Ахборот-коммуникация технологиялари — тараққиёт омили
  • 03 Март 2016

Ахборот-коммуникация технологиялари — тараққиёт омили

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида “Электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган фаолиятини ташкил этишнинг долзарб масалалари” мавзуида семинар бўлиб ўтди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида бугунги шароитда, интернет ва электроника даврида иқтисодиёт тармоқларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, “Электрон ҳукумат” тизими фаолиятини янада ривожлантириш -устувор аҳамиятга эга экани таъкидланган эди.

Шу хусусда сўз борган тадбирда юртимизда мазкур соҳанинг роли тобора ортиб бораётгани қайд этилди. Давлат бошқаруви тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини босқичма-босқич жорий қилиш ва улардан фойдаланишни кенгайтириш, бу борадаги саъй-ҳаракатларни тартибга солиш, давлат органлари фаолиятининг самарадорлиги, тезкорлиги ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида 2015 йилнинг 9 декабрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳияти, уни амалиётда қўллашнинг муҳим жиҳатлари тўғрисида маълумотлар берилди. Ўз навбатида, жорий йилнинг июнь ойида кучга кирадиган мазкур ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган чора-тадбирлардан соҳа мутахассисларини хабардор этиш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.  

Семинар иштирокчилари Қонун нормаларига асосан электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган қилиб белгиланган Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш масалаларини муҳокама қилишди. Шунингдек, улар ахборот соҳаси мутахассислари томонидан мазкур ҳуқуқий ҳужжатни амалиётда қўллаш бўйича ишлаб чиқилган услубий тавсиялар билан таништирилди.

— Мулоқот чоғида “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонуннинг моҳияти кенг очиб берилиши баробарида, ушбу тизимнинг афзалликларига алоҳида эътибор қаратилди, — дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази директорининг биринчи ўринбосари Ҳусан Исаев. —  Таъкидлаб ўтилганидек, мазкур тизим давлат ва аҳолининг яқин ҳамкорлигини таъминлайди. Шу боис соҳа мутахассисларининг бу борадаги билим ҳамда малакасини ошириш айни муддаодир.   

Тадбирда “Электрон ҳукумат” инфратузилмасининг жорий ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари ҳақида маърузалар тингланди ҳамда муҳокама этилган масалалар юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

Қобил ХИДИРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn