Янгиланиш ва яшариш рамзи
  • 01 Март 2016

Янгиланиш ва яшариш рамзи

Халқимизнинг эзгу қадриятларини, орзу ва интилишларини ўзида мужассам этган, бебаҳо маданий меросимиз — Наврўзи олам истиқлол туфайли мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барчанинг орзиқиб кутадиган байрамига айланди.

Президентимизнинг 19 февралдаги “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида шарқона янги йилнинг бошланиши, табиат уйғонишининг рамзи, энг ардоқли байрамимиз бўлмиш Наврўзни юксак савияда нишонлашга урғу берилган. Бинобарин, мазкур айём жамиятимизда меҳр-оқибат, бирдамлик, инсонийлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик муҳитини янада мустаҳкамлайди. Айниқса, навқирон авлоднинг миллий анъаналаримизга садоқат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топишида унинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётир.
Наврўзда инсон ва табиат ўртасидаги муносабатлар уйғунлашуви алоҳида ўринга эга. Борлиқ уйғониб, пиру бадавлат кексаларимиз ерга яхши ниятлар ила уруғ қадашган. Ушбу ажойиб байрамга ёппасига тайёргарлик кўрилади. Шаҳару қишлоқлар тозалик, ободончилик ишларидан янада яшнайди. Ҳар тараф байрамона безатилади. Тантаналар файзли дастурхон атрофида, кўча ва хиёбонларда, далаларда сайил тарзида кенг нишонланади. Беморлар, ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олинади. Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди.
Ҳар бир шодиёнанинг ўзига хос шукуҳи бўлганидек, Наврўзда сумалак тайёрлаш қадимий қадриятларимиздан биридир. Бунда, аввало, хонадонларда шукроналик ва эзгу ниятлар билан буғдой уруғи ўстирилади. У униб чиққач,  сумалак пишириш ҳаракатлари бошлаб юборилади. Ёши улуғ кишиларимиз барчани муборакбод этиб, “кўплаб Наврўзларга етказсин”, дея ният қилишади.
Сумалак сайилларида йигит ва қизлар арғимчоқ учадилар. Бу бахт олиб келади, деб ҳисоблашган. Халқ бахшилари достонлардан парчаларни, термаларни ижро қилиб, дилларни хушнуд этадилар. Эл орасида машҳур бўлган кўплаб қўшиқлар, шўх яллалар, айтишув лапарлари ижро этилади. Уларда ватанпарварлик, юртга садоқат, ёвузликка қарши мардонавор кураш, вафодорлик туйғулари куйланади.
Наврўз айёмида сумалак билан бирга дастурхонга палов, кўксомса, кўк солиб пиширилган чучвара, қатлама, гиёҳлардан салат ва шунга ўхшаш кўплаб баҳорий неъматлар тортилади.
Шунингдек, арқон тортиш, тош кўтариш каби беллашувлар ўтказилади. Болалар алоҳида тўпланиб, “кўз бойлағич”, “ошиқ”, “оқ терак”, “чиллак” каби ўйинлар билан машғул бўлишади. Республикамизнинг баъзи вилоятларида ям-яшил адирларда “кўпкари” (улоқ) мусобақаси авж олади.
Наврўз келиши билан мучал йили ҳам бошланади. Мучал йили 21 мартда бошланиб, келгуси йилнинг 20 мартида тугайди. Маълумки, мучал тўйи Наврўз байрамига ҳамоҳанг тарзда ўтказилган. Мазкур тадбир, асосан, фарзанднинг илк мучал ёшида, яъни 12 ёшга тўлганида нишонланган. Бу ёшга тўлган фарзандга кўркам либослар кийдирилади. Болага узоқ умр тилаб, пиру бадавлат отахон-онахонларимиздан дуо олишган. Ушбу маросимнинг энг диққатга сазовор томони шундаки, у фарзанднинг ўсмирлик палласига етганини, ҳаётининг муҳим босқичларидан бири бошланаётганини ифодалаган.
Наврўзимиз ана шундай хурсандчиликларга, орзу-ниятларга бой байрам. Нуроний отахону онахонларимиз шу боис халқимизнинг фаровонлиги ва саломатлиги, юртимизнинг тинчлиги, ободлиги, деҳқончилигимизнинг баракаси, ҳосилимизнинг мўл-кўлчилигини тилаб дуо қилганларида кўнгилларимиз эзгу умидларга тўлиб-тошади.

Зоҳид ЖУМАНИЁЗОВ,
Урганч давлат университети доценти, филология фанлари номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn