Она, опа, сингил
  • 06 Март 2016

Она, опа, сингил

Она… 

Тунлари ой билан сўзлашиб, боласига фақат унга тегишли, оҳанги майин, ҳар авжида юлдузлар нафис жаранглаган — Абадият қўшиғини айта олган тенги йўқ санъаткор.

Оиласига ҳар бир кунини бағишлаб, совуқни совуқ, иссиқни иссиқ демай куюниб, интилиб, энг гўзал лаҳзаларни капалаклардай ҳаёт гулзорига учириб, бахтни безатиб қўйган энг буюк мусаввир, бу — она.

Ватанига жону жигарларини хизматга йўллаган, оқ ювиб, оқ тараган фарзандларига “Ватан — энг улуғ она” дея таълим берган, керак бўлса, унга-да жону жаҳонини туҳфа этишга тайёр — қаҳрамонлар қаҳрамони ҳам онадир...

Бу таърифнинг чеку чегараси йўқ...

Опа эса...

Илк сўзини такрорлаганидан буён ота-она атрофида гиргиттон бўлиб, рўзғорга барака сўраб, ўн ёшида укасини опичлаб, катта йўлга, онаси, отаси кўрсатган томонга шахдам қадам ташлаган муниса, оқила, момоларини сўраб, суриштириб, кундалик тутиб, мерос йиққан, олимлар олими — опа.

Бу таърифнинг минг битта саҳифаси бор.

Сингил...

“Онамга, отамга, опа сизга, ака, сизгаям ўхшайман-а”, дея, нозланиб, атиргулдай бўй таратиб, бир ўйнаб, бир кулдириб, ўзига бутун оламни маҳлиё этган ҳурилиқо — сингил, ҳа, ҳа, сингил...

Эртанги куннинг соҳибаси, таъбир жоизки, боғбони, эгачиси, боғу бўстонларни баҳорда завққа тўлдирадиган, оиланинг нуридийдаси, қалбларни қалбларга туташтирувчи фариштаси, шоираи даврони, дунёнинг меҳрибони — сингил, сингилжонлардир...

Унинг таърифи беадоқ. Айтсанг, минг йил етмас...

Қисқаси, оналар, опалар, сингиллар — Сиз бахту иқболимиз, кўнглимиз тафти, кўзимиз нури — барча ниятларингиз ушалсин. Доимо омон бўлинг. Сизга таъзим!

Байрамингиз муборак!

Абдували ҚУТБИДДИН.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn