Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ГРАНТ ОЛИШ УЧУН ТАНЛОВ ЭЪЛОН ҚИЛАДИ
  • 03 Апрель 2014

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ГРАНТ ОЛИШ УЧУН ТАНЛОВ ЭЪЛОН ҚИЛАДИ

Танлов мавзуси: “Мустақил оммавий ахборот воситалари томонидан демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнларини кенг ёритишга, соғлом турмуш тарзини, айниқса, ёшлар орасида тарғиб қилишга, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтиришга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш”.

Танловга Ўзбекистон Республикасининг НТТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қуйидаги йўналишлардаги лойиҳалари кўриб чиқиш учун қабул қилинади:
— баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган давлат дастурларининг амалга оширилишини ёритишда ҳудудий нодавлат ОАВнинг фаол иштирокини таъминлаш;
— “Соғлом оила — соғлом бола”, “Маънавият оиладан бошланади” шиори остида хотин-қизлар саломатлигини яхшилашга қаратилган оилавий қадриятларни, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш;
— ОАВда тегишли материалларни чоп этиш орқали ёш оилаларга маънавий етук, жисмонан соғлом баркамол авлодни тарбиялашга кўмаклашиш;
— болалар ва ёшларда эстетик, маънавий ва ахлоқий қадриятларни ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга ОАВ орқали ижобий таъсир кўрсатиш;
— ёшларни ўзбек халқининг юксак маънавияти, миллий маданияти, бой тарихи ва оилавий анъаналари руҳида тарбиялаш;
— жамоатчиликни давлат ҳокимияти органлари фаолияти ҳақида хабардор қилиш, аҳолини улар томонидан, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларига тааллуқли қабул қилинаётган қарорлар тўғрисидаги ахборотдан кенг фойдаланишини таъминлаш;
— аҳолининг экологик ва тиббий маданиятини юксалтириш, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш        тарзини тарғиб қилишда ОАВнинг ролини кучайтириш;
— ота-она қаровисиз қолган, шунингдек, имконияти чекланган болалар муаммолари бўйича ижтимоий реклама, махсус телекўрсатув, радиоэшиттиришлар, мақолалар тайёрлаш, эфирга узатиш, чоп этиш;
— аҳоли, авваламбор, ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш, улар ўртасида маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш, мустақил фикрлашни шакллантиришга кўмаклашиш;
— давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан нодавлат ОАВ томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга, аҳолининг ҳуқуқий маданияти, билими ва онгини юксалтиришга кўмаклашиш;
— ОАВ материалларининг ғоявий ва бадиий даражасини изчил ошириш;
— миллий ахборот маконини кенгайтириш мақсадида интернет-журналистикани ривожлантиришга кўмаклашиш ва контент сифатини юксалтириш;
— соғлом болани тарбиялашга қаратилган «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг мазмун-моҳиятини, унинг ҳаётга татбиқ этилишини кенг ёритиш.
Танловда қатнашиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди номига лойиҳа талабномаси тақдим этилаётганлиги ҳақида кузатув хати.
2. Жамоат фондининг www.new.fundngo.uz сайтида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган грант лойиҳасининг аризаси.
3. Ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, агар лойиҳа доирасида лицензияланган фаолият олиб борилса, лицензия нусхаси.
4. Низом нусхаси (ташкилот муҳри билан тасдиқланган ўзгариш ва қўшимчалар билан), шунингдек, манфаатдор давлат ва жамоат ташкилотларининг мазкур лойиҳани  қўллаб-қувватлаш борасидаги тақдимнома ёки хати илова қилиниши мумкин.
Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант миқдори — 15 млн. сўмгача, ННТ, ОАВларнинг ўз маблағлари жалб этилиши қўллаб-қувватланади.
Ҳужжатлар 2014 йил 26 мартдан 28 апрелгача ҳар куни соат 9-30 дан 18-00 гача қабул қилинади. Шанба ва якшанба кунлари бундан мустасно.
Танловда давлат рўйхатидан ўтган ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирок этишлари мумкин.
Танлов бўйича ҳужжатлар муҳрланган конвертда (А4 формат): Тошкент шаҳри, 100035, Бунёдкор шоҳкўчаси, 1-уй манзилида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди номига юборилиши шарт.
Танловда иштирок этиш шартлари ва танлов ҳужжатларининг намуналари билан Жамоат фондининг www.new.fundngo.uz расмий сайтида танишиш мумкин.
Маълумот учун тел.: (8-371) 239-26-76, 239-26-64.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn