Ўзликни англаш мезони
  • 10 Март 2016

Ўзликни англаш мезони

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тарихимизни пухта ўрганиш, бой маънавий мероси, ёрқин фаолияти билан жаҳон узра ном қозонган буюк аждодларимиз хотирасини эъзозлаш мақсадида кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, Амир Темур шахси, унинг халқимиз, Ватанимиз олдидаги хизматлари юксак қадр топди.

Давлатимиз раҳбари ташаббусига биноан 1996 йил мамлакатимизда “Амир Темур йили” деб эълон қилиниб, Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди. Тошкент, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида бу беназир зотнинг ҳайкаллари қад ростлади. Пойтахтимизда Темурийлар тарихи Давлат музейи барпо этилди. Бобокалонимиз шарафига орден таъсис қилинди. 

Амир Темур ва темурийлар даври тарихидан дарак берувчи кўплаб тарихий манбалар тадқиқ этилиб, илмий жамоатчиликка етказилди. Хусусан, “Темур тузуклари” истиқлол йилларида миллий маданий меросимизнинг ноёб намунаси сифатида қайта тикланиб, бир неча бор нашрдан чиқарилди. Соҳибқироннинг 

675 йиллик таваллуд тўйи арафасида Юртбошимиз таклифига кўра, бу китоб мукаммал ҳолда, юксак сифат билан янгитдан чоп этилди. 

Жорий йилда буюк давлат арбоби, илм-фан ва маданият ҳомийси Амир Темур таваллудига 680 йил тўлади. Шу муносабат билан мазкур санани юқори савияда нишонлашга доир фаол саъй-ҳаракатлар олиб борилаётир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият ва спорт ишлари, Ташқи ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Темурийлар тарихи Давлат музейи, Халқаро Амир Темур жамоат фондининг 2016 йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги таклифлари ҳукуматимиз томонидан қўллаб-қувватланди ва бу борада аниқ чора-тадбирлар белгиланди. 

Мазкур қутлуғ сана билан боғлиқ тадбирлар шу йилнинг 9 апрелида давлат ва жамоат арбоблари, хорижий дипломатик корпус вакиллари, маҳалла фаоллари, талаба-ёшлар иштирокида пойтахтимиздаги Амир Темур ҳайкали жойлашган хиёбонда тантанали маросимни ўтказишдан бошланади. Худди шундай тадбирлар Самарқанд ва Шаҳрисабздаги буюк бобокалонимиз номи билан аталувчи хиёбонда ҳам ташкиллаштирилади. Темурийлар тарихи Давлат музейида эса қатор анжуманлар уюштирилиши режалаштирилган. Жумладан, “Амир Темур ва темурийлар давридаги илм-фан ва маданият ривожининг жаҳон тамаддунидаги ўрни” мавзуида республика конференцияси ўтказилади. Унда темуршунос олимлар билан бир қаторда, ёш тадқиқотчиларнинг ҳам иштирок этиши кўзда тутилган. Музей залларида Амир Темур ва темурийлар даври тарихига бағишланган янги кўргазмалар очилади. Шунингдек, ушбу сулола даврида илм-фан, маданият ривожи ва уларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини очиб берувчи китоблар нашр этиш, буклетлар тайёрлаш ҳам мақсад қилиб қўйилган. Ўзбекистон Бадиий академияси билан ҳамкорликда “Темурийлар тарихига оид энг яхши санъат асари” ва Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Темурийлар тарихига оид энг яхши бадиий-публицистик асарлар” кўрик-танловлари ўтказиш назарда тутилган. 

Навқирон авлодни тарихимиз, алломаларимиз меросига юксак ҳурмат ва эътибор руҳида тарбиялаш мақсадида умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасалари ҳамда ҳарбий қисмлар, корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда олимлар, санъаткорлар иштирокида учрашувлар, бадиий-маърифий кечалар уюштириш, ўқувчилар, талабалар ўртасида Амир Темур ва темурийлар даври тарихига оид иншолар танловини ҳамда миллий тарихимиз билимдонлари беллашувларини ташкил этиш бобокалонимиз фаолиятини янада чуқур ўрганишда муҳим ўрин тутади.

Амир Темурнинг бизга қолдирган мероси бутун дунё аҳлини ҳайратга солмоқда. Бугунги кунда хорижнинг элликдан ортиқ давлатларида темуршунос олимлар фаолият кўрсатиб, шу пайтгача улуғ бобомизга бағишланган асарлар Европа ва Шарқ мамлакатлари тилларида кўплаб яратилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. 

Амир Темур шахсига жаҳоннинг турли қитъаларида қизиқиш юқори бўлиб, уларда яратилган асарларда Соҳибқирон буюк давлат арбоби, моҳир саркарда, илм-фан ҳомийси сифатида таърифланади. Масалан, инглиз драматурги Кристофер Марлоу 1588  йили тарихий пьеса, машҳур немис бастакори Георг Гендель 1724 йили опера, АҚШлик адиб Эдгар По эса 1827 йили шеърий поэма яратган. Бундай асарлар бугунги кунда ҳам ёзилаяпти. Франциялик таниқли олим Люсьен Керен томонидан 2006 йилда халқаро миқёсда кенг нишонланган буюк аждодимизнинг 670 йиллик таваллуд тўйи арафасида Парижда француз тилида “Самарқандга, Амир Темур даврига саёҳат” номли тадқиқоти нашр қилинди. Табиийки, бундай асарлар улуғ бобомизнинг ҳаёти ва фаолияти  билан боғлиқ кўпгина масалаларга жавоб топишда, уларни тарих ҳамда бугунги замон нуқтаи назаридан ёритишда муҳим ўрин тутади. 

Қувонарлиси шундаки, кенг жамоатчиликда бобокалонимиз ҳаётига қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Бунинг яққол далили сифатида шу йилнинг май ойида Соҳибқирон таваллудининг 680 йиллигига Нидерландиянинг Лейден университетида “Амир Темур ва темурийлар даврида маданий ҳамда илмий алоқалар” мавзуида халқаро илмий конференциянинг ўтказилишини айтишимиз мумкин. Унда Ўзбекистон, АҚШ ва Европанинг таниқли олимлари иштирок этиши кутилмоқда.

 Бундай тадбирларнинг амалга оширилиши Амир Темур ва темурийлар тарихини янада кенг тадқиқ ҳамда тарғиб қилиш, ёшларда буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлиш ҳиссини кучайтириш, уларни илмий ва маданий меросимизга эҳтиром руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, Амир Темур шахсини идрок этиш — тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш — ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш — тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир. 

 

Хуршид ФАЙЗИЕВ,

Темурийлар тарихи Давлат музейи директори,

тарих фанлари номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn