Юртга садоқат — олий саодат
  • 05 Март 2016

Юртга садоқат — олий саодат

Ватан олдидаги шарафли бурчини адо этиб, оиласи бағрига қайтаётган йигитларни катта тантана билан кутиб олиш яхши анъанага айланган.

Президентимизнинг 2015 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Нукус темир йўл вокзалида ана шундай тадбир уюштирилди.
Ота-оналарнинг юз-кўзларида хурсандчилик туйғуси балқиб турибди. Ахир миллий армиямиз сафларида хизмат қилиб, ҳам жисмонан, ҳам маънан камолга етган, куч-қувватга тўлган жигарбандини кўрган ҳар қандай кишининг бундай дамларда қувониши, ўзини бахтиёр ҳис этиши, табиий.
Тадбирда сўз олганлар давлатимиз раҳбари бошчилигида Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда уларнинг самаралари ҳақида алоҳида тўхталдилар.
— Аскарлик даври ҳар бир йигитнинг умр йўлидаги энг муҳим босқич ҳисобланади, — дейди муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган Шаряр Мамбетниязов. — Бунга мен ўзим мисолимда гувоҳ бўлдим. Ўтган бир йил давомида дунёқарашим анча кенгайди. Тартиб-интизомга қатъий риоя этишга, вақтни қадрлашга ўргандим. Ҳарбий тайёргарлик машғулотларидан сўнг, имкон топилди дегунча, кўпроқ китоб мутолаа қилиб, билимимни мустаҳкамлашга интилдим. Армияга кетаётганимда кузатиб қўйган тенгқурларим ушбу давр мобайнида бунчалик ўзгарганимни кўриб, ҳавас билан қарашганида, очиғи, ич-ичимдан ғурурланиб кетдим. Қайси соҳада фаолият юритишимдан қатъи назар, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш менинг энг олий орзуимдир.
— Ўтган йили ўғлим Элбекнинг ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимида қатнашиш учун боргандик, — дейди Нукус шаҳрилик Ҳилола Эргашева. — Ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароитларни кўриб, ҳавасимиз келганди. Фарзандим армияда анча тобланибди, улғайибди. Юрт корига ярайдиган шундай йигитни вояга етказганимдан бугун ғурур ҳиссини туйдим. Бундай бахт ҳар бир ота-онага насиб этишини тилайман.
Маросимда қатнашган кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналар муқаддас бурчини шараф билан уддалаган ўғлонларни қутлаб, уларга келгусидаги ишларида муваффақият тиладилар.
Санъаткорларнинг дилрабо куй-қўшиқлари тадбирга янада файз бағишлади.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn