Беқиёс янгиланишлар даврида яшаяпмиз
  • 05 Март 2016

Беқиёс янгиланишлар даврида яшаяпмиз

Узоқ йиллар темир йўл соҳасида меҳнат қилиб, нафақага чиққанман. Аммо кексалик дея уйда ўтиравермайман.

Юртимиз шаҳару қишлоқлари бўйлаб саёҳатга чиқиб, рўй бераётган ўзгаришлар, янгиланишларни ўз кўзим билан кўришга интиламан. Очиғи, бундан нафақат завқ оламан, балки кучимга куч қўшилади, руҳим янада тетиклашади.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, Президентимиз раҳнамолигида халқимиз фаровонлиги учун жуда кўп эзгу саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Биргина темир йўл тизими ҳақида айтадиган бўлсак, тарихан қисқа даврда шундай ишлар қилиндики, бу ҳар биримизга чексиз фахр ва ифтихор бағишлайди. Масалан, “Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон” темир йўли Марказий Осиёда ўхшаши йўқ ноёб иншоот саналади. У Ўзбекистонимизнинг бугунги куч-қудрати, салоҳиятининг яққол ифодасидир.
Ёки замонавий, юқори тезликда ҳаракатланадиган “Афросиёб” электропоездини олинг. Тошкентдан Самарқандга атиги икки соатда, Қаршигача эса уч соатда бориш мумкин. Бундай қулайлик илгари ҳатто тушимизга ҳам кирмаганди. Мана истиқлол шарофати, мана инсон манфаатларига қаратилган оқилона сиёсатнинг меваси.
Бунёдкорлик, ободонлаштириш жараёнлари изчил давом эттирилмоқда. Яқинда Фарғона водийсига бордик. Қамчиқ довони орқали ўтказилаётган “Ангрен — Поп” йўналишидаги янги темир йўл тармоғини кўриб, ҳайратга тушдик. Гарчи, умримизнинг кўпи мазкур соҳада кечган бўлса-да, қачонлардир шу пурвиқор тоғлар оралаб поезд қатнашига сира ишонмасдик. Бугун эса барчаси ҳақиқат. Қолаверса, ён-атроф ободликка юз тутиб, бири-биридан кўркам объектлар, бекатлар қад ростламоқда. Ҳадемай қоялар бағридан локомотив вагонларини илдам тортиб ўтади. Бу воқеа, шубҳасиз, тараққиётимиздаги навбатдаги муҳим босқич сифатида истиқлол тарихига муҳрланади. Келажак авлодга аждодлар шижоати, жасоратидан сўзлайди.
Биз шунинг учун ҳам мустақилликни қадрлаймиз, улуғлаймиз. Ҳар гал қўлларимизни дуога очганда “Тинчлик-хотиржамлик ҳукм сураётган фаровон юртимизнинг осойишталиги бардавом бўлсин” дея ният қиламиз. Дилимизда доимо шукрона. Истагимиз, гўзал Ўзбекистонимиз бундан-да гуллаб-яшнайверсин!

Аминжон ҚОДИРОВ,
меҳнат фахрийси.
Зангиота тумани

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn