Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ГРАНТ ОЛИШ УЧУН ТАНЛОВ ЭЪЛОН ҚИЛАДИ
  • 03 Апрель 2014

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ГРАНТ ОЛИШ УЧУН ТАНЛОВ ЭЪЛОН ҚИЛАДИ

Танлов “Келажаги буюк —  соғлом авлод” мавзуида нодавлат нотижорат ташкилотларининг «Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган муҳим вазифаларни амалга оширишга кенг жалб қилишга йўналтирилади.

Танловда Ўзбекистон Республикасининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг қуйидаги йўналишлардаги лойиҳалари кўриб чиқиш учун қабул қилинади:
— жамиятнинг маънавий асосларини янада юксалтиришда оиланинг ўрни ва аҳамиятини оширишга кўмаклашиш;
— азалий миллий қадриятларни мустаҳкамлаш, жамиятда юксак маънавият ва соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг қарор топтириш;
— оилада тиббий маданиятни шакллантириш ва юксалтириш, тўғри овқатланиш, камқонликнинг олдини олиш, шахсий гигиена борасида қизларнинг тиббий маданиятини ошириш;
— ёш авлодни маънавий тарбиялашни янада юксалтириш, ёшларни гиёҳвандлик, ахлоқсизликнинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилиш;
— ёш авлодни тарбиялашда таълим муассасаларининг оила ва маҳалла институтлари билан ҳамкорлигини кучайтириш;
— болалар ва ёшлар ҳаётини ОАВда кенг ёритиш — телевидение ва радиода махсус кўрсатув ҳамда рукнларни, мавзуга оид туркум мақолаларни ташкил қилиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш;
— болаларда мавжуд бўлган  шахсий, ижодий салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга имкон берадиган қулай оилавий муҳитни яратишга кўмаклашиш;
— болаларда эстетик дидни, ўзбек халқининг тарихий, миллий ва маданий меросига, мустақил Ўзбекистоннинг бугунги ютуқларига ҳурмат туйғусини шакллантириш;
— ижтимоий кўмакка муҳтож болалар гуруҳларига психологик, ижтимоий-педагогик, ҳуқуқий, услубий ва ахборот-таълим ёрдамлар мажмуасини кўрсатиш;
— ривожланишида нуқсони бор болалар фаровонлигини янада юксалтириш учун шароит яратиш, имконияти чекланган болалар учун оммавий-маданий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;
— ёшларни, аввало, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш учун шароит яратиш.
Танловда қатнашиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди номига лойиҳа талабномаси тақдим этилаётганлиги ҳақида кузатув хати.
2. Жамоат фондининг www.new.fundngo.uz сайтида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган грант лойиҳасининг аризаси.
3. Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, агар лойиҳа доирасида лицензияланган фаолият олиб борилса, лицензия нусхаси.
4. Низом нусхаси (ташкилот муҳри билан тасдиқланган ўзгариш ва қўшимчалар билан), шунингдек, манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг мазкур лойиҳани  қўллаб-қувватлаш борасидаги тақдимнома ёки хати илова қилиниши мумкин.
Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант миқдори — 15 млн. сўмгача, ННТларнинг ўз маблағлари жалб этилиши қўллаб-қувватланади.
Ҳужжатлар 2014 йил 26 мартдан 28 апрелгача ҳар куни соат  9-30 дан 18-00 гача қабул қилинади. Шанба ва якшанба кунлари бундан мустасно.
Танловда давлат рўйхатидан ўтган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирок этишлари мумкин.
Танлов бўйича ҳужжатлар муҳрланган конвертда (А4 формат): Тошкент шаҳри, 100035, Бунёдкор шоҳкўчаси, 1-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа  институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди номига юборилиши шарт.
Танловда иштирок этиш шартлари ва танлов ҳужжатларининг намуналари билан Жамоат фондининг www.new.fundngo.uz расмий сайтида танишиш мумкин.
Маълумот учун тел.: (8-371) 239-26-76, 239-26-64.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn