Юртимизнинг сўлим манзиллари сайёҳларни мафтун этмоқда
  • 11 Март 2016

Юртимизнинг сўлим манзиллари сайёҳларни мафтун этмоқда

Кейинги йилларда Жиззах вилоятига келиб-кетувчи сайёҳларнинг табиат қўйнида мароқли ҳордиқ чиқариши, наботот ва ҳайвонот олами билан яқиндан танишиши учун қўшимча қулайликлар яратилаётир. Айниқса, бу борада тоғ, ўрмон, табиий сув ҳавзаларини ўз бағрига олган экотуризм масканлари имкониятларидан самарали фойдаланилаяпти.

Муҳими, ўтган даврда сўлим воҳа ўз ҳусну таровати, ширин-шакар ноз-неъматлари, бағрикенг ва меҳмондўст одамлари билан дунё аҳлининг эътирофини қозонди.

Улкан бунёдкорлик ишлари, асрларга татигулик ўзгаришларнинг изчил амалга оширилиши Жиззахни яшартириб юборди. Шу боис бугун ана шу заминдан юртдошларимиз ва хорижликлар қадами узилмайди. Хусусан, 2010 йилда воҳада 800 миллион сўмлик сайёҳлик хизматлари кўрсатилган бўлса, ўтган беш йилда бу кўрсаткич 15 баробар ўсди. Бинобарин, ҳудудга ташриф буюрган туристлар сони 2013 йилдаги 204 нафардан 2015 йилда 3500 нафарга етди. 

Жиззахдаги 372 га яқин маданий мерос иншооти давлат муҳофазасига олинган. Шундан қарийб 270 таси экологик объект ҳисобланади. “Зомин” давлат миллий боғи, “Зомин” давлат тоғ-ўрмон қўриқхонаси, “Нурота” давлат тоғ-ўрмон қўриқхонаси, “Арнасой” давлат табиат буюртмахонаси, Туркистон, Нурота, Молгузар тоғ тизмалари ён-бағридаги ҳамда Қўйтошдаги ўрмонлар, ландшафтлар, тош ҳайкаллар, қоятошлардаги қадимий расмлар, Сангзор, Зоминсув дарёлари, Айдар — Арнасой кўллари тизими шулар жумласидан.

Албатта, буларнинг барчаси мазкур соҳада тадбиркорлик фаолияти равнақ топаётгани ва давлатимиз томонидан қатор имтиёзлар яратиб берилаётгани билан боғлиқ. Чунончи, илгари туризм йўналишида бизнесни йўлга қўйиш учун лицензия олиш ёки тегишли рўйхатдан ўтишда низом жамғармаси энг кам иш ҳақининг 400 баробари миқдорида  шакллантирилиши талаб этилган бўлса, эндиликда бу миқдор энг кам иш ҳақининг 10 баробарига тенглаштирилди. Натижада соҳа равнақига янада кенг йўл очилди. Қолаверса, фуқаролар ўз уйларида сайёҳларни қабул қилиши учун хонадонини нотураржой сифатида расмийлаштириши шарт эмас. Лицензияни олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати ҳам бир йилдан бир ойга қисқартирилди. 

Қувонарлиси, бу каби имкониятлар вилоятимизда экотуризм салоҳиятидан янада унумли фойдаланишда қўл келаяпти. Жумладан, Айдар — Арнасой кўллар тизими қирғоқларида мазкур йўналишда 2,2 миллиард сўмлик 5 та лойиҳа рўёбга чиқарилмоқда. Яъни хорижий ва маҳаллий сайёҳларни қабул қилишга мўлжалланган 150 ўринли бешта маскан барпо этилаяпти. Бинобарин, балиқ овлаш, сув саёҳати, орнитологик туризм каби йўналишлар бўйича хизмат кўрсатиш йўлга қўйилаётир. Замонавий кемпинглардан тортиб миллий ўтовларда дам олиш, туя ва отда сайр қилиш, қимрон  тайёрлаш ҳамда улардан татиб кўриш жараёни ҳам меҳмонларда унутилмас таассуротлар қолдириши, шубҳасиз. 

Маълумки, экотуризм табиатга зарар етказмаган ҳолда, ундан баҳра олишни англатади. Шундай экан, мазкур тармоқни ривожлантириш, ўз навбатида, одамларда экологик маданиятни юксалтиришни тақозо этади. Бу борада ҳам минтақавий бўлимимиз томонидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Яна бир эътиборли жиҳати, ана шу туфайли вилоятнинг узоқ тоғли ҳудудларида жойлашган қишлоқлар аҳолиси муқим иш ўрнига, даромад манбаига эга бўлишаётир. Сайёҳлар эса одамлар кундалик турмуш тарзи, урф-одатлари ва маросимлари билан яқиндан танишишаяпти.

Ҳадемай бундай уй-меҳмонхоналар сони яна ўнтага кўпаяди. Натижада қўшимча беш минг кишини вилоятимизнинг бетакрор манзилларига жалб этиш имконияти яратилади. Қолаверса, шу кунларда 12 та янги йўналиш бўйлаб саёҳатлар йўлга қўйилиши режалаштирилган. Хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш мақсадида воҳадаги 6 та касб-ҳунар коллежида 348 нафар йигит-қиз “Туристик хизматлар ташкилотчиси” мутахассислиги бўйича таҳсил олаётгани ҳам соҳа истиқболи порлоқ эканидан далолат беради. 

Ўз навбатида, 2016 — 2019 йилларда вилоятимизда умумий қиймати 15,4 миллиард сўмлик 32 та туризм иншооти фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган. Бу орқали 205 та иш ўрни яратилади. Жорий йил якунида соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улушини 1,3 фоизга, 2019 йилга бориб 5 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Ҳудудимизда сайёҳликни янада ривожлантириш учун имконият етарли. Бунинг учун экотуризм манзиллари қишлоқ ҳудудларида жойлашганини ҳисобга олиб, уларга олиб борувчи автомобиль йўлларини таъмирлаш, автомагистраллар ёқасида овқатланиш ва дам олиш масканларини барпо этиш ҳамда мавжудларининг санитария ҳолати талаб даражасида бўлишига эришиш лозим. Бинобарин, ички туризмни ривожлантириш ишига давлат ва жамоат ташкилотларини, таълим муассасаларини янада кенгроқ жалб қилиш мақсадга мувофиқдир. Вилоятимиздаги Хўжа Нуриддин мадрасасида ҳунармандлар уйини бунёд этиш, бу ерда тайёрланаётган маҳсулотларнинг доимий савдо-кўргазмасини ташкиллаштириш ва совғабоп буюмлар ясашни йўлга қўйиш хайрли мақсадларга эришишда муҳим омил бўлади. Зеро, бу сайёҳликнинг янги қирралари очилишига хизмат қилади.

 

Лола САНАЕВА,

«Ўзбектуризм» Миллий компаниясининг  

Жиззах вилояти бўйича ваколатли вакили.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn