Оқила, фидойи, ташаббускор
  • 01 Март 2016

Оқила, фидойи, ташаббускор

Юртимизда оқила, ораста, ишбилармон ва тадбиркор аёллар ҳар бир соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бинобарин, Президентимиз раҳнамолигида жамиятда хотин-қизларнинг мавқеи ва ролини юксалтириш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий фаоллигини ошириш, умуман, ҳаётнинг барча жабҳасини модернизация қилишдаги иштирокини кенгайтириш учун муносиб шарт-шароит яратилган.

Қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар ҳамда махсус дастурларда хотин-қизлар, айниқса, қишлоқ аёлларига муносиб турмуш шароитини яратишга, опа-сингилларимизнинг рўзғор ишини енгиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Бундай ғамхўрлик уларни руҳлантирибгина қолмай, ташаббус кўрсатишга, жумладан, қандолатчилик, “Гўзаллик салонлари”, тикувчилик ва маиший хизматнинг бошқа йўналишларини ташкил қилишга ундамоқда. 

Аёлларнинг ҳунармандчилик соҳасидаги интилишлари, айниқса, миллий каштачиликнинг “ироқи”, “попоп”, “йўрма”,  “тўлдирма” турларидаги маҳсулотлари, шунингдек, табиий бўёқларда тўқиладиган “араби”, “ғажари”, “жунхурс” каби гиламлари нафақат юртимиз аҳолиси, балки чет эллик меҳмонларга ҳам манзур бўлаяпти. Масалан, Шаҳрисабз туманидаги Юлдуз Мамадиёрова, Гулнора Чориева, Саодат Низомова, Чироқчи туманидан Салтанат Қўлдошева ўз қўллари билан тайёрлаётган буюмлари орқали ўзбекона урф-одат, қадриятларимиз ва анъаналаримизни бутун дунёга намойиш қилмоқда. Шуниси муҳимки, улар талаб ва эҳтиёжни ўрганиб, маҳсулотларини замонавий технологиялар ёрдамида юқори сифат даражасида тайёрлашга интилишаяпти. 

Ҳунармандчилик миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Бир пайтлар уста-ҳунармандлар ўзи яратган буюмларни сотиш, намойиш этишда турли тўсиқларга учраган бўлса, бугун ҳар бир туман ва шаҳарда марказлар, бозорлар ҳамда савдо мажмуаларида улар учун махсус савдо расталари ажратилган. Қашқадарё вилоятида ҳам ушбу соҳа жадал ривожланиб, ҳунармандлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Халқимизнинг бетакрор ҳунармандчилик анъаналари маҳоратли ва зукко ёшларимиз томонидан муносиб давом эттирилаётир. Шу мақсадда жойларда “Уста — шогирд” мактаблари ташкил этилиб, ёшлар кўплаб ҳунар сирларини ўрганаётгани фикримиз далилидир.

Айни пайтда ҳудудимизда фаолият юритаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қарийб 20 фоизи аёл тадбиркорлар ташаббуси билан тузилган.

Бу кўрсаткич ҳар йили ўсиб бораётгани кишини қувонтиради, албатта. Чунончи, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Қашқадарё вилояти бўлими томонидан ишбилармон опа-сингилларимиз қўллаб-қувватланиб, моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда. 

Ўтган йили уюшмамиз саъй-ҳаракати билан жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари, маҳаллалар ҳамкорлигида ўқув-семинарлар ташкил қилинди. Унда қандолатчилик, тикувчилик, элита пардаларини моделлаштириш, қуроқчилик, миллий каштачилик, бизнес асослари, компьютер йўналишларида жами 1900 нафар хотин-қизга касб-ҳунар сирлари ўргатилди, 700 нафарига тадбиркорликка оид маслаҳатлар берилди. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда миллий ҳунармандчилик йўналиши бўйича “Ўзбегим дурдоналари”, “Ҳунарим — фахрим”, “Қўли гулдир ўзбек аёлин” каби танловларни ўтказиш яхши анъанага айланди. Бундан мақсад аёлларимизни тадбиркорликка янада кенгроқ жалб этиш, оилавий бизнесни ривожлантиришдир. 

Буларнинг барчаси давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз хотин-қизларига кўрсатаётган алоҳида ҳурмат ва эътибори самарасидир. Бундай ғамхўрликка жавобан ҳар жабҳада фаол ва ташаббускор бўлиб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшмоғимиз лозим, деб ўйлаймиз.

Ойниса ОЧИЛОВА, 

«Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси

 Қашқадарё  вилояти  бўлими раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn