Ободлик ва фаровонлик боғи
  • 01 Март 2016

Ободлик ва фаровонлик боғи

“Яхши йил — кўкламидан маълум”, дейди доно халқимиз. Дарҳақиқат, шундай. Айниқса, бу йилги баҳор файзли бошланди. Табиатдаги уйғониш, янгиланиш инсон руҳиятига ҳам кўчмоқда: ҳут қуёши заминни қиздириб, деҳқонларни далаларга чорлаган бўлса, боғбонлар қўлига ток қайчисини ҳар доимгидан-да эрта олди. Умуман, юртимиз бўйлаб кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари бошлаб юборилди.

Шу кунларда республикамизнинг қай бир гўшасига борманг, қизғин иш устидан чиқасиз. Юртдошларимиз ташаббус кўрсатиб, маҳалла, тураржойлар ҳудудлари, ариқ ва кўчалар бўйларига мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари, анвойи гуллар ўтқазишаётир. Ариқ-зовурлар тозаланиб, табаррук қадамжолар, қабристонлар тартибга келтирилмоқда. Бу жараёнга барча муносиб ҳисса қўшишга интилаётгани, айниқса, қувонарлидир. 

Президентимизнинг яқинда эълон қилинган “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам деҳқончилик мавсумининг бошланиши, яшариш ва янгиланиш, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш Наврўз фаслида маҳаллаларда, шаҳар ҳамда қишлоқларимизда ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. 

Аслида, кўчат экиб, боғ яратиш — халқимизга хос эзгу фазилат. Миллий удумларимизга кўра, оилада ўғил бола туғилса, унга атаб ниҳол экилади. Фарзанд вояга етгунча, ёш кўчатлар улкан дарахтларга айланган. Жорий — Соғлом она ва бола йилида ушбу эзгу анъана янада кенг кўлам касб этмоқда. 

Гап шундаки, истиқлол туфайли миллатимизнинг қон-қонига сингиб кетган ушбу бебаҳо қадрият қайта тикланиб, янгича маъно-мазмун билан бойимоқда. Натижада аҳоли тураржойлари ва маҳалла-кўй яшилликка бурканиб, янги боғ-роғларга асос солинаяпти. Тобора кенг қамров касб этаётган бунёдкорлик ҳамда ободончилик юмушлари ҳашар орқали бажарилаётгани, диққатга сазовордир. 

Бу йил энг улуғ, энг азиз байрамимиз — мустақиллигимизнинг 25 йиллигини нишонлаймиз. Ушбу қутлуғ айёмни ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида юқори натижалар билан қарши олиш анъанага айланган. Шу маънода, ҳар биримиз истиқлолимизнинг 25 йиллигига атаб, 25 тупдан кўчат экайлик. Бу озод ва обод Ватанимизнинг кўркига кўрк, тароватига тароват қўшсин, ҳар манзилу маконимиз боғу бўстонга айлансин.   

Маҳаллалар, шаҳар ва қишлоқларимизда манзарали ҳамда мевали дарахт кўчатлари, анвойи гуллар экиш тадбирлари айни шу кунларда амалга оширилиши  мақсадга мувофиқдир.  Чунки қуёш ҳамал буржига оғаётган ҳозирги пайтда ўтқазилган ниҳол бехато тутиб кетади. Халқимиз “Ҳамал кирди, амал кирди” дейишининг боиси ҳам шунда. 

Дов-дарахтлар, умуман, ўсимлик дунёси гўзаллик, ризқ-насиба манбаи, айниқса, “яшил дорихона” сифатида ғоятда аҳамиятлидир. Шунинг учун кейинги йилларда ниҳолларни экишда ландшафт дизайнини яратишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Яъни ҳар бир туп дарахт ёки бута теварак-атрофдаги бино ва иншоотлар кўринишига уйғунлашиб, яхлит манзара касб этаяпти. Энг асосийси, у атмосфера ҳавосини тозалаш, шовқин-суронни камайтиришда айни муддао бўлаётир.  

Бугун қадалаётган ниҳоллар, ҳадемай кўкка бўй чўзади. Улар ҳамжиҳатлик, аҳиллик ва яхшиликнинг ифодаси ўлароқ, ҳар биримизга битмас-туганмас завқу шавқ бағишлагай. Албатта, бу эзгулик боғлари халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг юксак намунаси, жадал ривожланаётган мустақил Ватанимиз ободлиги тимсоли сифатида доимо гуркираб, яшнаб туришига ишончимиз комил. 

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn