Меҳр ва эътибордан дилларда қувонч
  • 03 Март 2016

Меҳр ва эътибордан дилларда қувонч

Боёвут туманининг “Ифтихор” маҳалласида саксон ёшли Тиловберди Худойбердиев истиқомат қилади. Отахоннинг соғлиғидан мазкур ҳудуддаги қишлоқ врачлик пункти шифокорлари мунтазам хабар олиб туришади. Бундай эътибордан бошқа нуронийлар қатори у кишининг ҳам кўнгли тоғдек кўтарилади.

Куни кеча патронаж ҳамшираси: “Бобожон, эртага туман марказига пойтахтдан шифокорлар келиб, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказишади, биз билан бирга борасиз” дея хабар қилгач, отахон давлатимизнинг инсон манфаатлари йўлидаги бундай юксак ғамхўрлигидан шодланиб, фаровон ҳаётимизга шукроналар айтди.

Бинобарин, ўша куни болалар, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд кишилар, туғуруқ ёшидаги аёллар, кексалар ва ногиронлар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” акцияси доирасида туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкил этилган тиббий кўрикда 400 дан зиёд фуқаролар малакали шифокорлар текширувидан ўтди. 

— Ушбу тадбирда республикамиз тиббиёт муассасаларидан ташриф буюрган тажрибали мутахассислар иштирок этмоқда, — дейди поликлиника мудири Олимжон Бекмуродов. — Эътиборлиси, унда қишлоқ врачлик пункти вакиллари ҳам қатнашиб, ўз фаолияти самарадорлигини янада оширишга доир тавсиялар олишди. Айтиш лозимки, бундай ҳамкорлик аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Мазкур жараёнда эҳтиёжманд фуқароларга туман, вилоят ҳамда республика тиббиёт марказларида даволаниш учун йўлланмалар берилди.

— Ҳар йили ўтказиб келинаётган ушбу акция мамлакатимиз аҳолиси давлатимиз томонидан кучли ижтимоий ҳимоя қилинаётганлигининг ёрқин намунасидир, — дейди боёвутлик меҳнат фахрийси Эргашбой Дадабоев. — Авваллари, бирор шифокорга кўриниш учун вақт ва маблағ сарфлаб, вилоят маркази ёки Тошкентга борар эдик. Энди эса пойтахтдан малакали мутахассисларнинг ўзлари туманимизга келиб, бизни йилига бир эмас, бир неча маротаба кўрикдан ўтказиб, керакли маслаҳатларни беришмоқда. Қолаверса, сўнгги йилларда туманимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилган ўзгаришларни айтмайсизми?! Қишлоқ врачлик пункти ходимлари кунда-кунора бизни кўриб кетишади. Буларнинг барчаси мустақиллигимиз, тинчлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз, юртимизнинг жадал тараққиёти ва турмушимиз фаровонлиги шарофатидир, албатта. Шундай  беқиёс меҳр-оқибат, ҳурмат-эътибор оғушида эканлигимиз эса қалбимизга олам-олам қувонч бахш этади.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn