Меҳрибон, оқила, гўзал ва дилбар
  • 06 Март 2016

Меҳрибон, оқила, гўзал ва дилбар

Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Аёлни эъзозлаш, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш,  барчамиз учун дунёда энг қадрли, жондан азиз ва меҳрибон Она эканини англаш ҳамда бундай улуғ сиймо қаршисида бош эгиш ҳаётий фалсафамизга айланган. Зеро, ўзининг латофати, вафо ҳамда садоқати билан хонадонларимиз чароғбони, файзу фариштаси бўлган опа-сингилларимизнинг оилаларимиз тинчлиги ва хотиржамлигини сақлаш, турмушимизни янада обод этиш, айниқса, жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини кучайтиришда қўшаётган ҳиссаси беқиёсдир.  
Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, илғор ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш каби масалаларга устувор вазифа сифатида эътибор қаратиб келинмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида ушбу йўналишда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар айни чоғда аёлларнинг давлат ва жамият бошқарувининг барча бўғинида, суд-ҳуқуқ тизими, нодавлат ташкилотлар фаолияти, ижтимоий тизимларда, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, умуман айтганда, барча жабҳада ибрат кўрсатиб, самарали меҳнат қилишига, шунингдек, ижтимоий-сиёсий ҳаётда, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнларида фаол қатнашишига кенг имкон яратаяпти. Қолаверса, ҳаётимизда борган сари муҳим ўрин тутаётган тармоқлар тараққиётини, фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, юқори технологияларга асосланган замонавий соҳаларни уларнинг иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг 17, Қонунчилик палатаси депутатларининг 16 фоизини аёллар ташкил этаётгани, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ҳамда туман Кенгашларида юзлаб аёллар фаолият юритаётгани, тадбиркорларнинг 35, фермерларнинг 10 фоизи айнан хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келаётгани эътиборга моликдир.
Юртимизда қайси йилга ном берилмасин, ҳамиша унда аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, уларни  қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратилади. Жумладан, жорий йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилингани, шу муносабат билан Давлат дастури ижрога йўналтирилгани хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, сиҳат-саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳар томонлама соғлом ҳамда баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган юксак ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.  
Кеча пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ташкил этилган тантанали йиғилишда ҳам ана шу жиҳатлар алоҳида таъкидланди.
Тадбирда турли соҳаларда кўп йиллардан буён Ватанимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қилаётган онахонлар, хотин-қизлар қўмиталари ва бошланғич ташкилотлари, вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирок этди.
Қатнашчилар дастлаб пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонида бўлиб, истиқлолимиз, порлоқ истиқболимиз ҳамда эзгу ниятларимиз рамзи — Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйдилар. Сўнгра улар Республика ихтисослаштирилган сув спортини ривожлантириш маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрида “Садоқат” спектаклини томоша қилишди.
Тантанали йиғилишни Тошкент шаҳар ҳокими Р. Усмонов очди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон хотин-қизларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова ўтган даврда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг янада гуллаб-яшнашига улуш қўшиш, оилаларда, жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини кучайтиришда ҳар жиҳатдан фаол, фидойи ва ташаббускор хотин-қизларимизнинг ўрни ҳамда таъсири беқиёс эканлигини, буларнинг барчаси уларнинг  ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги, иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги нуфузини ошириш борасида олиб борилаётган комплекс чора-тадбирларнинг амалий натижалари эканини қайд этди. Опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш, бандлигини кафолатлаш, меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш, оила, никоҳ муносабатларини тартибга солиш, ёш оилаларга моддий ҳамда маънавий кўмак кўрсатиш, истеъдодли қизлар салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни спортга кенг жалб этиш учун зарур шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани аёллар манфаатларини таъминлаш даражасини янада юқори босқичга кўтарди. Чунончи, ўтган йилда хотин-қизлар учун 404 минг 155 иш ўрни ташкил этилиб, уларнинг салмоқли қисми кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликларини ривожлантириш, уй меҳнатининг барча шаклини ташкил қилиш ҳисобидан яратилгани диққатга сазовордир.
Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида босқичма-босқич олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашда долзарблик касб этмоқда. Бинобарин, ўтган даврда ҳомиладор аёлларнинг овқатланиш рационига алоҳида аҳамият берилиб, оғирини енгил қилиш, уларга қисқартирилган иш куни белгилаш, кундалик турмуш учун муносиб маданий-маиший шароитлар яратишга катта эътибор қаратилди. Пировардида оналар ва болалар саломатлиги мустаҳкамланиб, бу борада эришилаётган ютуқлар халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда. Чунончи, ривожланиш кўрсаткичлари бўйича фарзандларимизнинг 92 фоизи Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келаётгани бунинг тасдиғидир.  
Юртимизда аёллар ва болалар спорти изчиллик билан ривожлантирилаётгани, спортнинг қизларга мос турлари кенг оммалаштирилаётгани натижасида сўнгги йилларда бадиий гимнастика, стол тенниси ва сузиш билан шуғулланаётган қизлар сафи кенгайиб бораяпти. Юзлаб қизларимиз халқаро спорт мусобақаларида Ватанимиз байроғини баланд кўтариб, юксак совринларни қўлга киритаётир.
Тадбирда Президент қарорига мувофиқ, жорий йилда адабиёт, санъат, фан, таълим, маданият соҳаларида эришган муваффақиятлари учун Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган 14 нафар қизга ушбу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари — Яккабоғ озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Моҳидил Низомова, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Зулҳаё Раимқулова мамлакатимизда ёшлар, айниқса, истеъдодли қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорларини рўёбга чиқариш, фаоллигини оширишга қаратаётган доимий эътибори учун Юртбошимизга самимий миннатдорлик изҳор этди.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Мирза Азизов, Ангрен шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Раъно Ҳайитқулова хотин-қизларни байрам билан табриклаб, опа-сингилларимизни эъзозлаш, уларга чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш эзгу қадриятга айлангани, бу эса соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, фаровонлигини юксалтириш, жамиятимизда ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтиришдек улуғвор мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Тадбирда санъат усталари ва ёш ижрочилар томонидан концерт дастури намойиш қилинди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н. Йўлдошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев иштирок этди.

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn