Баркамол авлод тарбияси
  • 02 Март 2016

Баркамол авлод тарбияси

 маҳалла маслаҳатчилари фаолиятида устуворлик касб этади

Оилаларни мустаҳкамлаш, уларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, хотин-қизларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш, илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, умуман, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда демократик янгиланишларда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаол қатнашмоқда.

Айниқса, Президентимизнинг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан фуқаролар йиғинларида ташкил этилган диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларнинг бу борадаги самарали ишлари эътиборга моликдир.

Аввал хабар қилинганидек, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети ҳамда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар билан ҳамкорликда жойларда маҳалла маслаҳатчилари учун ўқув-семинарлари юқори савияда ўтказилди.

Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда уюштирилган мазкур тадбирларда маслаҳатчилар фаолият йўналишларига доир вазифаларни янада самарали йўлга қўйиш, илғор иш услубларини ўрганиш ва амалиётда қўллаш борасидаги билимларини мустаҳкамлаб, ўзаро билим ҳамда тажриба алмашишди.

Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган семинарда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда маслаҳатчиларнинг ўрни ва ролини ошириш, фуқаролар йиғинлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича жамоатчилик комиссиялари, профилактика инспекторлари билан ҳамкорликни кучайтириш, ёш авлодни соғлом ҳамда баркамол этиб тарбиялаш, уларни ёт ва бузғунчи ғоялардан асраш, қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа вазифаларни самарали бажаришда ваколатли давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари билан ижтимоий шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

— Семинарда дунёнинг айрим минтақаларида турли қарама-қаршиликлар ҳамда можаролар кучайиб бораётганидан хулоса чиқариб, уларнинг жамиятимизга кириб келишининг олдини олиш, ёшларни ёт ва бузғунчи ғоялардан ҳимоялаш, онгу шуурига Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга эҳтиром туйғуларини чуқур сингдириш, мафкуравий иммунитетини кучайтириш масалалари кенг муҳокама этилди, — дейди Шаҳрисабз туманидаги Наврўз маҳалласи маслаҳатчиси Соҳиба Пардаева. — Албатта, бу зиммамизга янада катта масъулият юклайди. Тадбирда ўз фаолиятимизга бугунги кун талабларидан келиб чиқиб янгича ёндашишимиз, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни спортга кенг жалб қилиш, оила, никоҳ муносабатларини тартибга солишга оид аниқ чора-тадбирлар кўришимиз мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Сурхондарё вилоятида фаолият кўрсатаётган 684 нафар маслаҳатчи томонидан ўтган йили 527 мингга яқин оила, жумладан, 146 мингдан зиёд ёш оиланинг ижтимоий-маънавий муҳити ўрганиб чиқилди. Тиббиёт муассасалари вакиллари билан ҳамкорликда оила қуриш арафасидаги ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича 3085 та тарғибот тадбири ташкил қилинди ҳамда 7195 та ёш оиланинг тиббий кўрикдан ўтишига яқиндан кўмаклашилди.

Семинарда амалга оширилган ушбу ишларни эътироф этиш билан бир қаторда, маслаҳатчилар олдида турган вазифаларга ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.

— Бугунги давр маҳалла маслаҳатчилари ва фаолларидан янада ташаббускорлик, фидойиликни талаб қилади, — дейди Денов туманидаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Тошбиби Бойматова. — Чунки мустаҳкам иродали, қатъиятли, ўз мустақил фикрига эга ёшларни тарбиялаш ана шу омилларга бевосита боғлиқдир. Шу боис ушбу устувор вазифадан келиб чиқиб, биз маҳалламизда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини тизимли йўлга қўйганмиз. Ёшлар билан учрашувлар, давра суҳбатларини мунтазам ташкил қилаяпмиз. Тиббиёт ходимлари билан ёш оилалар иштирокида уюштирилаётган суҳбатлар ҳам яхши самара бермоқда. Эътиборлиси, тадбир давомида биз, маслаҳатчиларни ўйлантираётган муаммолар мутасаддилар иштирокида ўз ечимини топаётир. Бу каби семинар машғулотлари зиммамиздаги вазифаларни масъулият билан бажаришимизга яқиндан кўмак бериши, шубҳасиз.

Наманган вилоятида ўтказилган семинарда таъкидланганидек, 2015 йили маслаҳатчилар томонидан фуқаролар йиғинларида 26 мингга яқин маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Бунда, айниқса, қизларни оилавий турмушга тайёрлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш мақсадида “Оилавий қадриятлар”, “Оила ва саломатлик”, “Сиз оила бўсағасида”, “Оила ва никоҳ муқаддас” мавзуларида таълим муассасалари билан ҳамкорликда уюштирилган 21 мингдан зиёд тарғибот тадбирларининг самараси катта бўлаяпти. Шунингдек, оилалар ўртасида ажралишлар олдини олиш, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари тўғрисидаги тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида 800 дан кўпроқ оилалардаги турли низоли ҳолатлар барҳам топишига кўмаклашилди.

— Маҳалламиз хонадонларидаги муҳит билан доимо яқиндан танишиб борамиз, — дейди Наманган шаҳридаги “Илғор” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Саодат Юсупова. — Оилалар билан тизимли равишда иш олиб борилгани, қолаверса, жамоатчилик асосида фаолият юритувчи комиссиялар билан мустаҳкам алоқа ўрнатганимиз сабабли яхши натижаларга эришаяпмиз. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида улар тўгараклар, спорт тадбирларига кенг жалб қилинаётгани ҳам ўз самарасини бермоқда. Ўқув-семинарида буни янада чуқур англаб, аҳоли, хусусан, ёшлар онгида соғлом мафкуравий иммунитетни янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни белгилаб олдик.

Семинарда фуқаролар йиғинларида ташкил этилган яраштириш, вояга етмаганлар, хотин-қизлар билан ишлаш, ёшлар ва спорт, маънавият масалалари бўйича комиссиялар фаолияти самарадорлигини ошириш, ушбу жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорликни кучайтириш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

— Маҳалламизда 510 та оила, жами икки минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Дўрман” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси, “Шуҳрат” медали соҳиби Саломат Комилова. — Фаолиятимиз давомида аҳоли, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратиб келаяпмиз. Айни пайтда маҳалламизда 50 нафар хотин-қиз ҳунармандчилик билан шуғулланиб, рўзғорига фойда келтирмоқда. Шу билан бирга, кўплаб ёшларимиз моҳир ҳунармандларга бириктирилган. Тадбирда биз, маслаҳатчилар жойларда ушбу йўналишларда тўпланган тажрибаларни ҳам атрофлича ўргандик.

Семинарда шу каби қатор йўналишларда бажарилган ишлар муфассал таҳлил қилинди, маслаҳатчиларнинг касб-маҳоратини янги босқичга кўтаришга оид таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Навоий шаҳридаги ўқув-семинарида ютуқлар эътироф этилган ҳолда, маслаҳатчилар олдида турган устувор вазифаларга тўхталиб ўтилди. Машғулотлар пайтида маслаҳатчилар ва йиғинлардаги хотин-қизлар билан ишлаш комиссияларининг ҳамкорлигини такомиллаштириш, халқимизнинг миллий ҳамда маънавий қадриятлари, маданияти ҳамда урф-одатларига мутлақо зид бўлган ғоялар тарқалишининг олдини олиш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш каби мавзулар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.

— Маҳалламизда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, маҳалла ёшларини турли ижодий ва спорт тўгаракларига кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратаяпмиз, — дейди Навоий шаҳрининг “Ишонч” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Феруза Ҳасанова. — Мазкур ўқув-семинар фаолиятимизда эътибор қаратишимиз зарур бўлган долзарб масалалар бўйича ўзаро тажриба алмашиш имконини яратди.

Умуман айтганда, маҳалла маслаҳатчилари учун республикамизнинг барча туман ҳамда шаҳарларида ташкил қилинган ўқув-семинарлари барқарорлик ҳамда хавфсизликка таҳдид солаётган турли ёт ва бузғунчи ғояларнинг, ғаразли уринишларнинг мақсадини янада теран англаб, маънавий-маърифий аҳамиятга эга тарғибот ишларини кенгайтиришга, фаолият самарадорлигини юксалтиришга туртки бўлади. Зеро, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, пировардида соғлом ҳамда баркамол авлодни тарбиялаш эзгу мақсадларимиздан биридир.

«Халқ сўзи» мухбирлари

хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn