Фидойи ўғлонлар доим ардоқда
  • 03 Март 2016

Фидойи ўғлонлар доим ардоқда

Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган аскарларни тантанали кузатиш маросими ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 23 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда курсантлар қатнашди.

Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ошириш йўлида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли сарҳадларимиз дахлсизлиги, аҳолимизнинг тинч ва осуда ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, ихчам, тезкор, замонавий қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника билан таъминланган миллий армиямиз шаклланди. Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими йўлга қўйилди, Қуролли Кучларимиз сафида ўз бурчини ўтаб қайтган -фуқароларга қатор имтиёзлар жорий қилинди.

Жумладан, Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини олганларга республика олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш белгилаб қўйилган.

Тантанали маросимда бир гуруҳ аскарларга ана шундай имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган тавсияномалар топширилди.

— Армияда кўп нарса ўргандим. Нафақат жисмоний жиҳатдан чиниқдим, балки маънавий дунёқарашим ҳам юксалди, билимим ошди, — дейди сурхондарёлик Жасурбек Қобилов. — Ички ишлар вазирлиги Академиясига ўқишга кирмоқчиман. Ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини қўлга киритдим. Бу кўзлаган мақсадимга эришишда менга катта ёрдам беради.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn