Аёл бахтли бўлса, оила мустаҳкам, жамият барқарордир
  • 10 Март 2016

Аёл бахтли бўлса, оила мустаҳкам, жамият барқарордир

Президентимизнинг Ўзбекистон хотин-қизларига йўллаган байрам табригини барчамиз, айниқса, биз, аёллар ғурур ва ифтихор билан тингладик. Бинобарин, унда қайд этилганидек, Ватанимиз мустақиллигининг биринчи кунларидан бошлаб юртимизда оила, оналик ҳамда болаликни ҳимоя қилиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ўрни ҳамда нуфузини кучайтириш каби муҳим вазифалар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ва бу соҳада амалга оширилаётган ишлар бугунги кунда жаҳон миқёсида ҳавас билан тан олинмоқда.

Ушбу таъкиднинг амалий ифодасини ҳар бир аёл ўз ҳаёти мисолида яққол кўриб, қалбан чуқур ҳис этмоқда десак, муболаға бўлмайди. Дарҳақиқат, мунис, оқила опа-сингилларимиз, бири-биридан латофатли қизларимиз ҳамиша давлат ва жамиятнинг ғамхўрлиги, ардоғи, эътибори ҳамда эъзозидадир. Хотин-қизларнинг манфаатларини ҳар томонлама кафолатлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини рағбатлантириш мақсадида зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратилиб, комплекс чора-тадбирлар изчил рўёбга чиқарилаётгани ўз самарасини бермоқда.  Хусусан, “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги Қонун, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг давлат ва ижтимоий қурилишида хотин-қизларнинг ролини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари аёлларнинг барча жабҳада муносиб иштирокини таъминлашда дастуриламал бўлаётир.

Бугун турли соҳаларда ўз салоҳиятини намоён этиб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган хотин-қизлар сафи тобора кенгайиб бораётгани қувонарли. Президентимиз айтиб ўтганидек, биз учун устувор аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия, маданият ва илм-фан соҳаларида меҳнат қилаётган ходимларнинг 73 фоизини, соғлиқни сақлаш тизимида 75, ишлаб чиқариш тармоқларида 42, қишлоқ хўжалигида 43 фоизини айнан аёллар ташкил этаётгани уларнинг, ҳақиқатан ҳам, бирор-бир соҳада ҳеч кимдан қолишмаслигини кўрсатади.

Умуман олганда, фозила аёлларимизга давлат ҳамда жамият ҳаётида ўз ўрнини топиши учун кенг йўл очилди. Сайлов тўғрисидаги қонунларимизга Олий Мажлис ва маҳаллий вакиллик органларига номзод кўрсатишда ҳар қайси сиёсий партия томонидан хотин-қизлар учун камида 30 фоиз ўрин ажратиш шарти белгилаб қўйилди. Бу эса аёлларнинг халқимиз ишончли вакиллари сифатида фаолият юритишларида ҳал қилувчи аҳамият касб этаяпти.

Айни пайтда Олий Мажлис Сенати аъзоларининг 17 фоизи, Қонунчилик палатаси депутатларининг 16 фоизи аёллардан иборат экани, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида юзлаб опа-сингилларимиз фаолият юритаётгани бунга далилдир. Жумладан, олий қонунчилик органидаги депутат аёллар юртимиз равнақини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қонун лойиҳаларини маромига етказиш жараёнларида фаол иштирок этмоқда. Маҳаллий Кенгашлардаги вакилаларимиз эса жойлардаги мавжуд масалалар ечимида, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишда ташаббускор бўлаётир. 

Шу ўринда хотин-қизларнинг соғлом авлодни дунёга келтириш ва тарбиялашдаги ўрни ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Аёнки, соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади, заковатли, маърифатли оналаргина комил инсонларни тарбиялашга қодир бўлади. Ана шундан келиб чиққан ҳолда, юртимизда хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук авлодни вояга етказишга қаратилган, узоқни кўзлаб амалиётга жорий этилаётган умуммиллий дастурлар ўз натижасини бераяпти. Жорий йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб номлангани, бу борада Давлат дастури қабул қилингани ушбу йўналишдаги ишларни юқори босқичга кўтарди. “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади”, деган ҳаётбахш қадрият ва олижаноб ғояни ўзида мужассам этган мазкур ҳужжатда хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, кучли, барқарор ва фаровон давлат негизи сифатида оила институтини ривожлантиришга йўналтирилган қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш устувор вазифалардан қилиб белгиланган. 

Мамлакат тараққиёти ва эртасига дахлдор бу каби вазифаларни амалга оширишда биз, аёл депутатлар ҳам янада фаол қатнашишимиз лозим. Айниқса, хотин-қизларнинг оиладаги, жамиятдаги ҳамда фарзанд тарбиясидаги ўрнини теран англаган ҳолда, уларга яратилган шарт-шароитларни янада кенгайтириш масалаларида, қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш ишларида ташаббускор бўлиш талаб этилади. Зеро, аёлларнинг жамиятдаги мавқеи ва ижтимоий фаоллик даражаси ҳар қандай давлат тараққиётини баҳолашнинг асосий мезонларидан биридир.

 

Дилфуза ЖАЛИЛОВА,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn