Маҳаллаларда ҳисоботларни эшитиш амалиёти улар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда
  • 05 Март 2016

Маҳаллаларда ҳисоботларни эшитиш амалиёти улар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришда фуқаролар йиғинлари фаол қатнашиб келмоқда.

Буни уларнинг жамоатчилик назоратидаги роли тобора ортиб бораётганлигида, хусусан, йилнинг ҳар чорагида туман, шаҳар ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти доирасига кирувчи масалалар бўйича ҳисоботларини эшитиш самарали рўёбга чиқарилаётганида ҳам кўриш мумкин.
Жойларда ушбу масалага бағишлаб замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, ўтказилаётган ўқув-семинарлар бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришга қаратилган. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти томонидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Адлия вазирлиги ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар билан ҳамкорликда ташкил этилаётган тадбирлар тизим ходимлари билимини мустаҳкамлаш баробарида, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқаролар йиғинларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш йўналишидаги фаолиятини такомиллаштиришда ўзига хос аҳамият касб этмоқда.
Урганчда бўлиб ўтган ўқув-семинарда фуқаролар йиғинларида ҳисобот йиғилишларини ташкил қилиш тартиб-қоидалари бўйича батафсил маълумот берилди.
— Маҳаллаларда туман, шаҳар ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари ходимларининг чораклик ҳисоботларини эшитишга оид қоидалар амалиётга кенг жорий қилиниши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда қўл келади, — дейди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Хоразм вилояти ҳудудий бўлими етакчи мутахассиси Баҳром Бекчанов. — Айни чоғда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ҳамда фуқаролар йиғинлари ўртасидаги ижтимоий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, соҳада фаолият олиб бораётган ходимларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга эришиш ва ҳудудлардаги масалаларни ўз вақтида ҳал этиш имкониятини яратади. Семинарда шу каби муҳим масалалар бўйича атрофлича тушунтириш берилди.
Тадбирда мазкур йўналишда самарали фаолият олиб бораётган маҳаллалар фаолларининг иш тажрибаси чуқур ўрганилди.
— Бундай семинарлар маҳаллалардаги ишларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади, — дейди Урганч шаҳридаги “Кўҳна қалъа” маҳалласи фаоли Жумабой Маткаримов. — Шу билан бирга, ҳисобот йиғилишларини ўтказиш борасида фуқаролар йиғинлари ходимлари билим ва тажрибасини юксалтиради, раҳбарларнинг масъулиятини кучайтиришга ёрдам беради.
Жиззахда ташкил этилган тадбирда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида туман (шаҳар) ижро этувчи ҳокимият раҳбарларининг фуқаролар йиғинлари фаолияти доирасига кирувчи масалалар бўйича ҳисоботларини эшитишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, йилнинг ҳар чорагида фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари, жамоатчилик комиссиялари ҳамда “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари, фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисоботларини эшитиш тартиб-таомилларига доир маърузалар тингланди.
Ўқув-семинар доирасида Ҳамид Олимжон номли маҳалла фуқаролар йиғинида Жиззах шаҳар ҳокимининг ҳисоботи эшитилди. Унда Жиззах шаҳрида, шу жумладан, мазкур маҳалла ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, санитария ҳолатини яхшилаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар таҳлил этилди.
Нукусда бўлиб ўтган ўқув-семинарда мазкур масала билан боғлиқ кўплаб маърузалар тингланди, интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда машғулот олиб борилди.
— Жамият ривожида муҳим восита ҳисобланган жамоатчилик назоратини амалга оширишда маҳалланинг роли ва ўрнини янада ошириш муҳим аҳамиятга эга. Йиғилишда ҳисобот беришни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиб-таомиллари ҳақидаги билимларимизни янада мустаҳкамладик, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Нукус шаҳар бўлинмаси раиси Муратбек Тажимуратов. — Мунозараларга бой тарзда кечган тадбирда экспертлар фикрлари, тажрибали маҳалла фаоллари таклифлари тинглангани ҳамда бу борадаги ютуқ ва камчиликлар батафсил муҳокама қилингани барча иштирокчилар учун айни муддао бўлди.
Намангандаги ўқув-семинарда шаҳар ҳокими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича шаҳар кенгаши аъзолари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, ОАВ вакиллари, фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда соҳа экспертлари қатнашди.
Иштирокчиларга маҳалланинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати олиб бориш билан боғлиқ ишларини такомиллаштириш моҳияти ва аҳамияти ҳақида атрофлича тушунчалар берилди. Айни чоғда фуқаролар йиғинларида ҳисобот берувчи масъуллар мажбурийлиги, ҳисоботни тайёрлаш ҳамда эшитиш жараёни билан боғлиқ ташкилий ишлар, йиғилишларни расмийлаштириш, тегишли бошқарув идораларига юбориш, унинг натижаларини ўрганиш тартиб-қоидалари юзасидан тавсиялар берилди.
Тадбир доирасида “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида Наманган шаҳар ҳокимининг ҳисоботи эшитилди.
— Йиғилишда аҳоли томонидан сайланган 64 нафар вакил қатнашди, — дейди фуқаролар йиғини раиси Рустам Ҳайдаров. — Улар ҳоким ҳисоботини диққат билан тинглаб, бажарилган ишлар юзасидан ўз муносабатларини билдиришди. Жумладан, айрим муаммо ва камчиликлар бўйича шаҳар ҳокими ҳамда бир қатор ташкилотлар раҳбарларига таклиф ва тавсияларимизни билдирдик. Муҳими, ҳудудда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижалари, келгусидаги режалар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлдик.
Сирдарёда ўтказилган ўқув-семинар ҳам ҳар томонлама манфаатли бўлди.
— Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида туман (шаҳар) ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда фуқаролар йиғинлари ходимларининг аҳолига чораклик ҳисобот беришидан кўзланган мақсад ва бунинг аҳамиятига катта эътибор қаратилди, — дейди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Сирдарё вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Солижон Қудратов. — Шу тадбир орқали аҳоли фуқаролар йиғини ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ижро органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот олиш билан бирга, бу борадаги ўз таклиф ҳамда тавсияларини билдиришди. Бу эса, шубҳасиз, ҳудудлар ободлиги ва аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда муҳим омил ҳисобланади.
Ҳудуддаги “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғинида Гулистон шаҳар ҳокими тақдим этган ҳисобот иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.
— Ижро этувчи органларнинг фуқаролар йиғинларида чораклик ҳисобот бериш механизми давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигининг ёрқин намунасидир, — дейди ушбу фуқаролар йиғини фаоли Манзура Сиддиқова. — Хусусан, шаҳар ҳокими тақдим қилган ҳисобот орқали маҳалламизда рўёбга чиқарилган ишлар ҳамда истиқболдаги вазифаларни белгилаб олдик. Ижро этувчи органлар ва фуқаролар йиғинлари ўртасидаги бу узвий ҳамкорлик негизида ижтимоий-иқтисодий тараққиётимизни янада жадаллаштиришдек эзгу мақсад мужассам.
Ўқув-семинарлар республикамизнинг барча туман ва шаҳрида ўтказилмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари
материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn