

Бу фикр ва далиллар эрта никоҳнинг ижтимоий хавфини тасаввур этиш учун етарли, албатта. Ваҳолонки, қиз боланинг ортидан раҳмат эшитгунича ота-она қанчадан-қанча машаққат чекади. Шу маънода, барвақт турмуш қуришнинг салбий оқибатларини тушунтириш мақсадида жойларда катта ёшдагилар билан ҳам алоҳида суҳбатлар уюштирилаяпти. Дилдан дилга кўчаётган бундай мулоқотларнинг таъсирчан кучи кутилган самарани бераётганлиги эса бизни қувонтиради. Зотан, ишончимиз ва -суянчимиз саналган жигарбандларимизни эрта келин бўлиб, бахтсизлик ҳамда саломатлигини йўқотишидан асраб қололсак, жамиятимиз ривожига, энг катта орзуимиз — соғлом авлодни шакллантиришга ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

 

Ҳилола ЮСУПОВА,

Наманган вилояти ҳокими ўринбосари,

вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn