Сифатли ва тежамкор
  • 02 Март 2016

Сифатли ва тежамкор

Замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ана шу жиҳати билан истеъмолчилар эътиборига тушмоқда.

Ишлаб чиқаришни техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, ички имконият ҳамда захиралардан оқилона фойдаланиш, иқтисодиётда чуқур таркибий ўзгаришларни изчил давом эттириш асосий вазифа қилиб белгиланган. Ана шу талаб асосида саноат тармоқлари модернизация ва диверсификация қилинаётгани халқаро стандартларга жавоб берадиган, ички ҳамда ташқи бозорда харидоргир бўлган юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш имконини яратаяпти. Қолаверса, кўплаб янги иш ўринлари ташкил этилиб, аҳоли бандлиги таъминланиши, уларнинг даромади ошишида муҳим омил бўлаётир. 

Бу борадаги ислоҳотлар Хоразм вилоятида ҳам ўз самарасини бериб, муайян ютуқларга эришилмоқда. Ҳудудда 2015 йилда 2,4 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 2012 йилдагига нисбатан 2,1 баравар ўсишга эришилгани, аввалги йилдагига қиёслаганда эса 3,3 карра кўп, яъни 45,7 миллион АҚШ долларилик маҳсулотлар экспорт қилингани бунинг яққол тасдиғидир. 

Албатта, бундай  юқори натижага эришишда қулай сармоявий муҳит яратилиб, 117 миллиард сўм миқдорида, шу жумладан, 5,5 миллиард сўмлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилгани мустаҳкам пойдевор бўлди. Сабаби, ҳудуд иқтисодиётига киритилаётган маблағлар янги қувватларни ишга тушириш, мавжудлари фаолиятини кенгайтириш орқали саноат салоҳиятини оширишга йўналтирилаяпти. 

Қўшкўпир туманидаги “Қўшкўпир агро инвест” масъулияти чекланган жамияти фаолияти тизимда рўй бераётган ижобий ўзгаришларга мисол бўла олади. Ўтган йили иш бошлаган мазкур корхонада замонавий технологиялар асосида импорт ўрнини босувчи, экологик  хавфсиз ва тежамкор диодли ёруғлик лампалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 

Бу ерда меҳнат қилаётганларнинг аксарияти ёшлардир. Интилувчан, ғайрат-шижоатли йигит-қизлар меҳнати билан 2015 йилнинг ўзида 3 вольтдан 12 вольтгача бўлган 1 миллион дона ёруғлик лампаси тайёрланиб, буюртмачиларга етказиб берилди.  

Таъкидлаш керакки, корхона маҳсулотларига талаб кун сайин ортмоқда. Чунки улар анъанавий лампаларга нисбатан 10 — 20 мартагача кам энергия сарфлайди, қолаверса, фойдаланиш муддати узоқ — 30 йил. Шу маънода, у нафақат электр энергиясини, балки истеъмолчи маблағини ҳам тежайди. 

— Ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириш, маҳсулот таннархини янада арзонлаштиришга алоҳида эътибор қаратаяпмиз, — дейди корхона раҳбари Жасур Аҳмедов.  — Шу боис буюртмалар кўпайиб, даромадимиз ҳам ортмоқда. Айни пайтда маҳсулотимиздан аҳоли хонадонларидан ташқари, халқ хўжалигининг барча тармоғида кенг фойдаланилаяпти. Келгусида кўча ва сайилгоҳлар учун тежамкор лампалар тайёрлашни йўлга қўймоқчимиз. 

Жорий йилда корхонанинг тўлиқ қувват билан ишлашига эришиш, жамоа аъзолари сонини 60 нафарга етказиш мўлжалланмоқда. Бу йил давомида 3 миллион дона маҳсулот тайёрланиб, аҳоли ва саноат корхоналарининг экологик хавфсиз ҳамда тежамкор лампаларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш имконияти яратилади, деганидир.

 

Ойбек РАҲИМОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn