Яратувчанлик, бунёдкорлик ва меҳр-оқибат ифодаси
  • 10 Март 2016

Яратувчанлик, бунёдкорлик ва меҳр-оқибат ифодаси

Бу йил баҳор анча эрта келди. Табиат уйғониб, дов-дарахтлар гўёки бир зумда гуллади, барг ёзди, дала-қирлар яшилликка бурканди.

Шунга мос равишда одамлар ҳам ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш юмушларига ҳар қачонгидан барвақт киришди. Кимдир кўчат экиб, дарахтларга шакл бермоқда, бошқаси кўча ҳамда йўлларни обод қилаяпти.
Табиийки, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 4 мартдаги фармойишида кўзда тутилган вазифалар ижроси доирасида янада кенг қулоч ёзаётир. Зеро, мазкур ҳужжат билан шу йилнинг март-апрель ойларида юртимизда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги ҳамда 12-13 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари, деб эълон қилинди.
Ҳозирги пайтда ушбу тадбирни пухта ва уюшқоқлик билан ўтказишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилаяпти. Жумладан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқарувида умумхалқ хайрия ҳашарини юқори савияда ташкил этиш
мақсадида ишчи гуруҳи тузилди ҳамда махсус режа ишлаб чиқилди.
Унга кўра, икки кун мобайнида ҳудудлардаги тураржой даҳалари ва маҳаллаларда гул кўчатлари, мевали ҳамда манзарали дарахтлар ниҳоллари экиш, оқлаш ва буташ, кўчалар, йўлакларни тартибга келтириш, қурилиш ҳамда маиший чиқиндиларни ташкилий равишда тўплаш, белгиланган жойга олиб чиқиш, маҳаллалар, аҳоли яшаш пунктлари, кўп қаватли бино ва ҳовлилар атрофи, гузар, хиёбон, зиёратгоҳ ҳамда қабристонлар, ариқ ва лотокларни, шунингдек, болалар майдончаларини тартибга келтириш ишлари бажарилади. Айни чоғда кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жой шароитини яхшилашга кўмаклашишдек эзгу амаллар рўёбга чиқарилди. Бу хайрли юмушларда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, “Камолот” ЁИҲ, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, корхона ҳамда ташкилотлар ходимлари, таълим муассасалари ўқитувчилари, ўқувчи ва талабалари, умуман, кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этиши кутилаяпти.
— Соғлом она ва бола йилида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарида юртдошларимиз ташаббус кўрсатиши, шубҳасиз, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари Д. Усмонов. — Икки кун давомида улар кўмагида 40 минг гектардан зиёд майдонни ободонлаштириш,
22 минг километрлик ариқ-лотокни тозалаш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, эҳтиёжманд инсонлар, ёлғиз қарияларнинг уй-жойларини таъмирлаш, ёш оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, болалар майдончаларини тартибга келтириш ва янгиларини қуриш ҳамда маҳаллаларда хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни кенг ривожлантиришга ёрдам бериш, фуқаролар йиғинлари моддий-техника базасини яхшилаш, уларни зарур жиҳозлар билан таъминлаш чоралари ҳам кўрилади.
Наврўз байрами арафасида ўтказиладиган умумхалқ хайрия ҳашарида эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг фаол қатнашиши кутилаётгани янада қувонарлидир. Улар ҳашар кунларида шижоат билан меҳнат қилиш баробарида, ўзаро меҳр-оқибат, яратувчанлик, ўзгаларга яхшилик қилиш каби фазилатларни намоён этиб, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига муносиб ҳисса қўшишлари турган гап.
Умумхалқ хайрия ҳашарини уюшқоқлик билан, кўтаринки кайфиятда  ўтказиш учун барча чора-тадбир кўрилган. Албатта, бу галги ҳашар ҳам маънавий ҳаётимизнинг узвий қисми, халқимизга хос эзгу қадриятларнинг яна бир ёрқин ифодаси сифатида намоён бўлади.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn