Йўл ҳаракати қоидаларидаги ўзгаришлар
  • 02 Март 2016

Йўл ҳаракати қоидаларидаги ўзгаришлар

йўловчи ва ҳайдовчилар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади

Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доимий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, соҳага тааллуқли ҳуқуқий ҳужжатлар, мавжуд тартиб-қоидалар давр талабидан келиб чиққан ҳолда, такомиллаштириб борилаётгани йўл-транспорт ҳодисаларининг камайишида, пировардида инсон саломатлиги ва ҳаётини сақлашда муҳим омил бўлаётир.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидалари амалга киритилди. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Холматжон САЙДАЛИЕВ мухбиримизга ундаги муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар хусусида қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Маълумки, ҳаракат хавфсизлиги самарадорлигини юксалтиришда Йўл ҳаракати қоидаларининг ўрни беқиёсдир. Шу сабабли қоидалар доимий ва узлуксиз, маҳаллий шарт-шароит, соҳада орттирилган тажрибалар асосида такомиллаштириб борилади. Янги қабул қилинган Йўл ҳаракати қоидалари ҳам мазкур мақсадларни кўзда тутган ҳолда тайёрланган бўлиб, унга 15 та қўшимча киритилган. Бундан ташқари, бир қанча ўзгаришлар амалга оширилди. Айрим атамалар ҳамда тушунчалар янада ойдинлаштирилди. Масалан, аввалги Йўл ҳаракати қоидалари (ЙҲҚ)да “автопоезд” деган сўз кўп эслатиб ўтилган. Унинг таниқлик белгиси ҳам бор. Шу сабабли унинг умумий қисмига “автопоезд” атамаси киритилиб, тушунчаси ёритиб берилди. Унга тортувчи автомобиль ва яримтиркама ёки автомобиль прицеп(лар)ининг қўшилган таркиби кириши белгилаб қўйилди.

Шунингдек, олдинги қоидаларда “мотоцикл” атамасига “кажавали ёки кажавасиз икки ғилдиракли механик транспорт воситаси. Юкланадиган ҳолатдаги вазни 400 килограммдан ошмайдиган уч ғилдиракли механик транспорт воситалари ҳам мотоциклларга тенглаштирилади”, дея берилган изоҳ бугунги кун талабига тўлиқ жавоб бера олмай қолди. Чунки эндиликда техника тараққиёти натижасида автомобиль йўлларида “мотоцикл” атамаси билан аталмайдиган, аммо айнан шу туркумга мансуб бўлган икки, уч ва тўрт ғилдиракли механик воситалар, яъни замонавий квадроцикллар, скутер ва электр скутерлар кўпайиб бормоқда. Ўз-ўзидан равшанки, улар томонидан ҳам йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари учрайди. Шу боис “мотоцикл” тушунчаси кенгайтирилиб, двигатель иш ҳажми 50 см3 дан юқори, тезлиги соатига 50 километрдан ортиқ скутер, электр скутер ҳамда квадроцикллар мазкур атамага киритилди. Эндиликда санаб ўтилган транспорт воситалари ҳам мотоцикл сифатида рўйхатга олинади ва уларга давлат рақам белгилари ажратилади. Бундай турдаги транспорт воситасини бошқарадиган ҳайдовчилар “А” тоифадаги ҳуқуқни берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлишлари шарт. Ваҳолонки, шу пайтгача жорий транспорт воситаларини давлат рақам белгисисиз ва ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқариш мумкин эди.

Юқорида қайд этганимиздек, аввалги Йўл ҳаракати қоидаларида баъзи бир иборалар ўзининг тўлиқ ифодасини топмаганди. “Йўл марзаси”, яъни йўл ёқаси бунга мисол бўлади. Мазкур ибора қоидаларда кўп учрайди. Аммо у атамалар бобида кўрсатилмаган. Шундан уни ҳар ким ўзича тушунар эди. Янги қоидада бу камчилик бартараф этилди. “Йўл марзаси — ҳаракатланиш бўлаги билан бир сатҳда жойлашган бўлиб, ундан йўлнинг ўртасида чизилган (1.1) чизиқ билан ажратилган ёки бошқа қоплама ётқизилган, транспорт ҳаракати, тўхташи, тўхтаб туриши учун мўжалланган йўл элементи”, деб белгилаб қўйилди.

Албатта, транспорт воситаларида ташилаётган йўловчилар, айниқса, болалар хавфсизлигини таъминлаш ниҳоятда масъулиятлидир. Шу боис янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларидан “Болалар гуруҳини ташкилий ташиш” атамаси ҳам ўрин олди. Унга кўра, саккиз нафар ва ундан ортиқ болаларни автобусда ташиш (йўналишли транспорт воситалари бундан мустасно) болаларни ташкилий ташишга киради. Ўйлаймизки, мазкур тушунча ўғил-қизларни ташиш ишларини ташкиллаштираётган мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасалари, коллежлар, лицейлар, Меҳрибонлик уйлари раҳбарлари зиммасига катта масъулият юклайди.

Йўл ҳаракати қоидаларини диққат билан ўқиганлар билишадики, унда “ҳақиқий вазн” ибораси кўп учрайди. Бу, асосан, транспортга оид меъёрлар ва давлат стандартларида қўлланилади. Шунинг учун қоидаларга транспорт воситасининг ҳақиқий вазнини (факт бўйича) белгилаш мақсадида “ҳақиқий вазн” атамаси киритилди. Демак, “ҳақиқий вазн” деганда биз транспорт воситасининг юки, ҳайдовчиси ва йўловчиси билан биргаликдаги вазнини тушунамиз. Бу йўлларнинг оғирлик кўтариш имкониятига қараб транспорт воситаларининг йўналишларини белгилашда муҳимдир.

Бундан ташқари, кейинги йилларда йўл-патруль хизмати фаолиятида йўл ҳаракати доирасидаги ҳуқуқбузарликларни автоматик тарзда аниқлаш амалиёти кенг қўлланилаётгани барчамизга яхши маълум. Пировардида “фото ва видео қайд этиш” ибораси йўл ҳаракати қоидасида ўз аксини топиб, маъмурий ҳужжатларда ифодаланмоқда.

Шу билан бирга, ҳайдовчиларни огоҳлантириш учун “фото ва видео қайд этиш” ахборот-ишора белгиси ҳам жорий қилинди. Киритилган бу янгиликнинг долзарблиги Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати хавфсизлигини компьютерлаштирилган бошқарув тизими ишга туширилиши билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Ҳозир бу янгилик он-лайн тизимида фаолият юритаяпти.

Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларида ҳайдовчиларга бир қатор муҳим мажбуриятлар ҳам юклатилган. Мисол учун, эндиликда ҳайдовчи ҳаракатни бошлашдан олдин йўловчиларни ҳаракат вақтида танани (қўлни чиқариш бунга кирмайди) автомобиль салонидан ташқарига чиқариш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантириши шарт.

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида киритилган янгиликлардан яна бири — қоронғида, айниқса, ёритилмаган жойларда транспорт воситаси носозлик туфайли тўхтаб қолса, ҳайдовчи машинасини таъмирлаш билан банд бўлганда, нур қайтарувчи махсус нимчаларни кийиб олиш мажбурияти юклатилганидир. Бундан буёғига ҳар бир транспорт воситасида тиббиёт қутичаси, ёнғин ўчиргич, мажбурий тўхтаганни билдирувчи белги билан биргаликда нур қайтарувчи махсус нимчалар ҳам бўлиши лозим. Бу ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашда жуда катта аҳамиятга эга.

Сўнгги вақтларда кўпчиликни ташвишлантираётган, йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқараётган, умуман, ҳаракатланиш хавфсизлигига жиддий рахна солаётган яна бир муаммо бор эди. Гап йўлда ҳаракатланаётган пиёдаларнинг мобиль телефондан, планшетлардан фойдаланишлари, қулоқларига турли мосламаларни тақиб олиб гаплашишлари, мусиқа эшитиши ва ҳатто кино кўришлари ҳақида кетмоқда. Бу салбий ҳолат, айниқса, мактаб, лицей ҳамда коллеж ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари орасида кўп учрайди. Шу каби ҳолатларни инобатга олган ҳолда тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 19-бандида пиёдаларга йўлда юрганда, пиёдалар учун ажратилган жойлардан ўтаётганда, хаёлни чалғитувчи нарсалардан, жумладан, телефон, планшетлардан фойдаланиш, видео кўриш, газета, журнал ва китоб ўқиш ман этилди.

Янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларида тезлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу бежиз эмас. Чунки белгиланган тезлик талаблари бузилиши оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқариши мумкин. Масаланинг мана шу томонлари ҳамда тегишли мутахассисларнинг мулоҳазалари инобатга олинган ҳолда, тураржой даҳаларида транспорт ҳаракатини тартибга солиб, кўп қаватли уйлар орасида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш учун юқори тезлик соатига 30 километр қилиб белгилаб қўйилди. Бундан ташқари, худди шу банд билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ДЙҲХХ билан келишган ҳолда, агар йўлнинг ҳолати тезликни оширишга имкон яратса, айрим жойларда ёки йўл бўлакларида баъзи транспорт воситаларига белгиланган тезликни ошириш учун рухсат этиш ваколати берилди.

Транспорт воситалари куннинг ёруғ вақтида ҳам чироқларини ёқиб юрса, кўпчиликнинг эътиборини тортади. Янги таҳрирдаги қоидаларда шу жиҳат ҳам инобатга олиниб, ташкилий равишда одам олиб кетаётган, йўловчиларни ташиётган автобуслар, микроавтобуслар, шунингдек, мотоцикл ва мопедлар хавфсизликни таъминлаш чораларини кучайтириш учун куннинг ёруғ пайтида ҳаракатланаётганда ҳам яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб юришлари шарт, деб белгиланди.

Бундан ташқари, ЙҲҚнинг транспорт воситалари бошқарувчиларининг ёшини белгиловчи 149-банди ҳайдовчиларни тайёрлаш тўғрисидаги Низом талабларига мос равишда янги таҳрирда берилди. Демак, қоидаларга асосан, “А” тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқиётганлар ўқишни битириш вақтида камида 16 ёшда, “В” ва “С” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқиётганлар ўқишни битириш вақтида камида 18 ёшда, “D” ва трамвай, троллейбусни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга ўқиётганлар ўқишни битириш вақтида камида 21 ёшда бўлиши керак.

Шунингдек, юқорида таъкидлаганимиздек, ЙҲҚнинг 1-иловасидаги ахборот-ишора белгилари банди “Фото ва видео қайд этиш” (5.41) йўл белгиси билан тўлдирилди. Унинг 7.19-бандида ушбу белги ҳаракат иштирокчиларининг ҳолати техник воситалар орқали видео-фото тасвирга туширилиб қайд этилаётганлигини билдириши, бу белги огоҳлантирувчи, имтиёз, тақиқловчи, буюрувчи ва ахборот-ишора белгилари билан бирга қўлланилиши кўрсатиб ўтилди.

Умуман олганда, янги қабул қилинган қоидалар, аввало, ҳаракат иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган. Унинг талабларини сўзсиз бажариш эса аҳоли саломатлиги ва ҳаёти муҳофазасини кучайтиришга хизмат қилади.

«Халқ сўзи» мухбири

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Сифатли ва тежамкор Баркамол авлод тарбияси »