Ҳар ошён чиройи ва чароғбони
  • 06 Март 2016

Ҳар ошён чиройи ва чароғбони

Аёлларни асраб-авайлаш, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш халқимизнинг эзгу фазилатларидан бири саналади. Айниқса, истиқлол туфайли биз, хотин-қизлар юксак эъзоз, ҳурмат-эҳтиром ва қадр топдик.

Бугун аёлнинг ўз ошёнининг чиройи ва чароғбони бўлиб, бехавотир яшаши, Онанинг юраги остида пайдо бўлган, вужудида куртакдек уна бошлаган зурриёдидан тортиб, аср кўрган момоларга-да кўрсатилаётган эъзозни, миллатнинг ғурури баланд, довруғи достон бўлиши учун муҳайё этилган мислсиз имкониятларни  санай десак, сўз камлик қилади. 

Муаззам пойтахтимизда, адабиётимиз намоёндаларининг ҳайкаллари қад ростлаган, хусусан, ўзбек шоираси Зулфияхоним сиймоси эса вафо ва садоқат, ибрат тимсолига айланган. 

Бизга шундай озод ва обод юртда ҳеч кимдан кам бўлмай яшаш бахти насиб этди. Аёл ишдан сўнг “Гўзаллик салони”га, кино, театрга, меҳмондорчиликка боради. Оиласидан хотиржам, ҳаётидан рози. Юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи юксалди, сиёсий-ижтимоий ҳаётдаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. 

Қабул қилинаётган Фармон ва қарорларнинг аксариятида хотин-қизларни ижтимоий ҳаётнинг янаям фаол иштирокчисига айлантириш мақсади ўз аксини топган. Энг чекка қишлоқларда ҳам аёл ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатларини таъминлаш, хотин-қизлар турмуш даражасини ошириш алоҳида эътиборда. 

Президентимиз ҳар бир чиқишларида аёлларнинг оғирини енгил қилиш ҳақида гапирадилар, бу борадаги амалий ишларда ташаббускорлик кўрсатадилар.  Бунинг натижасини жамиятимиздаги ҳар бир аёл, шу жумладан,  мен ҳам  кундалик фаолиятимда, оиламда, кўча-кўйда ҳис қиламан, юрагимдан ўтказаман. Биргина мисол, намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши кўламини кенгайтириш ҳисобига аҳоли, хусусан, хотин-қизларнинг турмуш даражасини янада яхшилашда кенг кўламли ишлар қилинаётир. Давлат кафолати билан ажратилаётган маблағлар ва имтиёзли кредитлар асосида биргина 2015 йилда вилоятимизнинг 22 жойида 865 та уй-жой қурилди. Бундан ташқари, ушбу массивларда 19 та инфратузилма объекти — бозор фойдаланишга топширилди. Булар ҳаммаси аёлларимизнинг бахтли, қулай шарт-шароитда яшаши учун эмасми?! Шунга муносиб тарзда хотин-қизлар барча жабҳада фаоллик кўрсатиб, мамлакатимиз тараққиётига катта ҳисса қўшиб келмоқдалар. Иқтисодиётимиз, илму фанимиз, санъатимиз, спортимиз, тиббиётимиз, таълим-тарбиямиз, қўйингки, барча соҳадаги ютуқларда аёлларимизнинг салмоқли улуши бор. 

Бугун аёл меҳнатининг қадри баланд. Унинг эзгулик сари ҳар бир интилиши рағбатлантирилмоқда. Ўзимдан мисол: ўтган йили давлатимиз раҳбари Фармонига кўра, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”  унвони билан тақдирландим. Бу эътибор ва юксак ишончдир. Мен таълим бераётган мактаб тўла-тўкис таъмирланиб, барча ўқув жиҳозлари ва анжомлар билан таъминланган. Таълим муассасамизда 500 нафардан ортиқ ўқувчига она тили ва инглиз тилидан чуқурлаштирилган тарзда билим берилаяпти.  

Мухтасар айтганда, биз, аёллар бугун ҳар томонлама иззату ҳурматдамиз. Бунга жавобан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда фидойилик кўрсатаверамиз.

 

Гулнора ЖАББОРОВА,

Янгиариқ туманидаги 38-ихтисослаштирилган 

умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси, 

Ўзбекистон Республикасида 

хизмат кўрсатган  халқ таълими ходими.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Она, опа, сингил «...Ҳаёти жоним сенсен» »