Баҳорнинг тансиқ таомлари
  • 10 Март 2016

Баҳорнинг тансиқ таомлари

Ҳар йили кунлар илиб, табиат уйғона бошлаган пайтда дастурхонларимиз баҳор таомлари билан янада файзу баракага тўлади. Турли кўкатлардан, хусусан, исмалоқ, ялпиздан сомсаю чучвара тайёрланади. Момоларимиз “Шу кунларга етказганига шукр”, дея сумалак пишираётган келинлар, ёшларга бош-қош бўлишади. Сочларига толбаргак тақиб олган қизалоқларнинг қувончини айтмайсизми?!

Бухорода, жумладан, ҳалиса (ҳалим)ни баҳорий таом сифатида алоҳида қадрлашади. Бу тансиқ неъматни айнан Наврўз арафасида тайёрлаш анъанаси, мана, неча юз йилларки, давом этиб келаяпти.

— Бухороча ҳалим пиширишнинг ўзига хос жиҳатлари бор, — дейди ғиждувонлик уста-ошпаз Амрулла Остонов. — Бу кўплашиб тайёрланадиган таом саналади. Агар 600 — 700 киши яшайдиган бутун бир қишлоққа етгулик ҳалиса пишириладиган бўлса, улкан дошқозондан фойдаланилади. У ерўчоққа ўрнатилади. Сувга 50 килограмм гўшт солиб, қайнатилади. Қорамолнинг обдан тозаланган оёқлари  ҳамда беш-олти килограммча ёғидан ҳам қўшилади. Яна шунча сабзи, ўн кило пиёз майда кесилиб, қозонга ташланади. Тахминан уч соатлардан кейин 50 килограмм ёрмани соламиз. Шундан сўнг қозон навбат билан ковлаб турилади. Тагига  олмаслиги керак, дейилади-да. Бу жараён ҳам уч-тўрт соат давом этгач, қозон қопқоғи беркитилади, устига бўйра, кейин бўз ёпилади. Сўнгра қалин матолар тўшалади. Тупроқ тортилиб, овқат димланади. Бу жараён ҳам беш-олти соатча давом этади. Шу орада биз нўхат ҳамда қўй ёғидан алоҳида қозонда қайла тайёрлаймиз.

Ҳалиса тайёр бўлгач, косаларга солиниб, дастурхонга тортилади. Ушбу таом тўйимли ва мазалидир. Иштаҳани очади. Унинг айнан Наврўз кунларида — “илигузилди” пайтларида пиширилиши ҳам бежиз эмас. Негаки, ҳалиса витаминга эҳтиёж сезган танга куч-қувват беради. Беморларга дармон бўлади. Кўнгилларга баҳор, Наврўз муждасини олиб киради.

— Ҳалисани кўплашиб тайёрлашнинг ўзида катта ҳикмат бор, — дейди меҳнат фахрийси Ҳаким Ражабов. — Шу баҳонада маҳалладошлар билан бир дастурхон атрофида жамулжам бўламиз. Қўшни қишлоқлардан таклиф этилганлар билан ширин гурунглар қиламиз. Кексалар ўзаро дийдорлашади. Ўртадаги  меҳр-оқибат янада мустаҳкамланади. Ҳалиса пишгунга қадар кураш, қўчқор уриштириш каби кўнгилочар томошалар ўтказилади. Куй-қўшиқ янграйди.

— Ўттиз йилдан бери ҳалиса пишираман, — дейди Бахтиёр Нарзиев. — Наврўз кунларида қўлимиз қўлимизга тегмайди. Билсангиз, эл учун ҳалиса пишириб, енгил тортаман. Уни баҳорнинг энг тансиқ неъмати деб биламан. Зеро, ҳалисани татиб кўрганлар учун бу таъм яхши таниш.

 

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn