Хотин-қизлар фаоллиги — жамият ривожининг муҳим белгиси
  • 11 Март 2016

Хотин-қизлар фаоллиги — жамият ривожининг муҳим белгиси

Президентимизнинг Ўзбекистон хотин-қизларига йўллаган байрам табригини чуқур ҳаяжон, катта қизиқиш билан тингладик. Аёл сиймосига беқиёс эҳтиромнинг яна бир ёрқин намунаси бўлган ушбу табрикдаги самимият барчамизга беҳад мамнунлик бағишлади. Айни чоғда оиладаги файзу хотиржамлик, жамиятдаги барқарорлик, фарзандлар камолоти аёлларимизнинг фаоллиги ва салоҳиятига бевосита боғлиқлигини яна бир карра ҳис қилдик.

Маълумки, мустақилликнинг илк йилларидан мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини кафолатлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Конституциямизда хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли экани белгилаб қўйилди ҳамда унга мувофиқ ўтган даврда саксондан ортиқ қонун ҳужжатларини ўзида жамлаган мустаҳкам база шакллантирилди. Умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мос келадиган миллий қонунчилик базаси аёлларимизнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Натижада жамият ҳаётининг барча жабҳасида опа-сингилларимизнинг фаоллиги сезиларли равишда юксалиб бораяпти. Бинобарин, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, биз ўз олдимизга қўйган олий мақсадимизга эришиш йўлида, яъни жаҳондаги энг тараққий топган демократик ва эркин давлатлар қаторига кириш, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, халқаро майдонда мамлакатимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришда, мухтасар айтганда, бугун Ўзбекистонимиз қўлга киритаётган улкан марраларда — бу қайси соҳа, қайси касб-ҳунар бўлмасин, уларнинг барчасида аёлларимизнинг муносиб ҳиссаси бор.

Шуниси қувончлики, бугунги аёлларимиз мустабид тузум даврида ниҳоятда оғир шароитда тушкунлик кайфияти билан яшаган хотин-қизлардан кескин фарқ қилади. Истиқлол даврида опа-сингилларимизда юрт равнақи ва эртасига дахлдорлик, ўзига ишонч, ҳар бир жабҳада ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён этишга интилиш  кучайди. Буни Жиззах вилояти аёллари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Вилоятда 2000 йилда тадбиркор аёллар бармоқ билан санарли эди. Ҳозирги кунга келиб, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 2 минг 600 нафардан зиёд хотин-қизлар ўз бизнесини йўлга қўйган. Шунингдек, 245 нафар фермер аёл эл маъмурчилигига ўз улушини қўшмоқда.

Аҳамиятлиси,  аёллар тадбиркорлигини молиялаштириш, касб-ҳунар коллежларини битирган қизлар бандлигини таъминлашга энг муҳим устувор вазифа сифатида қаралиб, бу борадаги ишлар тизимли равишда олиб борилаётир.

Яна бир муҳим жиҳат. Ҳар бир оиладаги соғлом маънавий-ахлоқий муҳит ва табиийки, ўша оилада камолга етаётган ўғил-қизларнинг тарбияси, асосан, аёлга боғлиқ. Шу маънода, юртимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, турмуш даражасини тобора яхшилаш, билим ва профессионал малакасини ривожлантириши учун шарт-шароитларни яратишга доимий эътибор берилаётгани бежиз эмас. Амалиётга татбиқ этилаётган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида бу йўналишда аниқ вазифалар белгиланган. Хусусан, қиз болалар — бўлғуси оналарни ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом қилиб тарбиялаш, уларнинг касб-ҳунар эгаллаб, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш айни заруратдир.   

Юртбошимиз мазкур масалага алоҳида урғу бергани, қиз бола соғлом, билимли, замонавий касб-ҳунар эгаси бўлса, у қурадиган оила ҳам, бу оиланинг меваси бўлмиш бола ҳам соғлом ва бахтли бўлади, дея билдирган қимматли фикрлари қизларга соғлом насл давомчилари сифатида қараб, уларнинг таълим-тарбиясига янада масъулият билан ёндашишга ундайди. Зотан, она етук бўлса, фарзандини ҳам ана шу руҳда тарбиялайди.

Буни жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси теран англаб етмоғи учун аҳоли кенг қатлами ўртасида тушунтириш ишларини жадаллаштириш, касб-ҳунар коллежларини битирган қизларни ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш ёки  таълимнинг кейинги босқичига, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка йўналтириш чора-тадбирларини кучайтириш зарур. Оила институтини ривожлантиришнинг, оналик ва болаликни ҳимоя қилишнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари ҳам парламентимиз вакиллари олдига муҳим вазифаларни қўймоқда.  Шубҳасизки, кенг кўламли ислоҳотларга хотин-қизларни янада жалб қилиш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётида фаоллигини ошириш орқали соғлом келажак пойдеворини мустаҳкамлаймиз. 

 

Гулнора ТЎРАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn