Кўркам қиёфа, қулай инфратузилма
  • 02 Март 2016

Кўркам қиёфа, қулай инфратузилма

Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Тошбозорсавдо” уюшмаси билан ҳамкорликда жорий йилда пойтахт бозорларида олиб бориладиган қурилиш ва реконструкция ишларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, аҳоли турмуш тарзи, маданияти, урф-одатлари ҳақида энг холис тасаввур, аввало, бозорларда шаклланади. Шу боис юртимизда кейинги йилларда бундай масканларни обод қилиш, сотувчи ҳамда харидорларга қулайлик яратиш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Айни пайтда уюшма тизимида 12 та деҳқон бозори,  битта қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори, 2 та ихтисослаштирилган бозор ҳамда 6 та савдо мажмуаси мавжуд бўлса, уларнинг барчаси босқичма-босқич замон талабларига мослаштирилаётир.

Уюшма раиси Соҳибжон Неъматуллаевнинг айтишича, сўнгги етти йил мобайнида бозорларни ривожлантириш ва такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шарт-шароитларни янада яхшилаш мақсадида 63,8 миллиард сўмлик қурилиш ҳамда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Йигирмадан ортиқ янги ускуналар билан жиҳозланган савдо павильонлари ва мажмуалар барпо қилинди.

Мазкур жараён изчил давом эттирилаяпти. Жорий йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори, “Авиасозлар”, “Наврўз”, “Сергели”, “Юнусобод”, “Олой” ва “Миробод” деҳқон бозорларида бунёдкорлик ишлари бажарилади. Хусусан, “Олой” бозори павильонлари таъмирланса, “Миробод” бозорининг ташқи кўриниши бугунги кун талабларига мослаштирилади. Ушбу йўналишдаги барча қурилиш-таъмирлаш тадбирларига жами 52 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланиши кўзда тутилган. 

Бу саъй-ҳаракатлар пировардида сотувчи ва харидорлар учун бирдек қулайлик яратиши баробарида, савдо маданияти янада юксалишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Д. ЖУМАБОЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn