Мавсумга 103 минг тупдан зиёд кўчат тайёрланди
  • 06 Март 2016

Мавсумга 103 минг тупдан зиёд кўчат тайёрланди

Сирдарё давлат ўрмон хўжалигида қайрағоч ва тутнинг маҳаллий турлари кўчатларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Боиси, бундай ниҳоллар Мирзачўл воҳаси тупроқ шароитига тез мослашади, кўчалар ҳамда хиёбонларга ўзгача кўрк бағишлаб, эрта кўкламдан то кеч кузгача яшиллигини йўқотмайди.

Шунингдек, хўжаликда ўстирилаётган “Шарқ туяси” ҳамда пирамидасимон арча кўчатларига ҳам талаб юқори. Айни чоғда бу ерда япон софораси, ўрик, шафтоли сингари дарахт ниҳоллари ҳам етиштирилмоқда. Бинобарин, боғбонлар жорий йилги кўкаламзорлаштириш мавсуми учун 103 минг тупдан зиёд ана шундай бир неча турдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатларини тайёрлашди.

— Бу йил кўчатчилик майдонларимизни янада кенгайтирдик, — дейди ўрмон хўжалиги директори Шокир Нурмуҳаммедов. — Шу билан бирга, дуб, каштан, сумах кўчатлари етиштиришга ҳам киришдик. Ҳозир Мирзаобод тумани ҳудудидаги ўрмонзорни кенгайтириш ҳаракатидамиз. Яна 4 гектар яйдоқ ерга қайрағоч ва ясин ниҳоллари ўтқазиб, яшил майдон ҳажмини жами 14 гектарга етказмоқчимиз.

 

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn