«...Ҳаёти жоним сенсен»
  • 06 Март 2016

«...Ҳаёти жоним сенсен»

Аёл борки, олам мунаввар. Бу ибора замирида бир олам маъно мужассам. Аслида, борлиқни қуёш ёритади. Қуёшнинг эса яна бир номи бор. У — Меҳр. Аёлни, онани меҳрга менгзаш, ҳатто, ундан-да зиёдроқ нур ва илиқлик манбаи мавжуд бўлса, ўшанга қиёслаш арзигулик. Негаки, аёл, она меҳри кўнгилларни мунаввар этади, унга тафт бағишлайди. 

Бу латиф ҳарорат эса ер юзида дунёга келадиган сон-саноқсиз мўъжизаларга, ҳайратларга доялик қилади.

Бу эъзоз-эҳтиром азалий ва ўлмас шарқона қадриятларимиздан биридир. Ҳадисларда ҳам унинг асоси мужассам. Чунончи, “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир” дейилган калом ва шу сингари эзгуликка ундовчи ҳикматлар, умуминсоний анъаналаримизнинг ҳаётбахш шуълалари мумтоз адабиётимиз улуғларининг ижод маҳсулларида ҳам ўз ифодасини топган.

Машҳур Шарқ мутафаккирларининг насрий, назмий асарларидаги аёл шаъни мадҳ этилган сатрлар ана шу умрбоқий ғояларнинг нозик ифодасидир.

Устозлари сингари Алишер Навоий ҳам икки жаҳонига фазо — юксаклик, мартаба тилаган киши падари бузруквори қатори, аввало, онасини рози қилмоғи, жисми жонини унинг азиз бошига садқа этмоғи лозимлигини уқтиради. Қуйидаги пурмаъно сатрлар эса мутафаккир шоирнинг қатъий таъкиди бўлиб жаранглайди:

Оналарнинг оёғи остидадур,

Равзайи жаннату жинон боғи.

Равза боғи висолин истар эсанг,

Бўл анонинг оёғи туфроғи.

Аёл ҳақида фикр юритар экан, Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида шундай ёзади: “Яхши хотин — оиланинг давлати ва бахти. Уйнинг озодалиги ундан, уй эгасининг хотиржам ва осойишталиги ундан.

Ҳуснли бўлса — кўнгил ёзиғи, хушмуомала бўлса — жон озиғидир. Оқила бўлса, рўзғорда тартиб-интизом бўлади, асбоб-анжомлар покиза ва саранжом туради.

Киши бу каби жуфти ҳалол билан бахтга эришса, ғам ва кулфатда сирдошга, ошкор ва пинҳоний дард аламда ҳам  дардкашга эга бўлади. Турмушда бошингга ҳар қандай жафо тушса, ҳамдардинг у, тескари айланувчи фалакдан бошингга гар бало 

келса, кўмакдошинг у. Кўнглингга ғам юзланса, у ҳам ғамнок, баданингга хасталик ва заифлик етишса, унинг ҳам жони ҳалак”.

Мавлоно Лутфий ҳам аёл зотини эҳтиром 

билан шундай таърифлайди:

Сен латофат пайкарининг хонисен,

Ҳусн авжининг маҳи тобонисен.

Гар пари десам сени, маъзур тут,

Чин кўзум инсонидин пинҳонисен.

“Аллоҳ таоло сизларга хотинларга яхшилик қилишингизни буюради, чунки улар оналарингиз, қизларингиз ва холаларингиздир” дейилади ҳадисларда. Қуйидаги сатрларни битган Бобур ҳам энг мушкул дамларида, сарсон-саргардонлик  кезларида тулпорини аҳли аёлига тортиқ қилиб, ўзи  пиёда тоғу тош кезгани аёл зотига эҳтиром туфайли бўлса, ажаб эмас.

Жонимда менинг 

ҳаёти жоним сенсен,

Жисмимда менинг 

руҳи равоним сенсен.

Бобурни сенингдек 

ўзга йўқ ёри азизи,

Алқиссаки, умри 

жовидоним сенсен.

Ҳаёт бор экан,  муҳтарама оналаримиз, азиз опа-сингилларимизга меҳр-муҳаббат то абад давом этаверади. Айни пайтда қалам аҳлининг у ҳақдаги беғубор туйғулари ҳам тўлқинланиб қоғозга тўкилаверади.

 

Отабек ИСМОИЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

 уюшмаси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn